№26, 25.06.2015 Жараён
ОТИНОЙИЛАР ФАОЛЛИГИ ЯНАДА ОРТАДИ
З. М. Бобур номидаги вилоят театрида "Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, тўй-ҳашам ва оилавий маросимларни ихчамлаштириш борасидаги тарғибот ишларини кучайтиришда отинойиларнинг ўрни ва масъулияти" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини улуғлаш, жойлардаги диний вазиятни соҳломлаштириш, хотин-қизлар, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, "Кексаларни эъзозлаш йили" давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, фаоллари, маҳалла отинойилари, маслаҳатчилар, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳуқуқшунослар иштирок этиб, вилоятимизда юқоридаги йўналишларда олиб борилаётган ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш, тарғибот ва тушунтириш ишларини янада кучайтириш хусусида атрофлича сўз юритдилар.
- Истиқлол йилларида мамлакатимизда яшаётган фуқароларнинг миллати ва динидан қатъи назар, уларнинг миллий ва диний қадриятларга риоя этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган, тегишли қонунлар қабул қилинган. - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Айниқса, жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, диний вазиятни соғломлаштириш, конфессия ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида зарур барча ишлар тизимли асосда олиб борилмоқда. Натижада турли иллатларнинг олди олинмоқда.
Шунингдек, тадбирда тўй ва турли маросимларни ихчамлаштириш, уларни ўтказишда дабдаба ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Юқорида қайд этилган йўналишлардаги ишларни ташкил этиш ва самарали олиб боришда катта ҳаётий тажриба, билим ва салоҳиятга эга отинойиларнинг иштироки муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода уларнинг қўллаб-қувватлаш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, отинойиларнинг фаол аёллар, маслаҳатчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Қизиқарли савол-жавоблар асосида ўтган тадбир отинойилар, умуман, барча иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва малакаларини оширишга ёрдам берди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Турсунов иштирок этди.
|