№33, 13.08.2015 "АНДИЖОННИ КЎРКАМ ВА ОБОД ВИЛОЯТГА АЙЛАНТИРАЙЛИК!" КЎРИК-ТАНЛОВИ
ОБОД БЎЛАЁТГАН АНДИЖОН
Вилоятимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Андижонни кўркам ва обод вилоятга айлантирайлик!" кўрик-танлови мустақиллигимизнинг қутлуғ 24 йиллик байрами нишонланаётган жорий йилда "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним" шиори остида ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.
Ободонлаштириш ва бунёдкорлик борасидаги илғор ташаббусларни, ана шу йўналишда олиб борилаётган ибратли ишларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, қолаверса, юрт ободлиги йўлидаги ҳайрли ҳаракатда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш, истиқлол шарофати билан юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини фуқароларимиз, ёшлар онгига чуқурроқ сингдириш, қишлоқлар, маҳаллалар, ташкилот ва муассасалардаги тозалик, кўкаламзорлаштириш, ободонлашти-риш, умуман, амалга оширилаётган ибратли ишларни кенг оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов айни кунларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтди.
Танловда хонадонлар, кўп қаватли тураржой бинолари ҳудудларининг озодалиги, саранжом-саришталиги, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўламини кенгайтириш, шунингдек, халқ бадиий ҳаваскорлик жамоалари, миллий ҳунармандчилик, ижодиёт ва санъат соҳаларини кенг намойиш этиш ва уларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.
Кўрик-танлов доирасида Шаҳрихон ва Хўжаобод туманларида бўлиб ўтган тадбирлар халқ сайлларига айланиб кетди.
Айни кунда Шаҳрихон тумани марказининг янги қиёфа касб этиб, замонавий кўринишдаги бинолар, янги-янги савдо ва маиший хизмат иншоотлари барпо этилиб, ишга туширилаётгани туман аҳлининг фидойилиги ва бунёдкорлиги самарасидир. Шу кунларда туман марказида "Шаҳрихон" савдо мажмуаси қурилиши жадал олиб борилмоқда. Мазкур мажмуа ишга тушгач, туманда аҳолига савдо, маиший хизмат кўрсатиш кўлами ва сифати тубдан яхшиланади. Қолаверса, юзлаб янги иш ўринлари яратилади. Айни кунда тумандаги Андижонлик, Қора-кўрпа, Янги замон, Дўрмон, Қум, Ваҳм маҳаллаларида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари эътиборга молик.
Кўрик-танлов тантаналари доирасида тумандаги Бўстон, Абдусамад ва Хувайдо маҳаллаларда "Истиқлол", "Азизим", "Висол" деб номланган янги тўйхоналар фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ваҳм қишлоғида иш бошлаган сутни қайта ишлаш корхонасида бўлиб ўтган тақдимотда корхона маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Шу қишлоқда қад ростлаган 10-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси, айниқса, болажонлар, санъат ихлосмандлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
* * *
Хўжаобод туманида ҳам бун-ёдкорлик борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тумандаги корхона, ташкилот ва муассасаларда, коллежлар, мактаблар ҳамда болалар боғчаларида, фермер хўжаликларида, ҳар бир гузар, кўча, маҳалла, қишлоқдаги ободонлаштириш ишлари таҳсинга муносибдир.
Айниқса, Навоий, Чимбулоқ, Саноатчилар, Манак, Дилкушод, умуман, тумандаги қатор маҳаллаларидаги ҳар бир хонадон соҳиби ўз томорқасига, кўчасига эътибор, меҳр билан қараши, чиройли ишлов бераётганлиги, томорқадан унумли фойдаланаётганлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
- Ободлик, саранжом-саришталик, тозалик ва гўзаллик бор жойда юксалиш бўлади, - дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Маъмурахон Абдужабборова. - Шу боис ҳам юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни обод қилишдек эзгу ҳаракатда барча фаол иштирок этмоқда.
Бу фуқароларимизнинг юрт равнақига, унинг обод ва кўркам бўлишига бефарқ эмасликларини англатади. Демак, Ватанни обод қилишга иштиёқ, хоҳиш, чин дилдан ёндошиш бор экан, Ўзбекистонимиз шубҳасиз, гуллаб-яшнайди.
Шу куни кўрик-танлов доирасида Бирлашган қишлоғида тумандаги ташкилот ва корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари жамоалари, маҳаллалар, ҳунармандлар ва оилавий тадбиркорлар томонидан спорт мусобақалари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, гуллар кўргазмаси, савдо ярмаркаларининг ташкил этилганлиги байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Танлов якунида туман марказидаги капитал таъмирланиб, ишга туширилган "Наргиз" маданият ва истироҳат боғида катта концерт дастури намойиш этилди.
Мазкур кўрик-танлов доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги ишлар намо-йиш этилди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур танлов юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этишга ундайди. Шу билан бирга, хал-қимиз руҳиятини кўтаришга, улуғ неъмат - Истиқлолга шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
Суратларда: тадбирлардан лавҳалар Ҳ.Араббоев олган cуратлар
|