№31, 30.07.2015 ЁШЛАРНИНГ МЕДИА САВОДХОНЛИГИ ЮКСАЛМОҚДА
Наманган шаҳрида "Глобаллашув шароитида ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш" мавзусида республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Бугунги глобаллашув жараёнида ёшларнинг замонавий ахборот-коммуникация тармоқларидан, хусусан, интернетдан фойдаланиш, ахборотларни таҳлил этиш борасидаги билим ва кўникмаларини юксалтириш муҳим масала ҳисобланади. Анжуманда ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Педагог мутахассислар ҳамда ёшлар иштирок этган мазкуранжуманда ёшларимизнинг медиа-саводхонлигини оширишда оммавий-ахборот воситаларининг роли ниҳоятда катта эканлиги, шу боис, ОАВлари орқали ёшларнинг дунёда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги фикларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ана шу йўналишдаги қизиқишларини тўғри йўналтириб бориш энг самарали ва мақбул йўл эканлиги алоҳида таъкидланди.
Семинарда мавзу доирасида қизиқарли маърузалар ўқилди. Жумладан, Андижон вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ўқитувчиси Шоирахон Аҳмедова ва Андижон давлат университети ўқитувчиси Ферузахон Қўчқоровалар ҳам ўзларининг қизиқарли ва мазмунли маърузалари билан фаол қатнашиб, иштирокчилар эътирофига ҳамда Наманган вилояти ҳокими ташаккурномасига сазовор бўлдилар.
- Ёшларимизни интернетдаги айрим ижтимоий тармоқлари орқали тарқатилаётган ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, турли иллатлардан сақлаш, ёшларда уларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш учун, айниқса, биз педагоглар масъулмиз, - дейди тадбир иштирокчиси Шоирахон Аҳмедова. - Бу борада барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз, огоҳ бўлишимиз зарур. Шундагина ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олишга эриша оламиз.
Анжуманда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, галдаги муҳим вазифалар хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Қизиқарли ва самарали ўтган анжуман иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини юксалтиришга хизмат қилди.
Муштарий КАТТАБОЕВА.
|