Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№29, 16.07.2015

БУГУННИНГ ГАПИ

НИКОҲДАН ОЛДИНГИ ТИББИЙ КЎРИК

СОҒЛОМ ОИЛА ШАКЛЛАНИШИГА ЁРДАМ БЕРАДИ

Никоҳланувчи шахслар соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг

17- моддасидан.

Халқимизнинг удумларига кўра, қадимдан совчиликка борилганда, йигит-қизнинг етти пушти, яъни, унинг соғ-саломатлиги, муомаласи, юриш-туришию одоб-ахлоқи, қариндош-уруғларида бирор ирсий хасталик бор-йўқлиги сўраб-суриштирилган. Буюк Амир Темур ҳам келин танлашда ниҳоятда аҳамиятли бўлиб, бу ҳақида ўзининг машҳур "Темур тузуклари" рисоласида шундай деганлар: "... бўлажак келиннинг насл-насабига ва сиҳатига аҳамият бердим". Соғлом келин дегани соғлом авлод, бақувват ва етук зурриёт деганики, буюк бобомизнинг фикрига кўра қудратли салтанат учун булар ғоят зарур ҳисобланган.

Бугунга келиб, бу удумлар бироз заифлашиб қолгани ҳисобига, баъзи оилалар келин олаётганда ёки қиз узатаётганда панд емоқдалар. Негаки, баъзи ҳолларда йигит ёки қизнинг таг-туги, насл-насабию саломатлиги, оила қуришга нечоғли тайёр эканлигига аҳамият қаратмай, сеп-сидирғаси, қуда бўлмишларнинг ҳашамдор ҳовлисию қўша-қўша машиналарига маҳлиё бўлиб катта ишни бошлаган замондошларимиз вақти келиб оғизлари куйгач, аттанг қилиб қолишмоқда.

Тақдирингизга бефарқ бўлманг!

Бугунга қадар оммавий ахборот воситаларида никоҳни қайд этишдан аввалги тиббий кўрик ҳақида кўп гапирилган. Аксарият фуқаролар бу масалага жиддий ёндашмоқда. Бироқ ҳалигача тиббий кўрикка панжа орасидан қараб, топган-тутганига, орзу-ҳавасларига ишониб, энг асосийси, фарзандини аро йўлда қолдираётганлар ҳам оз бўлса-да учраб турибди. Бу эса жамиятимиз олдида турган муаммолардан биридир. Биз тиббий кўрик, унинг аҳамияти ва роли хусусида мутахассислар ҳамда айрим юртдошларимиз билан суҳбатда бўлдик.

Мавзу юзасидан Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Муқаддасхон Исақова шундай деди:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365- сонли "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ бўлғуси келин-куёвлар психик (шизофрения, эпилепсия, олигофрения), наркологик, таносил касалликлари, сил ва ОИВ, ОИТС хасталиклари бўйича бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад - ирсий ва наслий касалликларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни қарор топтириш. Минг афсуски, айрим ота-оналарнинг ўз фарзандлари соғлигига, тақдирига бефарқлиги юрагимни зирқиратади. Масалан, фаолиятимиз жараёнида шундай ҳолатлар бўладики, унда никоҳни расман қайд этишга виждонимиз йўл бермайди. Лекин шундай пайтларда баъзи калтабин ота-оналарнинг фикрига қарши боролмай қоламиз. Шундай ҳолат яқинда ҳам рўй берди. Тиббий кўрик натижалари куёвда эпилепсия (тутқаноқ) хасталиги борлигини, йигит туғилганидан бери шу хасталик билан рўйхатда туришини кўрсатиб турибди. Биз қиз ва йигитнинг ота-онасини чақиртириб, вазиятни тушунтиргандик, келин томон "Тўй бўлаверади, тўйхона банд этилган, меҳмонларга таклифномалар тарқатилган, сеплар ёйилиб, куёв уйлари безатилган, энди тўй қолдирилди, дейманми?! Одамлар қизим ҳақида нима деб ўйлашади?" дейишди ота-она. Қиз ҳам тўйга қаршилик қилмади. Икки томон ўз хоҳиши билан никоҳланишни истаётган никоҳ расман қайд этилди. Бунга ўхшаган ҳолатларга дуч келганимда ўз фарзандини кўра била туриб чоҳга итараётган ота-оналардан қаттиқ хафа бўламан. Ахир дабдабали тўй қилиш, хорижнинг қимматбаҳо мебеллари билан уй безатиб, сандиқ-сандиқ сарпо йиғиш фарзандини бахтли қилолмаслигини қачон англаб етар экан фуқароларимиз?

... Яна баъзи бир кимсалар аллақачон шаръий никоҳ билан оила қуришган, етти-саккиз ой яшаб қўйишган, келин ҳомиладор, эрта-индин кўзи ёрийди, чақалоғига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиши керак бўлгани учун ҳам никоҳини расмий қайд этиш учун ариза беришади. Бундай ҳолатда ҳам биз, албатта, тиббий кўрикдан ўтказиш учун йўлланма берамиз. Ачинарли томони шундаки, баъзи ҳолларда келин-куёвларда низомда кўрсатилган хасталиклар мавжудлиги аниқланади. Бу вазиятда келин ёки куёв учун орқага йўл йўқ. Келин ҳомиладор, отаси ёки онасида кузатилган касаллик ҳомилага таъсир кўрсатмай қолмайди. Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун биз Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги имом-котиблари билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.

Ҳозирги кунда ёшлар тўй оқшомида никоҳ гувоҳномасини қабул қилишлари одат тусига кирган. Шу сабабли биз ёшлар тиббий кўрикдан ўтгач, натижалар билан таништирамиз ва уларга шаръий никоҳ ўқитиш учун махсус маълумотнома берамиз. Маҳаллаларнинг имом-хатиблари никоҳланувчи ёшларнинг никоҳ гувоҳномаси ёки тиббий кўрикдан ўтганлиги, никоҳи расмий қайд этилганини далолат этувчи махсус маълумотномани кўриб, ишонч ҳосил қилгач, шаръий никоҳни ўқишлари тавсия этилади.

Орамизда ҳар хил тоифадаги одамлар бор. Тўғри, ўзига билдирилган ишончни суистеъмол қилиб, айрим шифокорлар томонидан тиббий кўрик натижаларини кўр-кўрона, ёлғон-яшиқ тўлдириб бериш ҳолатлари ҳам учраб туради. Қиз узатган ота-оналар остонамизга қайғу билан келибоқ: "Куёв касал экан, яширишган экан, энди қизимизни у билан яшаттирмаймиз" деб, ўғил уйлантирганлар: "Келин касалманд экан, бизни алдаб дардманд қизларини беришибди", деб келган пайтлари ҳам бўлган. Бундай ҳолатларнинг рўй бермаслиги учун никоҳланувчи шахслар, албатта, тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

Шу ўринда фуқароларимиз, янги ҳаёт остонасида турган ёшларимизга мурожаат этиб айтмоқчиманки, ҳеч қачон ўз ҳаётингизга, тақдирингизга бефарқ бўлманг. Тиббий кўрикдан ўтиш, ўз соғлиғингиз ва бўлажак жуфтингизнинг соғлигидан бохабар бўлишингиз билан сиз келгусида соғлом оила барпо этиш билан жамиятимизга соғ-лом, бақувват ва баркамол авлодни етказиб берасиз. Унутманг, оила аъзоларининг соғ-ломлиги - мустаҳкам оиланинг асосини ташкил этади. Мустаҳкам оила дегани эса, бекам бахт, фаровон турмуш ва келажаги порлоқ фарзандлар деганидир.

Тиббий кўрик натижалари сир тутилади

- Тиббий кўрик натижалари сир тутилади, - дейди Булоқбоши тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори вазивасини бажарувчи Сарварбек Исаев: - Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўзда тутилган асосий мақсад - оилада соғлом муҳитни шакллантириш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишдан иборат.

Фуқаролигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳи рўйхатдан ўтказиладиган барча фуқаролар Оила Кодексига мувофиқ белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ёшларнинг бири ёки икковида ҳам касаллик аниқланган ҳолатда уларнинг ўзларига, ота-оналарига ва никоҳни қайд этувчи муассаса мутахассисларига тегишли тартибда маълум қилинади. Шунингдек, тиббий кўрикни ўтказган шифокор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрик натижаларининг холислиги учун шахсан жавоб беради. Башарти никоҳини қайд этиш учун мурожаат этган фуқароларда касаллик аниқланган бўлса, шифокорлар ўзларига маълум бўлган касаллик билан боғлиқ маълумотларни ўзгаларга ошкор этмайди. Яъни, тиббий кўрик натижалари сир тутилади.

Тиббий кўрик кераксиз машмаша эмас!

Мавзу юзасидан Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имоми Хожиакбар Яҳёев шундай дейди:

- Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас келишув ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.

Оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилгани давлатимиз томонидан фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан биридир. Никоҳдан олдинги тиббий кўрик айримлар ўйлаганидай "кераксиз машмаша" эмас.

Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай, куёвининг туғма касалмандлигини ёхуд бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки куёвингиз гиҳёванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. Олган келинингиз руҳий хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.

Ислом таълимоти инсонларга фақат яхшиликни истайди ва уларнинг бир-бирларига озор бермасликлари тарафдоридир. Шундай экан, фарзандингизни уйли-жойли қилишдан аввал уларнинг соғлигига алоҳида эътибор қаратинг. Зеро, сизнинг эътиборсизлигингиз туфайли унаштирув, фотиҳа тўйи ва ҳоказо тадбирлардан сўнг тиббий кўрик натижалари салбий оқибатларни бермасин. Тўй тўхтатилса, кимнинг-дир шаънига доғ тушиши, қолаверса, исрофгарчиликка йўл қўйилиши мумкин. Ҳар иккала ҳолат ҳам Аллоҳ таоло наздида мақбул иш эмас. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим нохушликларнинг олдини олиш мақсадида шаръий никоҳ ўқувчи домла-имомларга, аввало, никоҳни расмий қайд этганликни далолат этувчи гувоҳномани кўриб, ишонч ҳосил қилганларидан кейингина ёшларни никоҳлаб қўйишлари белгиланган.

Тан-жони соғ, фарзандлари соғлом одамнинг кўнгли хотиржам бўлади. Хотиржам кўнгилга эса орзу-ҳавас, тўй-ҳашам, шодлигу қувонч ярашади. Бунинг учун ҳам инсондан эътибор ва ўз соғлигига масъуллик талаб қилинади. Демак, бахтли бўлиш унча мушкул эмас, гап бизга инъом этилган бахтни қадрлай билиш ва уни ушлаб қолишда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ ёзиб олди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди