№24, 11.06.2015 Мулоҳаза
ВАТАН ШАЪНИНИ НОМУСУ ОРДЕК АСРАЙЛИК!
Тинчлик - энг буюк неъмат. Бу неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш, фаровон кунларимизга шукр қилмоқлик бурчимиздир.
Озод ва обод юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги учун энг аввало, юртбошимизга, қолаверса, сарҳадларимизда ҳамиша сергак турган, чиройли ҳаётимизни кўра олмаётган, юртимизга қора ният билан кирмоқчи бўлаётган кимсалардан асраб келаётган мардлик ва жасурликнинг тимсоллари бўлган ватанимиз ҳимоячилари, чегарачиларимизга ҳар қанча дуо қилсак кам. Улар ўз ҳаётларини хатарга қўйиб, халқ тинчлиги учун ҳушёрликни қўлдан бермай турганликлари сизу бизнинг бахтимиздир.
Олис тарихга назар солайлик. Юрт тинчлиги йўлида қанча-қанча мардлар қурбон бўлмади дейсиз. Уларнинг жасорати, босиб ўтган шарафли йўллари биз учун, фарзандларимиз учун ҳамиша ибрат мактабидир. Бу борада биргина машъум Иккинчи жаҳон урушини ёдга олайлик. Урушнинг битмас жароҳатлари ҳамон юракларимизни ларзага келтиради. Ўзбекистондан урушга кетган 1,5 миллион нафарга яқин йигитларнинг фақат 500 минг нафаригина оиласи бағрига қайтган. Қолганлари эса Ватан шаъни, тинчлик учун олис ўлкаларда жон берганлар.
Шунинг учун ҳам ўша урушдан омон қайтган, фронт ортида туриб ғалабага ўз ҳиссаларини қўшган фахрийларимиз ҳар қанча эъзозу эҳтиромга муносибдир.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг осуда ҳаётимизга рахна солувчи кучлар, турли экстремистик гуруҳлар пайдо бўла бошлади. Аммо ватан ҳимоячиларининг мардлиги, жасурлиги, садоқати ва албатта, юртдаги одилона сиёсат сабаб халқимиз осойишталиги таъминланмоқда. Шу ўринда шоир Абдуғаффор Холматовнинг қуйидаги мисраларини келтириб ўтишни жоиз топдим:
Ки ғанимлар не мақсадда
юртимизга оралади,
Мардларим деб, шерларим
деб Ватан сизни саралади,
Асл мардлар сизлар каби
майдонларда синалади,
Оқ тонгларга йўлчи бўлган
йўлдошларим,
Эзгуликка элчи бўлган
элдошларим.
Мустақиллик ҳар бир инсон учун буюк неъмат, шу билан бирга, улкан масъулиятдир. Ҳар биримиз Ватан шаънини номус ва ордек асрашимиз керак. Буни Ўзбекистон тупроғида яшаб, ҳавосидан нафас олаётган ҳар бир инсон ҳис қилиб яшаши зарур.
Мен кўп йиллар меҳнат қилиб нафақага чиққан Марҳамат туманидаги 30- умумтаълим мактабида ҳамда ўзим яшаётган маҳаллада кексаларни эъзозлаш, ватан ҳимоячиларини шарафлашга, уларнинг ибратли ҳаёт йўлларини, бурчга садоқат борасидаги фидойиликларини ёшларга кўрсатиш, шу орқали уларнинг қалбида она Ватанимизга садоқат, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари тез-тез ўтказиб турилади.
Яқинда бўлиб ўтган тадбирга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мирсоли ота Турғунов, туманимиздаги чегара қўшинлари хизматчилари - кичик сержант Абдурашид Раҳимов раҳбарлигида бир гуруҳ ҳарбий аскарлар таклиф этилди. Мирсоли ота ёшларга ўзининг уруш хотираларини, Ватанимиз ҳимоячилари эса юртимиз сарҳадларини мустаҳкам ҳимоя қилаётганликлари ҳақида гапириб бердилар.
Тадбирда Кўтарма қишлоқ фуқаролар йиғини раиси И. Жумаев, таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими мудири ўринбосари М.Абдуқаюмов, кичик сержант А. Раҳимов ва бошқалар сўз олиб, уруш ва меҳнат фахрийларини, табаррук инсонларни эъзозлаш, Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги хусусида ўз фикрларини билдирдилар.
Барчада катта таассурот қолдирган ушбу тадбир чиндан ҳам ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини, унинг тинчлигини асрашга бўлган интилишни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Анорхон АБДУКАРИМОВА,фахрий педагог, Халқ таълими аълочиси. Марҳамат тумани.
|