Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№31, 30.07.2015

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

ФАРИШТАМ - ОНАМ

Ўшанда ёмғир савалар, Жамила куз ёмғирида совуққотганига ҳам қарамасдан гулларни тезроқ сотиш фикрида эди. У бир уюм хризантема, гладиолусларни олдига қўйиб, харидор чақирарди. Унинг кичкинагина қўлчалари совуқдан титрар, шунга қарамасдан Жамила тинимсиз ўтган-кетганни гул сотиб олишга чорларди. Тезроқ гулларни сотса-ю, иссиқ уйига қайтса. Ёмғир аста-секин майда қорга айланмоқда. Кеч кузнинг изғирини юз-кўзни аёвсиз чимчилайди.

Бахтга қарши йўловчиларнинг бирортаси гул сотиб олишни хаёлига келтирмасди. Совуқ қизалоқнинг жонидан ўтиб кетди. Кейин у ноилож бир қучоқ гулларни кўтарганча уйга қайтишга тараддудланди. Уйда эса унинг кўнгли сезган иш бўлди. Ўгай онаси Рисолат опа уни роса уришиб берди:

- Нима бўлди, яна? Нега сотмадинг?

- ...

- Сендан сўраяпман, хўв қиз?!

Жамила онасига хиёл боқди. Бир пайт юзига тушган тарсакидан қалқиб, бағрига маҳкам босиб турган гуллари ҳар жойга сочилиб кетди. Унинг кўзларига жиққа ёш келди.

...Шу топда онажонисининг ўрни қаттиқ билинди. Агар у ҳаёт бўлганидами... эрта қачон мурғаккина бошига рўзғор ташвиши тушмаган, аксинча бошқа болалардай ўйин-кулгуга андармон бўлармиди. Лекин ўгай бўлса-да, аёл-ку, ахир? Наҳотки, инсон дегани шунчалар бешафқат бўлса?

- Арзимаган ишни ҳам уддалолмайдиган бекорчихўжанинг менга кераги йўқ! - деди Рисолат опа, қизалоққа заҳрини сочиб. - Бор, кўзимга кўринма!

Шундай деб, аёл Жамилани ҳовлидан ташқарига чиқариб юборди-да, ичкаридан роввотни қулфлаб қўйса бўладими?

Атрофга шом чўкди, кеч кирди. Бироқ онаси Жамилани уйга киритмади. Яхшиямки, оқибатли қўшнилар бор, уларникида тунаб қолишга мажбур бўлди. Қўшнилар ҳам Рисолат опанинг феълини билишади, шундан бўлса керак, қизалоққа раҳмилари келиб ўз уйларидан жой беришди.

Алламаҳалда ишдан қайтган Розиқ ака қизчасини ухлаб қолган бўлса керак деб ўйлаб, бўлган воқеадан бехабар қолди. Аммо эрталаб нонушта маҳалда ҳадеганда кўриниш беравермагач, аёлини сўроққа тутди:

- Қизинг қани? Чойга чақирмайсанми?

Рисолат опа пиёлага чой қуйиб эрига узатаркан, қовоғи очилмади.

- "Қизим"нинг қулоғига гап кирмайдиган бўлиб қолган, - деди қизим сўзига алоҳида урғу бериб. - Сиз ҳам унинг бир адабини бериб қўймасангиз бўлмайди, шекилли?

- Бор, чойга чақир дедим! - Зарда аралаш дўқ урди эри.

Рисолат опа чўчиб, ирғиб ўрнидан турди.

- Саккиз яшар боланинг адабини қандай бераман?! - Розиқ ака энди росмана жаҳл қилди.

- Ахир, у бор-йўғи ўйин боласи-ку? Ҳали она сути оғзидан кетмаган ёш бола бўлса, она бўлиб ўзинг эплаб йўлга сололмайсанми?

"Ер юткур, қаерга кетиб қолдийкин-а? Энди қаердан излайман-а? Ухлаяпти, десам, уйга кириб кўрса-чи? Ҳа, бошимга бало бўлмай кет!"

Рисолат опа пичираб, кўча тарафга юрди. Бир пайт кўча роввоти оҳиста очилиб, Жамила кўринди. Рисолат опага "жон кирди". Чаққонлик билан унинг ёнига бориб, билагидан ушлаб силтаб ташлади:

- Қаерда юрибсан, аҳмоқ қиз? Қаердан келяпсан-а? Кет десам, кетаверасанми? Қоронғудан ҳам қўрқмадингми?

Қизалоқ онасининг ўткир нигоҳларига базўр қаради, сўнг қўрқиб бошини кўксига эгиб турди.

- Ҳов, қиз, гапларимга диққат билан қулоқ сол. Ҳозир ётоқхонангга кирасан, бироздан кейин чиқиб "ухлаб қолибман", деб дадангдан узр сўрайсан. Кечаги бўлиб ўтган гап-сўзларни тилингга чиқарадиган бўлсанг, мендан яхшилик кутма, зумраша!

Рисолат опа тезда ортига қайтди. Эри пиёладаги охирги чойни хўплаб, дастурхонга "тақ" этиб қўйди.

Жамила онасининг гапи билан ётоқхонага кириб, бироз ҳаяллаб қолди.

- Кўрдингизми, дадаси, бу қиз мени она ўрнида кўрмайди, - дея ваҳима қила бошлади, Рисолат опа. - "Тур" десам, "Йўқ!" деб бақириб, ўжарлик қиляпти. Бу қизни "Болалар уйи"га топшириш керак! Би-и-р, "бурнига сув кирсин" унинг.

Розиқ ака "ялт" этиб аёлига қаради.

Рисолат опа бора-бора эрига ўз ёвуз таъсирини ўтказди. Қизалоққа шунақа айблар қўйди-ки, эри охири "Билганингни қил", деб юборди.

...Жамила оиласида кўрмаган меҳрни "Болалар уйи"дан топди. Бу ерда барча нарса муҳайё. Аммо қизалоқ ўз онасини ва дадажонисини жуда соғинар, кечалари ҳеч кимга билдирмай эзилиб-эзилиб йиғлаб оларди.

Бир куни Жамила ҳеч кимга қўшилмай, ёлғиз ўзи ташқаридаги дарахт сояси остида ўйланиб ўтирган эди. Ёнига Моҳинсахон исмли тарбиячи опа яқинлашиб келиб:

- Юр, қизим, сени сўраб келишибди, - деди

Жамила даст ўрнидан туриб, тарбиячи опанинг қўлидан тутди. У ўзида йўқ хурсанд эди. Наҳотки, дадажониси уни кўргани келган бўлса?!

Ичкари хонага киришганда, у ерда бир нотаниш аёл директор билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Салом-аликдан кейин нотаниш аёлга Жамилани таништиришди.

- Шу қизчани айтгандик сизга, - деди директор.

- Ҳа... - аёл Жамилага тикилиб қолди.

Қизалоқ аёлни кўрди-ю, юраги хапқириб кетди. Бу нотаниш аёл ҳудди раҳматли онасига қуйиб қўйгандай ўхшар экан.

- Ойижон... - Жамиладан чиққан биринчи садо шу бўлди. - Ойижоним...

Нотаниш аёл бир директорга қарар, бир қизалоққа... Ич-ичидан ҳайратланиб, яна директорга боқди. Кейин қизалоқни бағрига тортиб:

- Менга қиз бўласанми?.. - деди базўр.

Жамила аёлнинг бағридан ҳоли бўлиб, кўзларига тикилди. Кейин, тарбиячи опасига ва директорга бир-бир қараб олди-ю, яна бояги аёлга боқди: "Мени олиб кетинг, жон, ойижон. Мени ташлаб кетманг..." - дея аёлнинг бағрига сингиб кетди.

Тарбиячи аёлнинг кўнгли эзилиб, чидолмади. Хонадан ташқарига томон йўналди.

...Ойнинг ўн беши қоронғу бўлгани билан, албатта ёруғ кунлар ҳам батамом йўқ эмас. Қизалоқнинг аянчли қисмати шу кунга келиб хотима топди. У ўзининг меҳрибон онасидай бўлган фариштамисол шу аёл бағрида эркин катта бўлди. Илмга чанқоқ бўлганидан, илм даргоҳларида аъло баҳоларга ўқиди.

Жамила "онажониси" қўлида одоб-ахлоқли, гўзал хулқли қиз бўлиб вояга етди. Вақтлар келиб, ўзи севган касби - шифокорликка эга бўлди. Беморларни даволашда бутун билимини ишга солар, дардмандлардан меҳрини аямасди. У ҳар куни эрталабда ишга шошар, кечга яқин эса оиласига, онажонисининг бағрига талпинарди...

Оминабону ТЎЛАНОВА,Булоқбоши педагогика ижтимоий-иқтисодий коллежи ўқувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди