№23, 04.06.2015 Ҳикоя
Ойхон ҚОРАТОШ
ГЎЗАЛ МУҲАББАТНИНГ ГЎЗАЛ ИНТИҲОСИ
Автобус бекатида учрашгандилар илк бора. Бири тиббиёт олий ўқув юртида, бири архитектура институтида ўқирдилар. Ўша илк даъфа учрашганларидан сўнг яна бир бор кўришиш учун айни ўша соатда, ўша бекатдан ўша автобусга чиқардилар.
Ёш эдилар. Бир-бирлари билан гаплашиш, танишишга жасорат қилолмай юрдилар анча вақт. Аслида иккови ҳам автобусга ўтирган ерлари томонда яшамасдилар. Йигит ўша кундан бир кун аввал ўртоғиникида қолгани, қиз эса опасиникида меҳмон бўлгани учун тонгда ўша муҳаббат бекатидан бахт автобусига чиққан эди.
Ҳар куни бир-бирларини кўриш учун тонгда уйларидан чиқиб шаҳарнинг бир бурчагидаги ўша бекатга келишларини кулгулар билан эслардилар кейин. Таҳсилдан сўнг турмуш қурдилар. Ниҳоятда бахтиёр эдилар. Баъзан ишсиз, баъзан пулсиз қолдилар. Аммо бу қийинчиликлар чин муҳаббат тоғи олдида, кесакчалик аҳамиятли эмасди. Барча қийинчиликларни енгиб, бири таниқли шифокор, иккинчиси машҳур меъмор бўлганларида ҳам бахтли эдилар. Замон синовларига дош беролмайдиган, оддий қийинчиликларга енгиладиган, банкда пули қолмаса ёки ҳисобидаги маблағи тугагунига қадар зўрба-зўр яшайдиган севгилардан эмасди уларнинг муҳаббати. Ёшларига ёш қўшилиб, ақллари тўлишган сайин севгилари ҳам улғайди, бир-бирларига бўлган муҳаббатлари-да кучайиб бораверди. Биргина кемтикликлари - фарзандсизликлари йўқ. Кўп даволандилар, фарзанд кўриш истагида зарур муолажаларни қабул қилдилар. Аммо Яратган тирноқ бермади. "Дунёни бир кам дейдилар. Бизнинг ҳамма нарсамиз бор. Демак, фарзандсизлик камимиз экан. Агар дунёдаги барча яхшиликлар ва саодат бизда бўлса, ўта кетган худбин одамларга айланардик" дея ўзларини овутиб, ҳаётларида давом этавердилар. Фарзанд ўрнига муҳаббатларини тарбия этдилар, севгиларини улғайтирдилар.
- Сен учун ўламан! - дерди эркак аёлни бағрига босиб.
- Йўқ, мен сиз учун ўламан! - дерди аёл эркакнинг оқ оралаган сочларини силаганча.
Гоҳида ишдан қайтганида кўзгу олдида бир хатга кўзи тушарди аёлнинг. "Жоним, китоб жавонининг иккинчи қаторига қара..." деган ёзув бўларди унда. У ерда яна бир бошқа номача бўларди: "Айвондаги ўриндиққа қара ва сени қанчалик севишимни ҳеч қачон унутма!" Айвондаги ўриндиқдан, меҳмонхонадаги дивандан муҳаббат изҳорлари битилган мактубларни ўқийвериб, у ёқдан буёққа югурган аёл охирида бирор совға билан сийланарди. Совғанинг нималиги аҳамиятли эмасди, муҳими, жуфтининг эътибори, севгиси ва уни қувонтиришга ҳаракат қилиши...
Ҳаёт нақадар тез ўтмасин, ишлари қанчалик тиғиз бўлмасин, бир-бирлари билан дилдан суҳбалашишга, бир-бирларини хурсанд қилишга вақт топардилар.
Қирқ ёшлардан ошиб, бироз толиққанларини ҳис қилиб, камроқ ишлаб, кўпроқ бирга бўлишга аҳд қилдилар. Эркак шифохонадан - ишдан бўшади ва ҳовлисидаги махсус хонасида беморларни қабул қиладиган бўлди. Аёл ҳам меъморлик идорасини ёпди ва махсус лойиҳаларга уйида буюртма ола бошлади. Энди кўп вақтларини бирга ўтказардилар. Бир куни денгиз соҳилида айланиб юрганларида, аёлнинг кўзи хароб аҳволдаги уйга тушди. Уй олдига "Сотилади" деган ёзув илинган эди.
- Нима дейсиз, шу уйни олсакмикан?- деди эрига. - Бу вайронанинг ўрнига ажойиб бир уй тиклаймиз. Лойиҳасини миямда чизиб улгурдим, ҳатто.
- Сен шуни истасанг, мен йўқ дейманми ҳеч замон? - деди эркак аёлига жавобан. - Америкада бўлиб ўтадиган тиббиёт конгрессидан қайтган заҳотим ер-мулк мутассаддисини топаман. Нархининг аҳамияти йўқ, бу ер бизники бўлади.
Эркакнинг Америкага хизмат сафарига кетиши маълум бўлганди, бир ҳафтани ёлғиз айро ҳолда ўтказишларини ўйлаб, хайрлашишлари қийин бўлди севишганларнинг. Аэропортда кўзларидан дув-дув ёш оқиб қучоқлашдилар. Ҳар куни, ҳар соатда телефон орқали гаплашишар, скайпда кўришардилар. Лекин бир неча кундан кейин аёл эрида авваллари ҳеч кузатилмаган ғалати ҳолатни кузатди. Аввалгидек бахтиёр эмасди эри, ҳатто гаплашишдан ҳам ўзини олиб қочарди. Уни хурсанд қилиш учун соҳил бўйидаги уйни эслатди аёл, аммо ҳеч кутмаган жавобини олди:
- Жоним, оилавий бюджетимизга ҳаддан ортиқ зиён бўлади. Яхшиси, сен ўша уйни унут...
Бахтсизлик бахтиёр кишиларга яна-да оғирроқ, яна-да азоблироқ бўлади. Аёл ўзи севган инсонни танимади, гўёки бир неча кун мусофир юртларда юриб қайтган бу одам унинг севгилиси эмасди.
- Сиз учун ўлимга ҳам тайёрман, биласиз, нима бўлганини тушунтиринг менга! - Кўнглидагини айтиши учун эрига ёлворда аёл. Жавоб йўқ эди. Йиллар бўйи севган, уни авайлаган одами ўрнига гўё бошқаси келган эди.
Бунинг асл моҳиятига етиш учун ўзини ҳар томонга урарди аёл. Ҳар гал бетон деворни муштлаб, йиғлаганида юраги қонарди. Бир куни бутун ҳаёти давомида бир онга ҳам айрилмаган дугонасига кўнгил ёрди.
- Бошқа чидаёлмайман, сенга айтишим керак ҳаммасини!
Шунда дугонаси.
- У сени алдаб юрибди", - деди. - Иш жойига яқин бир ресторанда бир аёл билан ҳар куни туш вақти овқатланади. Кейин бир-бирларини ялаб-юлқаб машинага ўтирадилар...
- Бўлди, жим, жим! Бу ёлғонларни эшитишни истамайман! У ўлса ўладики, ҳеч қачон менга хиёнат қилмайди! - дея бақирди аёл дугонасига. Бир неча йиллик дугонасини ёлғончиликда, турмушини бузишга уринишда айблади. Эртаси куни пешин вақти ўша рестораннинг бир бурчагида атрофни кузатиб турди ва муҳаббат эртакларининг ёлғонлигини англади. Бир пайтлари эри ишлаган шифохонада ишлайдиган болалар шифокорини таниди. Эри у аёл билан анча яқинлигини, ҳатто кулиб-суйиб гапираётганини кўрди.
Кечки пайт эри уйга келган заҳоти хиёнаткор эканини айтиб дод солди аёл. Эридан изоҳ сўради кўрганларига. Эркак ҳам инкор этмади. Аксинча, аёлига узрхоҳлик билан вақт ўтгач, туйғулар ҳам ўзгаришини, инсон ўрта ёшида ақли тўлишиб, муҳаббатга бошқача кўз билан қарашини, у ҳам шу ҳолатни бошдан кечириб, бошқа аёлни севиб қолганини айтиб нарсаларини йиғиштирди ва уйдан кетишга ҳозирланди. Эшикдан чиқаётиб:
- Охирги маротаба сени бағримга босишни истайман, - деганди, аёл қаҳр-ғазаб билан "Йўқол кўзимдан, мунофиқ!"- дея ҳайқирди...
Ноёб муҳаббатнинг бу тарзда ниҳоя топганига ишонгиси келмасди ҳеч кимнинг. Дўст-яқинларининг кўмаги билан қаддини тик тутишга уринди аёл.
Эркак янги севгилиси билан Америкага кетгани ҳақида хабар тарқалди. Ёлғиз қолган чоғларида эрини ҳануз кучли муҳаббат билан севадиган аёл йиғлай-йиғлай кўз ёшларига ғарқ бўларди. Муҳаббати ўрнига севгиси каби кучли нафрат пайдо бўлмаслигини истаб, Аллоҳга илтижолар қиларди. Орадан йиллар ўтди. Ҳар қандай оғриққа даво дейилган вақт аёлнинг дардига малҳам бўлолмади.
Бир куни эрта тонгда эшик қўнғироғи чалинди. Эшикни очиб ҳайратдан тош қотди: остонада эри ундан афзал кўрган ўша аёл турарди.
- Сен бу ерга қайси юз билан келдинг, бахт ўғриси?!- дея бақирмоқчи эди, аммо негадир овози чиқмади.
- Илтимос, ичкарига киришимга рухсат беринг, гаплашишимиз керак, - деди ёш аёл. Панжара олдидаги ўриндиққа омонат ўтирди ва гап бошлади: - Ҳеч бир нарса кўрингани каби эмас, аслида. Қаттиқ қайғудаман, бир соат аввал унинг жони узилди. Ўтган йили Америкадаги конгресс пайтида хасталигидан ва бир йилга яқин муддат умри қолганидан хабар топди. Бунга чидаёлмаслигингизни биларди. Сизни ўзидан узоқлаштириш учун мендан севгилиси ролини ўйнашимни қаттиқ илтимос қилди. Яқинларига ҳам хабар бермади, ҳатто. Биргаликда Америкага кетганимиз ҳақидаги ёлғон хабарни тарқатди. Ўзи эса биринчи марта учрашганларингиз автобус бекати қаршисида бир уй тиклади. Даволаниб, хасталикдан бир куни халос бўлишига қаттиқ ишонарди, аммо афсуски, ундай бўлмади. Кеча аҳволи оғирлашибди, унга қарайдиган ҳамшира хабар берди менга. Тезда етиб бордим. Сизга бир қутини бериб қўйишимни илтимос қилди...
Кўзларидан оқаётган ёшларни тўхтатолмасди аёл. Севгилисининг ортидан у ҳам тезроқ бу дунё билан видолашишни истарди. Қўлидаги қутини очиш бироздан кейин хаёлига келди. Чиройли букланган бир қоғоз ёпиштирилганди қутига. Биринчи қоғозда "Илтимос, мактубларни навбати билан ўқи, Ягонам" дейилганди. Навбати билан ўқий бошлади: "Сени қаттиқ севаман!", "Сени севишдан ҳеч воз кечмадим!", "Сенинг учун ўламан, дердинг. Буни билардим. Лекин мен учун ўлишингни истамайман. Мен учун яшайсан! Уқдингми?" Ва энг сўнгги мактубда шундай сўзлар ёзилганди:
"Соҳил бўйидаги уйимизни сен чизган лойиҳа асосида қурдирдим. Ҳашаматли ойналари денгизга қараган кошонангда дугоналаринг, яқинларинг билан нонушта қилаётганингда, мен сени самодан кузатиб тураман..."
Туркчадан Умида АДИЗОВА таржимаси.
|