№25, 18.06.2015 Маслаҳатчилар ҳаётидан
ҲАВАСЛАРГА МУНОСИБ МАСЛАҲ АТЧИ
Ёрқиной Қодирова Хўжаобод туманидаги Узункўча маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида самарали фаолият олиб бораётган фаол аёллардан бири. Асли касби ўқитувчи бўлган бу аёлнинг зиммасидаги ишига масъулият билан ёндашиши, куюнчаклик фазилатлари нафақага чиққандан кейин уни маҳалла иши билан шуғулланишга ундади.
Маҳалладаги ишларнинг қай даражада бўлиши, юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олишда маслаҳатчининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Ана шуни ҳисобга олган маҳалладошлари катта ҳаётий тажрибага эга Ёрқиной опани ана шу лавозимга муносиб кўрдилар.
Маслаҳатчитлик фаолияти давомида маҳаллада истиқомат қилаётган 1520 нафар маҳалладошларининг бирларини опа-сингил, бирларини ака-укасидай кўриб, ҳурмат қилди, ҳамжиҳат бўлди. Муносабатларидаги камтарлиги, самимийлиги, қолаверса, олиб борган хайрли ишлари билан уларнинг ҳурматини қозонди.
Ёрқиной Қодирова дастлаб маслаҳатчи вазифасига ишга та¬йинланганидаёқ маҳалла аҳли билан яқиндан танишиб, уларнинг муаммолари, ютуқ ва камчиликларини ўрганишга ҳаракат қилди. Маҳалладаги жанжаллар, ажралишларнинг олдини олишга, вояга етмаган болалар билан мунтазам равишда тарбиявий ишлар олиб боришни йўлга қўйди. Айниқса, тўй-тўркинларни, маърака-маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча олди-бердиларни камайтириш борасида дастурхончи ва отинойилар билан ҳамжиҳат бўлиб иш олиб борди. Натижада ана шу йўналишларда ибратли ишлар йўлга қўйилди.
Маҳалла ҳудудида 1-умумтаълим мактаби, 1- ва 6- мактабгача таълим муассасаси, туман марказий поликлиникаси, қатор савдо дўконлари жойлашган. Маслаҳатчи турли йўналишлар бўйича иш олиб боришда улар билан яқин ҳамкорлик қилади. Айниқса, битирувчилар, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда маҳалла ҳудудида фаолият кўрсатаётган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда "Устоз-шогирд" анъанаси асосида иш олиб бораётган ҳунарманд аёллар билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.
Ёрқиной Қодированинг маҳалла фаоллари билан бир ёқадан бош чиқариб, иш олиб бориши натижасида ушбу маҳалла тумандаги намунали гўшалардан бирига айланди. Ҳудудни ободонлаштириш, кам таъминланган оилалар, ёлғиз яшовчи кексаларга моддий кўмак бериш, уруш ва меҳнат фахрийлари холидан хабар олиш сингари ҳайрли ишлар ҳам эътибордан четда қолмади.
Маҳаллада ташкил этилган "Ораста қизлар" тўгараги фаолияти ҳам намунали йўлга қўйилган. Маслаҳатчининг ташаббуси билан ўтказилаётган "Қизларни турмушга тайёрлаш", "Эрта турмушнинг олдини олиш", "Қайнонам - онам менинг, келиним - болам менинг" каби қатор тадбирлар, давра суҳбатларига кўпни кўрган, ибратли умр соҳиби бўлган нуронийлар, шифокорлар, ўқитувчилар таклиф этилиб, мустақил ҳаёт остонасида турган ёшларга мавзулар доирасида кенг тушунчалар бермоқда. Бу, албатта, ёшларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаларини янада бойитишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамият ишида фаол Ёрқиной опа оиласида ҳам бахт топган. Турмуш ўртоғи Эргашбой ака билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, камолга етказдилар. Бугун улар фарзандлари, набиралари билан бахт¬нинг чинакам қўрғонини барпо эта олган, десак асло янглишмаймиз. Юртдошлари меҳрини, ҳурматини қозониб, самарали иш олиб бораётган маслаҳатчи Ёрқиной опага ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.
Зилола РАҲМОНОВА.
|