№22, 28.05.2015 Маслаҳатчилар ҳаётидан
МАҲАЛЛА - ХАЙРЛИ ИШЛАР БЕШИГИ
Шаҳрихон туманидаги "Аҳмадбек" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳулкарой Тошболтаева маҳалла ишига жонсараклиги, тиниб-тинчимаслиги билан кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлаётган фаол аёллардан биридир.
Маҳаллада 3498 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1781 нафари хотин-қизлардир. Уларнинг ўзига яраша қувончи, муаммолари бор, албатта. Маҳалладошларига кўмаклашиш, керак пайтида моддий ва маънавий ёрдам, маслаҳат бериш зарурлигини Ҳулкарой яхши билади. Шунинг учун ҳам иш бошлаган дастлабки кунлариданоқ маҳалладаги фаол хотин-қизларни ўз атрофига тўплади, ҳамжиҳатликда ишлаш зарурлигини тушунтирди. Ёшлар тарбиясига эътибор қаратди. Айниқса, ободончилик борасидаги ишларга маҳалланинг каттаю кичигини жалб қилди.
Маҳаллада нафақат, ободончилик, балки тадбиркорликни ривожлантириш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, тўй ва бошқа маросимларни ихчам, дабдабасиз ўтказиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида қилинаётган ишлар ҳам кўнгилдагидек.
- Маҳалладаги аксарият ишлар аёлларга боғлиқ, - дейди Ҳулкарой. - Бола тарбиясидан тортиб, тўй-ҳашам, турли тадбир ва маросимларни ўтказишда аёлларнинг роли катта. Ўзингиз биласиз, кейинги пайтларда урф-одатларимизга ноўрин "янгиликлар" қўшилаётганлиги, сеп-сидирғалар сони ортиб бораётганлиги барчани ташвишга солмоқда. Ана шуларнинг олдини олиш мақсадида кўпга гапи ўтадиган кайвони онахонлар, фаол аёллар кўмагида тўй ва маъракаларни ихчамлаштиришга ҳаракат қиляпмиз.
Ҳулкарой Тошболтаева ҳар бир иш самарасида маҳалла фаоллари кўмагини сезади. Бу борада Зуҳрахон Жўраева, Одинахон Раззоқова, Комилахон Ҳамдамова, Муҳаррамхон Ўлмасова, Қудратилло Холиқов, Алишер Зокиров, Икромжон Қодиров, дастурхончилар Оминахон Сиддиқова, Мухтасархон Маназарова, Одинахон Холиқова, отинойилар Майрамхон Жўраева, Офтобхон Мусаевалар ҳамиша маслаҳатчига елкадош. Уларнинг якдилликлари билан маҳаллада ечимини топмаган муаммоларнинг ўзи йўқ.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳмадбек маҳалласини тадбиркор ва фермерлар маҳалласи деб ҳам атайдилар. Маҳаллада учта фермер хўжалиги фаолият юритади, тадбиркорлар ҳам талайгина. Тадбиркор Маъруфжон Эргашев, фермерлар Абдусаттор Зокиров, Зайнобиддин Камолов, Икромжон Мўминов сингари саҳоватпеша инсонлар ҳар қандай ишда маҳалладан ўзларининг моддий кўмагини аямайдилар.
Маҳалла ҳудудида 59- умумтаълим мактаби, 41- мактабгача таълим муассасаси, туман марказий шифохонасига қарашли "Гумбаз" ички касалликлар бўлими, "Аҳмадбек" қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатади, шу билан бирга, бир қатор савдо шохобчалари, учта сартарошхона, 2 та гўшт дўкони ҳам аҳоли хизматида.
Маҳаллада ёш қизларга ҳунар ўргатиш борасида "Устоз-шогирд" анъанаси яхши йўлга қўйилган. Шаҳноза Ғозиева тўқувчилик, Дилфуза Усмонова тикувчилик, Одинахон Усмонова куёв тўнлари тикиш орқали ном чиқарган ҳунармандлардир. Улар кўплаб шогирдларига ўз ҳунарларини ўргатиб келмоқдалар.
Ҳа, маҳалла - катта бир оила. Бу оилада қувонч ҳам, шодлик ҳам, муаммо ҳам бор. Ана шундай пайтларда маҳалла аҳлига маҳалланинг катталари, кайвони онахонлари, Ҳулкарой сингари куюнчак маслаҳатчилари йўл-йўриқлар кўрсатади. Айниқса, маслаҳатчи халқнинг дилидагини билиб, дардига қулоқ тутгувчи, керак бўлганда, маҳалла аҳлини бир оиладек жипслаштира олиши керак. Шундагина у одамлар ҳурматини, эътирофини топа олади. Зиммасидаги вазифани масъулият билан адо этаётган Ҳулкарой ҳам олиб бораётган хайрли ишлари билан маҳалладошлари кўнглидан муносиб жой олган.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|