№28, 09.07.2015 "ПАТРОНАЖ ХИЗМАТИДА ҲАМКОРЛИК ТИЗИМИ"
Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3- оилавий поликлиника ташаббуси билан шаҳардаги 8- сон маҳалла фуқаролар йиғинида "Бирламчи тиббий санитария ёрдам муассасаларида патронаж хизматида ҳамкорлик тизими" мавзусидаги вилоят кўргазмали ўқув семинари бўлиб ўтди.
Юртимизда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг тиббий билим ва саводхонлигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ушбу тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари, туман ва шаҳарлар тиббиёт бирлашмаларининг ҚВПлар бўйича координаторлари ва бош ҳамширалари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, диний маърифат, маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, ички ишлар профилактик инспекторлари ҳамда "Камолот" ЁИҲ фаоллари иштирок этиб, мавзу доирасида ўзаро фикрлашдилар.
Тадбирда сўз олган Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А. Худояров ва бошқалар юртимизда тиббиёт тизими ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасига кўрсатилаётган эътибор, тиббиёт ходимларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда патронаж хизматини такомиллаштириш борасида олиб бораётган фаолияти аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, аёллар ва болаларни малакали тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, тадбирда 3- оилавий поликлиника бош врачи М. Раҳмонова мазкур поликлиниканинг 8- сон маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига тиббий хизмат кўрсатувчи шифокорлари ва патронаж ҳамширалари томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ибратли ишлари, илғор иш тажрибалари хусусида кенг маълумотлар берди.
Тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари, поликлиникалар, ИИБ ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида патранаж хизмати сифати ва кўламини кенгайтиришда ижобий самаралар бериши алоҳида қайд этилди.
Семинарда иштирокчилар ва мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги илғор иш тажрибаларини оммалашириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
З.РАҲМОНОВА.
|