№23, 04.06.2015 Турмуш чорраҳаларида
"КОМПЬЮТЕР БЎЛИБ ҚОЛСАМ ЭДИ!"
Бу воқеани шаҳар мактабларидан бирида ишлайдиган танишим гапириб берди.
Бир куни ўзим дарс бераётган 4- синф ўқувчиларига "Менинг орзум" мавзусида матн тузиш, келажакда ким бўлмоқчи эканликларини баён этишни топширдим. Ўқувчилар шоша- пиша қоғоз қоралашга тушиб кетишди. Орқа партада ўтирадиган, камсуқумгина Алимардон эса бир нуқтага тикилганча ўй сурар, афтидан қўлига ручка олишни хаёлига ҳам келтирмасди. Шунда унинг ёнига бориб, бирор жойинг оғримаяптими, деб сўрадим. У боши билан йўқ ишорасини қилди.
- Унда нега ҳеч нарса ёзмаяпсан, - сўрадим ундан.
- Ёзаман, - деди у яна ўша ўйчанлик билан.
Унинг кайфиятини кўтариш учун бошини силаб эркалатдим-да, ўртоқларидан қолиб кетмасликни тайинладим.
Ўқувчиларнинг ёзма ишларини кўздан кечираётиб, Алимардоннинг варағини қўлимга олдим. Унда "Компьютер бўлиб қолсам эди" деган жумладан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
Бу ҳол мени таажжубга солди. Дарсдан кейин Алимардонни олиб қолиб гаплашдим.
- Ўғлим, компьютерни яхши кўрасанми?
- Йўқ, жудаям ёмон кўраман.
Боланинг овозида қандайдир алам ва ўкинч бордек эди, назаримда. Шу тобда унга ёрдам кераклигини ҳис этиб, уни ширин сўзлар билан эркаладим. Кутилмаганда у йиғлаб юборди.
-Ўғил бола ҳам йиғлайдими, уят бўлади. Қани дарров дастрўмолингни ол-чи...
Бола бироз ўзини босиб олди.
- Ана энди гапир, нима бўлди?
- Уйимизда бир эмас иккита компьютер бор. Дадам ҳам, аям ҳам кечаю кундуз у билан овора. Мен билан эса ишлари йўқ. Ҳатто, овқатланишда ҳам бир ўзим ўтираман. Улар мендан кўра компьютерни кўпроқ яхши кўришади. Шунинг учун компьютерга айланиб қолгим келади...
Бола шу сўзларни базўр айтиб, яна йиғлаб юборди. Уни юпатиш мушкул эди. Шу куни Алимардонни етаклаб, уларнинг уйларига бордим. Онаси уйда экан. У билан бўлиб ўтган воқеа ҳақида гаплашмоқчи эдим. Минг афсуски, аҳвол бола гапириб бергандан ҳам баттар эди. Аёл боласини яхши кутиб олиш, менинг ташрифим сабабини сўраш ўрнига хўмрайганча "ҳозир" дея ичкарига кириб кетди. Уни тик ҳолатда 10 минутча кутдим.
Шундан сўнг у чиқиб келди-да, "Нима иш қилиб қўйдинг, мараз?" дея боласини ўдағайлашга тушди. Алимардон эса кўзларини пирпиратганча мендан нажот кутарди. Жуда ўнғайсиз аҳволда қолдим. Шу тобда бўлган воқеани айтсам, аёл мен кетгандан сўнг болани калтаклаши турган гап эди. Шунинг учун "Йўлим шу томонга тушовди, сиз билан танишиб кетай дегандим" дедим боланинг ёнида ёлғон гапираётганимдан уялиб. Аёлнинг юзига қон югурди. Уйга таклиф қилди. Мен бу ердан тездагина ортимга қайтдим. Бу воқеага бир ойча бўлди. Алимардонга қандай ёрдам беришни ўйлаб бошим қотган.
"Компьютер бўлиб қолсам эди!"
Бу назаримда ўз яқинларидан меҳр кутаётган мурғак қалбнинг ноласи эди? Нима бўлганда ҳам бу оддий гап эмас. Бу сўзлар ҳар қандай инсонни мушоҳада қилишга ундаши аниқ. Қаранг-а, 10 ёшли бола ўз ота-онасининг меҳридан баҳраманд бўлиш учун буюмга айланиб қолишни истаса? Фарзандга, унинг тарбиясига шу қадар эътиборсиз инсонлар ҳам бўладими? деб ўйларимнинг охирига етолмайман. Наҳотки, айрим кишилар, айниқса, она интернетдаги виртуал ҳаётга боғланиб, унинг "лаззатини" ўз фарзанди тарбияси, қувончидан устун қўйса? Бундай ота-оналардан нимани кутиш мумкин? Аслида бундайлар она деган номга лойиқмикан? Ота-онаси тирик бўла туриб уларнинг меҳрига зор бўлиб ўсаётган бола онгидаги маънавий бўшлиқ ўрнини ёт ғоялар эгалламайди, деб ким кафолат бера олади? Тан олишимиз керак, бугун айрим юртдошларимиз интернет, у орқали кириб келаётган "оммавий маданият" ғоялари таъсирига тушиб қолмоқда. Унга боғланиб қолганлар эса бефарқлик, лоқайдлик ботқоғига ботиб, ўз бурчи ва масъулиятини унутиб қўймоқда.
Олим Абдулла Авлоний: "Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот..." деб ёзганида қанчалар ҳақ эди. Интернет орқали кириб келаётган маънавий хуружларни билим манбаи деб билиб, унга кўр кўрона эргашаётган инсонларнинг ҳаёти қум устига қурилган иморатга ўхшайди. Бу иморат қулаганида эса кеч бўлиши, тузатиб бўлмас асоратлар қолдириши мумкин. Шунинг учун кўзимизни каттароқ очайлик. Бу каби иллатларнинг олдини олайлик. Барча ялтироқ нарсани зар деб билмайлик.
Барнохон ҲАЙДАРОВА.
|