№31, 30.07.2015 МУЛОҲАЗА
"ТАРБИЯ Ё ҲАЛОКАТ, Ё САОДАТ..."
Инсон ҳаётида унинг тарбияси, одоб-аҳлоқи муҳим аҳамият касб этади. Яхши тарбия кишини саодат сари етакласа, ёмон тарбия уни ҳалокат ботқоғига етаклайди.
Инсон илк тарбияни оиладан, ота-онасидан олиши табиий. Аслида тарбия инсонга она қорнидаги пайтидаёқ берила бошлаши хусусида улуғ алломалар зикр этганлар. Бу тарбия ботиний ҳолда кузатилса, фарзанд туғилгач эса у вояга етгунга қадар бу масъулиятли вазифа, асосан, ота-она зиммасига тушади.
Ривоят қилишларича, оилада фарзанд дунёга келибди. Бола икки ёшга тўлганда, ота-онаси замонасининг машҳур донишманди ҳузурига борибдилар. Улар: "Фарзандимизга неча ёшдан тарбия беришни бошлаганимиз маъқул?" дея сўрабдилар. Кекса донишманд уларнинг бола тарбиясида анча кеч қолганликларини айтибди ва тарбияни ҳали гўдак дунё юзини кўрмасидан аввалроқ бошлаш кераклигини айтибди.
Бола кейинги таълим-тарбияни мактабда илк устозидан олади. Ана шу жараёнда эса у оиласида қандай тарбия кўрганлигини намоён этади. Таълим ва тарбия бир-бирига узвий боғлиқ жараёндир. Улар бири бирини тўлдириб, инсон онгу тафаккури, маънавияти, одоб-ахлоқининг шаклланишига хизмат қилади.
Инсоннинг таълим-тарбиясида икки буюк кишиларнинг ўрни ва роли беқиёс. Улар ота-она ва мўътабар устозлардир. Инсон тарбияси, олган билими билан жамиятда ўз ўрнига эга бўлар экан, бу борада ўзига устозлик қилган меҳр ва муҳаббат соҳиблари - ота-онаси ва устозларини ҳеч қачон ранжитмаслиги, уларга ҳамиша эъзоз ва эҳтиром кўрсатмоғи керак.
Хусанбой УБАЙДУЛЛАЕВ.
|