№26, 25.06.2015 Эҳтиром
ДАВЛАТИНГ - ОТА-ОНАНГ!
Ота деганда кўз олдимизда катта ва машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтган, сўзию одоби гўзал, том маънодаги инсоний хислат ва фазилатларни ўзида мужассамлаштирган нуроний сиймо намоён бўлади.
Отанинг буюклиги шундаки, у кундалик ҳаётда учраб турадиган мураккаб муаммоларнинг ҳаммасини ақл тарозисида обдон ўлчаб, энг тўғри хулоса чиқаради. У оиланинг сардори, файзу баракоти, зебу зийнатидир. Шундай экан, ота ўз обрўси ва оилада тутган мавқеи билан ўша масъулиятли вазифаларни бажаришга муносиб ва доим тайёр бўлиши шарт. У ўзининг онгли ҳаёти ва мустаҳкам имон-эътиқоди, одоб-ахлоқи, яшаш тарзи ҳамда ҳалол меҳнат фаолияти билан оила аъзоларига ибрат бўлмоғи керак.
Ота ва она фарзандларининг руҳий дунёсини, феъл-атворини, қобилият ва эҳтиёжларини яхши билмоғи лозим. Оилани бошқариш ва тарбиянинг тўғри йўлга қўйилишида ана шу бош мезонга амал қилинган тақдирдагина оилада чиройли муҳит вужудга келади. Барча инсоний хислатларни фарзанд илк бор ўз ота-онасидан олади.
Донишмандлар айтганларидек, отадан фарзандига одобдан аъло мерос қолмайди. Чунки отасидан чиройли одоб-аҳлоқ, тарбияни мерос қилиб олган фарзанд одоби туфайли эл-юртнинг ҳурматини қозонади, улуғ мартабаларга эришади. Шу боисдан отанинг боласига айтган ҳар бир оқил сўзи, ҳатто аччиқ панд-насиҳати болдан ширин, олтиндан қимматлидир. Агар фарзанд буни тўғри англаса, ўз ҳаёти ва фаолиятида шунга амал қилса, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топади ҳамда рўшнолик кўради.
Ҳикмат китобларида ота-онанинг фарзандига нисбатан саксонта ҳақи борлиги ёзилган. Уларнинг ярми барҳаёт вақтида ва қолган қирқтаси вафотларидан кейиндир.
Маълумки, ота-онанинг ёши улғайиб борган сари хотираси заифлашади, баъзан турли хасталикларга чалинади, руҳий ҳолатлари тез-тез ўзгариб туради. Фарзандларимиз ҳар қандай вазиятда ҳам бундай ҳолатни тўғри тушунишлари ва ота-она билан мулоқотда самимий, хушчақчақ, ўта мулойим, ширинсухан бўлишлари даркор. Токи фарзанднинг ҳар бир сўзи уларнинг кўнгилларини юксакка кўтарсин.
Кези келганда, ўғил-қиз ота-онага қандай муносабатда бўлган бўлса, унга ҳам фарзандлари шундай муносабатда бўлишини - яхшиликка-яхшилик, ёмонликка-ёмонлик қайтишини эслатиб ўтиш жоиздир. Шу боис ўз ота-онасининг қадрига етмаган кимса ҳеч қачон бошқалар ҳурматига муяссар бўла олмайди.
Азизлар, келинг, бошимиздаги соябонимиз, суянган тоғимиз, бебаҳо бойлигимиз - ота-оналаримизнинг дуоларини олайлик, токи бу дуолар бизни доимо қўллаб-қувватлаб турсин!
Рўзихон ИМИНОВА.
|