№30, 23.07.2015 МУНОСАБАТ
ТЕЛЕФОНДАГИ БЕҲАЁ ТАСВИРЛАР
"ЯНА ТЕЛЕФОНДА СУҲБАТЛАШИШ ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА" МАҚОЛАСИНИ ЎҚИБ...
"Иқбол" газетасининг 2015 йил 2- июлдаги 27- сонида берилган "Яна телефонда суҳбатлашиш одоблари ҳақида" номли мақола газетанинг доимий муштарийси сифатида мени мулоҳаза юритишга чорлади. Мавзу чиндан ҳам долзарб ва аҳамиятли. Шу ўринда мен ҳам ўзим гувоҳ бўлган айрим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этсам.
Жамоат транспортида кетаётгандим. Коллежга яқин бекатдан 3-4 нафар ўсмир автобусга чиқди. Бўш ўриндиқларни эгаллаган болалардан бири шеригини тезлатди: "Қани, бўлақол, боягини яна бир кўрайлик..." ўсмир чўнтагидан сўнгги русумдаги қўл телефонини чиқаргач, болаларнинг боши бир жойга ғуж бўлди. Улар ора-сира атрофга олазарак қараб қўйишарди. Ниҳоят, ўша "матоҳ"дан чиққан ғалати овоз уларнинг қилиғини фош этди. "Қаҳрамонлар" саросималаниб, телефонни ўчиришди. Ўсмирларни инсофга, уятга, ҳаёга чақирган ёши каттароқ йўловчига жавобан улардан бири: "Биз туғилганда, уят тугаб бўлган экан", деди сурбетларча...
Оддий алоқа воситаси сифатида муомалага кирган қўл телефонлари бугун ҳам телевизор, ҳам компьютер, ҳам интернет хизматларини ўзида жамламоқда. Аммо ҳар яхшиликнинг акс томони бўлганидек, мазкур воситага ёшлар тарбиясига салбий таъсир этувчи, уларни руҳий мувозанатдан чиқарувчи турли парнографик ҳамда шафқатсизлик манзараларини ўзида жамлаган тасвирларни бемалол юклаётганлар ҳам бор.
Аслида уларнинг бу қилмишларига айбдор ким? Айбни, аввало, оила муҳитидан излаш керак. Чунки хонадонлардаги паробалик антенналар, кабелли телевидение орқали ўсмирлар ғарбнинг беҳаёлик тўлиб-тошиб ётган киноларини, клипларини бемалол кўриб бормоқда. Беҳаё тасвирларни маънавий наркоманияга қиёслаш мумкин. Бу каби бемаъни тасвирлар ёшлар маънавий мувозанатини бузиб, руҳиятини "ўлдириб" боради.
- Ўқитувчиси ўғлимнинг телефонида беҳаё тасвир борлигини айтганда, роса жаҳлим чиқди, - дейди бир танишим. - Сўнгги кунларда унинг ўзини бошқача тутаётганидан ҳайрон эдим. Уйга бориб ўғлимнинг телефонини олдиму, ўша тасвирларни ўчириб ташладим. Аммо ўғлимни тергай олмадим. Қандай тергай? Ахир ўша тасвирни ўзимнинг телефонимдан олгани шундоққина кўриниб турибди...
Ҳа, айрим одамлар фарзандларининг ножўя хатти-ҳаракатларига ўзлари "туртки" бериб, сўнггида бошлари тошга урилади. Ҳар бир ота-она тарбияда зийрак бўлмоғи керак.
Умаржон АБДУЛЛАЕВ,
Асака тумани.
|