№29, 16.07.2015 МУНОСАБАТ
ЁШЛИК... ВАҚТ... ИНТЕРНЕТ...
Ёшлик... Ўзининг хаёлот олами билан инсон қалбида мангуга муҳрланиб қоладиган давр. Унга барча эркалигу шўхликлар, ўйинқароқликлар ярашади. Кўп ҳолларда бирор нарсанинг қадри у йўқотилгандагина билинади. Улғайганимиз сари ўйин-кулгу, шўхликлари билан доим завқ бағишлайдиган ҳаёт ўзининг турли синов, ташвишларини ҳам кўрсата бошлайди.
Инсон бу қийинчиликларни енгса, энг муҳими, юксак сабр-матонат эгаси бўлсагина, ўз одамийлик мақомини сақлаб қолади. Бу борада эса йиллар давомида олинган билим, малака, кўникмалар асқотади. Шунинг учун ҳам ёшликдан билим марраларини эгаллаш сари дадил қадам ташламоқ лозим.
Вақт... Бугун бошламасанг, эртага кеч бўлиши мумкин бўлган айни фурсат. Вақт шоҳга ҳам, гадога ҳам бир хилда берилади: 24 соат. Фарқ шундаки, уни ким қандай сарфлай олишида! Унутманг, бемақсад қилинган ишлар ва дангасалик - сизни орзуларингиздан йироқлаштириши мумкин. Зеро, орзулар ушалиш учун яратилган. Ишни бошлаш учун истакнинг ўзи кифоя ва бунга ҳеч қандай "душанба"лар керак эмас. Бугунги ишни эртага қўйманг. "Кейин" дея номланган йўлнинг охири "ҳеч қачон!" деб номланган манзил бўлиши мумкин.
Интернет... Бугунги кунда "вақтимизнинг эгалари" қаторига "одноклассники", "инстаграм", "телеграмм", "ватсап" сингари ижтимоий тармоқларни киритишимиз мумкин. Кўпчилик бу тармоқлар ҳақида фақат салбий муносабат билдиради. Лекин уларнинг фойдали томонлари ҳам мавжуд. Тармоқ ичида ташкил қилинган гуруҳларда инглиз, рус, корейс, француз ва яна бошқа турли тилларни виртуал тарзда ўрганиш , олган билимларингизни мустаҳкамлаш, синаш имконияти бор. Бироқ масаланинг бир томони борки, ҳамма ҳам (кўпчилик ёшлар) бу ижтимоий сайтлардан тўғри фойдалана билмаяптилар. Инсон ҳар доим ҳам тўғри қарор чиқариб, вақтини фойдали ишларга сарфламаслиги мумкин. Бир файласуф "Хато қилмаслик учун тажриба керак, тажриба учун эса - хатолар" деган экан. Дарҳақиқат, инсон ўзгаларнинг эмас, ўзининг хатоларидан кўпроқ хулоса чиқаради. Лекин энг катта хатолардан бири - бемақсад вақт ўтказиш ва бунга ўрганиб қолиш. Айниқса, илм-ҳунар ўрганадиган паллада ёшларнинг танишув сайтларига муккасидан кетишлари оқибатида улардаги ёруғ ҳаётга, ўқиб-ўрганишга бўлган қизиқиш сусайиб боради. Куч-ғайрат, шижоат нигоҳларида акс этган ўсмир-ёшларнинг ҳозирдан бемақсад вақт ўтказишлари кўпчиликни мулоҳазага чорлайди. Болалигимиздан ўз олдимизга аниқ мақсадни қўйсаккина, муваффақиятга эришишимиз мумкин. "Ойни кўзласанг, тоққа етасан", деб бежиз айтишмаган. Зеро, кўлмакка қараб кимдир лойни, кимдир юлдузни кўради.
Вақтингизни қадрланг. Ёшлик ва вақт интернет сайтларидан кўра қимматлироқ эканини унутманг.
Нодира АКРАМЖОНОВА.
|