№31, 30.07.2015 ҲИКОЯ
ХОНАДОН
Насибахон оғир хўрсиниб, ўрнидан турди. Йўлакдаги тошойна олдига келиб, унга боққан эди, кўзлари маъюс, чеҳраси сўлғин, оппоқ юзларига ажинлар тушган, қовоқлари бироз салқиган, гавдаси ҳам анчайин йўғонлашган бир аёл боқиб турганини кўрди. "Шунчалар ўзгариб кетдимми? Яқинда ҳам хипчагина эдим, бунчалик бесўнақай эмасдим. Балки шунинг учун эримга бора-бора ёқмай қолаётгандирман" кўнглидан ўтказди аёл. Унинг дову дунёси қоронғулашди. "Ўзининг ҳам аввалги ҳолати қолмаган, семириб, қорнини ҳам эплолмайди ҳам", - ҳудди эри ёнида тургандай зардали гапирди. "Мен чиройли ясаб-тусаб қўйганим учун ўзининг бу камчиликларини сезмайди-да! Бола-чақа деб, ишдан кечиб уйда ўтириб қолганимдан кейин шундай бўлади-да! Уни деб ҳаммаёқдан кечдимку!"
Насибахоннинг вужуди титради. Неча замонлардан бери ичига йиғилиб турган гиналари бўғзига тиқилиб, йиғига айланди.
Қизининг тўйида, айниқса, бу азоблар кўпроқ сезилди. Азбаройи биринчи иш тутишларидаёқ ҳаммага гап-сўз бўлмаслик учун эри сўкканида кулиб енгди, бақирганида "дадажониси, бўғилманг", деб атрофида гирдикапалак бўлди. Одамларнинг гап-сўзларига қолишдан қўрқиб, нафасини ичига ютганча барига чидади.
Энди эса... Қизи Нафосатой унинг сирдоши эди, анча-мунча дардларини айтиб енгиллашиб оларди.
- Аяжон, сиқилманг, дадамнинг феъли шунақаку! Сизни яхши кўрганидан ҳадди сиғиб бақиради-да, - дея юпатарди қизи шўрлик.
- Яхши кўргани шу бўлса, кўрмагани маъқул эди, қизим. Қара, анови Саломат опангни, эрини чимилдиқда кўрган экан. Қаҳҳоржон бошига кўтаради. Қўлида бирорта ҳунари йўқ, эртадан кечгача хотинлар билан валақлагани валақлаган, лекин шуниям "хотинжон" деб эси кетади, - Насибахон рўпарасидаги қўшнисига ҳасади келгандай гапиради.
- Қизиқсиза, аяжон, Саломат опа қачон қараманг "уним йўқ, буним йўқ" деб нолигани нолиган. Дадам ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўядику! - қизи барибир дададсини ёмон дегиси келмай гап топарди.
"Илойим, қизим умрининг охиригача эрининг ардоғида бўлсин", - Насибахон яқинда келинчак бўлган қизига ўзининг ҳаётини раво кўрмасдан шоша-пиша ичида тилак қилди.
Насибахон ўттиз йилдан буён асраб юрган қўлидаги хатга термулди. Шуни Ўктам акаси ёзганига ҳеч ишонгиси келмади. Наҳотки, ўт-оташ бўлиб севган эри ундан шунчалар совиган? Шунчалар ранжитадиган, кўнглини қолдирадиган хотин бўлдимикан?
У ўзининг саволларига ўзи жавоб тополмай хуноби ошди. Деразадан ҳовлига боқди. Жимжит. Ўғиллари ишга кетиб бўлишган. Кенжатойи Василахон "катта бувимни кўргим келди", дея эрталабданоқ қайнонасиникига жўнаворган. Қошлари чимимрилиб турадиган қайнонаси эсига тушдию, боядан бери ўзига-ўзи бераётган саволларига жавоб топди. Эр-хотиннинг муносабатлари совуқлашишида қайнонасининг айби бордек туюлди. Тўғри, ҳозир қайнонаси ундан минг айланиб, минг ўргилади. Лекин бошида анча "обориб-опкелган". Чунки Ўктам акаси улар топган қизга эмас, ўзи суйганига уйланди. Оддий нарсалардан ҳам камчилик ахтариб турадиган она Насибахонни бошиданоқ "Ивирсимай ўлсин, намунча секин қимирлайди бунинг, нимасини яхши кўрдинг буни" дея камситгани камситган эди. Ахийри, "сабрнинг тагидан сариқ олтин" чиқиб, бошқа келинларидан рўшнолик кўрмагач, Насибахонни "тилло келиним" деб мақтайдиган бўлди. Аммо дунёнинг тескарилигини қарангки, қайнонаси анча юмшаган пайтда эри ундан шунча узоқлашди.
- Ҳой бола, намунча қўполлашиб кетяпсан, одам бор-йўқ демай, хотининг-ни сўкаверасан, - бир куни қайнонаси унга зуғум қилаётган ўғлини тергаб қолди.
Насибахон неча йиллардан бери эри билан юракдан ёзилиб гаплашолмайди. Ўртада нимадир бор... Агар бугун шу сарғайиб кетган мактубни топиб олмаганида ўкинчлари юзага чиқмаган бўларди.
Ҳовлига чиқиб ишга уннар экан, ҳануз қўлида қоғоз ғижимлаб турганини кечроқ англади. Бирдан хаёлига ғалати фикр келиб қолди. "Ўктам ака бу ёзганларини эслармикан? Қани бир синаб кўрай-чи!"
Кечгача минг хил режалар тузди. Болаларининг олдида берса, кулгига қолади. холи қолганларида қўлига тутса, унчалик таъсир қилмаслиги мумкин. Хулласи, костюмининг чўнтагига солиб қўяди. Ишга борганида барибир ё рўмолчасини ёки кўзойногини қидириб қўл солади ва бу ўттиз йил аввалги ўзи ёзган севги мактубига кўзи тушади...
У шундай қилди. Насибахон эртасига эрининг ишдан келишини юрагини ховучлаб кутди. Ишқилиб, дарвозадан сўкиниб кириб келмасин-да. Аввалги Ўктам акаси бўлиб кириб келишини қанчалар истаяпти. Айниқса, келинлик давридай, ўшандай кира солиб, "бизнинг пари қани?" деб дастлаб уни изларди.
Кечки пайт дарвозадан кириб келган қовоқлари солиқ, чарчаган ва юзлари тунд эрини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. Дастурхон атрофида ўтирганларида эса эри унга зарда қилди:
- Ишга кетаётганимда кийимларимни бир бошдан кўздан кечир, деб сенга неча марта айтаман. Чўнтагимга аллақаёқдан сарғайиб кетган қоғоз тушиб қопти, бундоқ қараб қўйсанг бўлмайдими?
Насибахоннинг томоғига нимадир тиқилди, "ҳиқ" этиб овози чиқди. Ўғиллари ер остидан унга қаради.
- Балки ўзингизга керакли қоғоздир, деб олмагандим, - деди эрининг ёдига солиш ниятида.
- Меники? - Энди овқатга қўл чўзган Ўктам ака ҳайрон бўлиб унга қаради. - Қанақадир шеърлар ёзилган қоғоз меники бўладими?
Насибахон мийиғида кулди.
- Нега куласан? - Ўктам ака қошларини чимирди-да, бирдан аёлига қараганча жим қолди. Унинг аввал ранги оқарди, сўнг қизариб кетди.
- Овқатга қаранглар, совимасин. Мен чой олиб келай, - Насибахон ўзларига ҳайрон қараб турган ўғилларига қараб имо қилди.
Ташқарига чиққач, ошхонага эмас, ўз ётоғига қараб юрди. Кира солиб эрининг чўнтагини ковлади ва ўша қадрдон мактубни топди. Яхши, аччиғидан ташлаб юбормабди. Шу чоқ ортидан эрининг овози эшитилди:
- Наси...
Унга аллақандай ёқимли сас эшитилди, аста ўгирилди. Ўктам ака ҳижолатли нигоҳ билан қараб турарди.
- Қоғозни ташлаб юборай деб кирувдим, - Насибахон қўлидаги мактубни кўрсатди.
- Ташлаб кўр-чи! - Ўктам ака шундай деб унинг билагидан тутди. - Шунча йил сақлаган экансан, эндиям сақлагин, хўпми?
Насибахон ширин хўрсиниқ ила эрининг кўксига бош қўяркан,
- Албатта, - деди.
Ўктам ака уни бағрига босди. Насибахоннинг қалбидаги гина-қудратлар бир зумда йўқолди.
Матлуба ЮСУФ ОХУН.
|