№33, 13.08.2015 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
"МАҲАЛЛАДОШЛАРИМ ИШОНЧИ МЕНГА КУЧ БЕРАДИ"
- дейди Бўз туманидаги "Тафаккур" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Майлихон Деҳқонова.
Дарҳақиқат, маҳалла аҳли билан ишлаш, уларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлишда, аввало, атрофидагиларнинг ишончи жуда зарур. Одамлар билан ишлаш маслаҳатчи зиммасига катта масъулият юклайди. Ана шундай масъулиятни дилдан ҳис қилиб фаолият олиб бораётган Майлихон Деҳқонова ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этаётган маслаҳатчилардан биридир.
Маҳаллада 1763 нафар аҳоли истиқомат қилса, шулардан 917 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Майлихон опа уларнинг ҳар бирининг кўнглиги йўл, муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилади. Маҳалладаги ҳар бир хонадон маслаҳатчининг эътиборида. У имкон қадар ҳар бир оилада бўлиб, уларнинг ташвишларини, оилавий шароитларини ўрганишга, уларга имкон қадар маънавий ёрдам беришга интилади. Айниқса, Майлихон опа ёшларга алоҳида эътибор беради, улар билан суҳбатлашади, зарур маслаҳатларини аямайди.
- Мамалакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида оилаларимиз бахти, истиқболи мужассам, - дейди Майлихон Деҳқонова. - Шунинг учун ҳам муҳтарам юртбошимиз, ҳукуматимиз ҳамда хотин-қизлар қўмитаси олдимизга қўяётган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича маҳалла аҳли, фаоллар билан бир ёқадан бош чиқариб ишлаяпмиз. "Маҳалла маслаҳатчиси" деган номни, маҳалладошлар ишончини оқлаш менга катта масъулият юклайди.
Асли касби ўқитувчи бўлган Майлихон опа дастлаб маҳалла раиси сифатида фаолият кўрсатган бўлса, 2012 йилдан буён маслаҳатчи вазифасида меҳнат қилиб келмоқда. Маҳалла ободлигини, маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда опанинг хизматлари катта. Унинг саъй-ҳаракати билан амалга оширилган ишлар натижасида оилавий ажримлар, умуман, ёшлар ва хотин-қизлар билан боғлиқ салбий ҳолатлар бирмунча камайди. Айниқса, маҳалла йиғини қошидаги яраштирув комиссияси оилалар мустаҳкамлиги, тотувлиги йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.
Маҳалла ҳудудидаги 16- умумтаълим мактаби, "Аҳмадобод" қишлоқ врачлик пункти, 4 та савдо шохобчаси, 2 та умумий овқатланиш шохобчаси, сартарошхона ва гўшт дўконлари ҳамиша аҳоли хизматида. Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, маҳаллада фаолият юритаётган "Зиё - 2002" ишлаб чиқариш корхонасида ғишт, эшик ва дарвозалар ишлаб чиқариш, шунингдек, аёллар сумкаси ва махсус иш кийимлари тикиш йўлга қўйилган бўлиб, маҳалладаги ишсизлар ҳамда коллеж битирувчилари бандлиги таъминланган.
Маҳалладаги ёрдамга муҳтож оилаларга ҳомийлик қилиш, ёш ва оилавий тадбиркорларга, касаначиликни йўлга қўяётган ҳунармандларга ўз бизнесларини йўлга қўйиш, банк кредитлари олишларида ҳам Майлихон опа ўзи бош-қош.
Маслаҳатчи ҳар бир ишда атрофидагиларга суянади. Маҳалла отинойиси Мўътабархон Маматова, дастурхончилар Муяссархон Момохонова, Матлубахон Сотволдиеваларнинг кўмаги билан маҳалладаги турли маросимлар ихчам ва камчиқим қилиб ўтказилмоқда.
Маслаҳатчи оилада ҳам бахти кулган аёл. Умр йўлдоши Нурмуҳаммад ака ҳамиша Майлихон опани қўллаб-қувватлаб туради, зарур бўлганда маслаҳатларини аямайди. Беш нафар фарзанд, ўн бир нафар набиранинг қувончи билан ишдаги чарчоқларини унутади. Эл олдидаги юмушини, оиладаги бекалигини бир зум бўлса-да унутмайдиган Майлихон Деҳқонова оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳурматга сазовор аёлдир.
Зилола РАҲМОНОВА.
|