№25, 18.06.2015 Инсон руҳияти
ИНСОН - ЎЗ БАХТИНИНГ ИЖОДКОРИДИР
Ҳаёт ҳикматлари жуда жўн ва оддий. Муҳими, биз уларни ўз вақтида илғай олишимизда. Айт¬моқчи бўлганимиз, тақдир интилганни етаклайди, қарши чиққани судрайди. Шундай экан, чеҳрамизда табассум билан тақдирнинг қўлларидан тутамиз ва яхшилик сари олға юрамиз!
Инсон руҳияти - ўзгарувчан. Кечагина тоғни талқон қилишга ғайрат қилаётган, ўзини кучли, иродали санаётган инсон, бугун ҳафсаласиз, кайфиятсиз одамга айланиб қолиши, бунинг устига атрофдагилар ундан ўзиб кетаётган, у эса ўзига берилаётган имкониятларни бой бераётгандай туюлади. Ўзини омадсизликда, бахтсизликда айблайди. Ҳатто, тақдиридан нолиб, ана шу тушкунлик гирдобида бир неча кун, ҳафта, ой ва ҳаттоки йиллаб ҳам қолиб кетиши мумкин. Аммо бу - нотўғри! Инсон - ўз бахтининг ижодкори, дейдилар. Модомики, ҳаётингизда шундай дилгир онлар ўтаётган экан, қу¬йидаги тавсияларимиз сизга асқотади деган умиддамиз.
Феълингизни ўзгартиринг.
Тушкунликка тушиб, ҳамма айбни тақдирга тўнкаб, дунёни мусибатхона қиёсида кўришдан маъно ҳам, наф ҳам йўқ. Аксинча, тақдир билан курашиш, ҳаётни яхши томонга ўзгартириш ўз қўлингизда. Сизга хотиржам ҳаёт кечириш учун феълингизни ўзгартиринг. "Бу қўлимдан келмайди" дея аюҳаннос солишга шошилманг! Қаловини топсангиз, қорда ҳам гуриллаб гулхан ёнади. Сиз қор эмас, ҳаёт майдонида ўз ўрнига эга, қалби қайноқ, инсонсиз! Демак, биринчи тавсия-феълингизни тафтиш қилинг.
Таслим бўлманг!
Ҳасад кўзи билан эмас, мулоҳаза билан атрофингизни кузатинг. Сизнинг ёшингизда сиз бугун эришган муваффақиятларнинг ҳатто ярмини ҳам қўлга киритмаган ёки саломатлиги туфайли ҳаётда ўрнини тополмаётган ёхуд ўзига берилган имкониятлардан фойдаланиш йўлини тополмаётганлар қанча. Сиз эса эришган ютуқларингиз билан улардан анча олдиндасиз. Қолаверса, сиздан олдинда бўлган инсонларнинг ҳаёт йўлига разм солинг: улар ҳам шу даражага етгунларича озмунча машаққат чекмаганлар. Аммо ютуғи шундаки- улар қийинчиликлар қаршисида таслим бўлмаганлар. Иккинчи тавсия - ҳеч қачон таслим бўлманг!
Ҳеч қачон афсусланманг!
Ҳаётдан фақат яхши нарсаларни олиб, унга яхши нарсаларни туҳфа қилинг. Баъзан йўлингизда учраган тиланчи аслида фирибгар бўлиб чиқиши, ёки дўкондан сиз қиммат нархда сотиб олган кийим бозорда икки баравар арзон бўлиши мумкин. Нима бўпти, муҳими, сиз хурсанд бўлдингиз; пулингизни фирибгарга эмас, ЭҲТИЁЖМАНДга хайр қилдингиз, қиммат бўлса-да, ўзингизга ёққан кийимни кийдингиз ва кайфиятингиз кўтарилди. Учинчи тавсия - ўтиб кетган майда дилхираликлардан афсусланиб яшаманг!
Ҳалол меҳнат билан пул топинг.
Кўпчилик моддий манфаат ҳақида салбий гапларни гапиради. Аммо улар айтган гапларнинг ҳаммаси ҳам тўғри бўлавермайди. Унутманг, дунёдаги энг йирик ва башариятни ҳайратга солган кашфиётлар, бадиий адабиёт, санъат асарлари шахсий моддий манфаат йўлида яратилган. Меҳнатингизни, аввало, ўзингиз муносиб қадрланг ва атрофдагиларни ҳам шунга ўргатинг. Тўртинчи тавсия - ҳалол меҳнат билан пул топиш, яхши яшашга ҳаракат қилинг.
Сеҳрли калит.
Меҳр-муҳаббат - инсоний фазилатлар орасида энг гўзал ва буюк қудратга эга туйғу ҳисобланади. Атрофдагиларга меҳрибон, яқинларига муҳаббатли, кўнгли тоза, самимий, бағри кенг инсонлар тез қаримайди. Бундай кишилар камдан кам ҳолатларда муаммоли вазиятларга дуч келишади. Одамга "Сени яхши кўраман" дейиш худди унга "Сен ҳеч қачон ўлмайсан" дегандек эшитилади. Сиз яқинларингизга бу изҳорни айтсангиз, ҳаёт сизга муҳаббат тўла бағрини очади. Бешинчи тавсия - қўлингизда меҳр-муҳаббатдан ясалган калит бўлсин. Ишонинг, бу калит барчанинг дили қулфини оча олади!
УМИДАХОН тайёрлади.
|