№34, 20.08.2015 ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР
КЕКСАЛИКНИ ПИСАНД ЭТМАЙМАН
- дейди Хўжаобод тумани, "Узун кўча" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Холисхон момо Абдуллаева.
Ҳалоллик билан умр кечирган инсонгина ҳаловатга эришади. Меҳнатни улуғлаганки, ўз қадр-қимматига эга бўлади. Ҳаёт йўллари билан атрофидагиларга ўрнак бўла оладиган инсонлар орамизда кўплаб топилади.
Қаҳрамонимиз Холисхон момо ҳалол меҳнати, содда ва ҳазилга мойил қалби, дилкаш чеҳраси билан одамлар ҳурматини қозониб келди. Ўзининг табаррук ёшини қарши олган момони кўриб, очиғи, ҳайрон қолдик. Негаки, онахон ҳали жуда тетик. Хонадонига кириб борганимизда, радиодан шўх ашула эшитилар, момо эса ҳовли саҳнидаги сўри ёнида рақс тушарди. Бизни кўриши билан радионинг овозини пастлатди-да, пешвоз чиқди.
- Зерикиб, ўтиргандим. Эндигина ўзимни чалғитиш мақсадида би-ир ўйнаб олай, дегандим, - дея бизни сўрига таклиф қилди.
Холисхон момо билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Онахон ҳаёт йўллари, қийинчиликда ўтган ёшлик даврлари ҳақида гапирар экан, гоҳ кулиб, гоҳ кўзлари ёшланиб сўзларди. Турмуш ўртоғи Абдураим ота билан 45 йил умргузаронлик қилган момо уларнинг вафотидан сўнг фарзандларига, набира ва чевараларига суянди.
Онахон келинлари бўлишига қарамай, уй ишларига ҳам уннаб кетаверадилар. Ҳатто шу ёшида ҳам қизи Раънохон опа билан бирга маҳалланинг узатиладиган қизлари сепининг кўрпа-тўшакларини тикади, қовийди. Бундан завқ олишини таъкидлайди. Холисхон момо газета ва журналлар ўқишга ҳам имкон топади. Унинг кўзойнаксиз мутоала қилишига ҳавасимиз келди.
Холисхон момо иккинчи жаҳон уруши даврида далада ишлади, механизаторлик қилди. Кейинчалик узоқ йиллар ички ишлар соҳасида ҳалол ва самарали меҳнат қилди.
Момо фарзандлари, набираларига, ёшларга меҳр-муҳаббатда гап кўп эканини, бугунги тинч, тўкин ва осойишта кунларга шукрона келтириш кераклигини кўп бор таъкидлайди. Шунинг учун ҳам фарзандларини оилага тайёрлашда, турмуш қуришларида кўнгилларига қаради. Ҳозир тўққиз фарзанди ўзидан кўпайиб, ўн олти набира, ўттиз чеварани олиб, момонинг хонадонига йиғилганларида, ҳовли гўё тўйхонага айланади.
Холисхон момонинг тетик ҳаракатлари, дилкаш суҳбатидан дилимиз яйради. Суҳбат асносида онахон ашула хиргойи қилиб берди.
- Кексаликни писанд қилмайман. Унга қайрилсам, касалликларга эгилган бўламан, - дейди онахон. - Хушчақчақ бўлиб, ёшларга хос ғайрат билан яшасам, хали чевараларимнинг ҳам фарзандларини кўраман.
Очиғи, онахоннинг гапларию ҳаракатлари бизни лол қолдирди. Дарҳақиқат, орамиздаги мана шундай инсонларнинг борлиги бизни ҳам ғайрат-шижоатга, улардан ибрат олишга ундайди. Ҳаётимиз кўрки бўлган Холисхон момо сингари нуронийларимиз бахтимизга ҳамиша омон бўлсинлар.
Зилола РАҲМОНОВА.
Суратда: Холисхон момо
Абдуллаева.
|