№34, 20.08.2015 ЯНГИ КИТОБ
САМАРБОНУНИ ЎҚИБ...
"Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖ босмахонасида машхур шоира Самарбону ҳаёти ва ижодига бағишланган янги китоб нашр этилди.
Марҳамат туманидаги "Турон" ўқув маркази раҳбари Ортиқали Хусанов томонидан тайёрланган мазкур китобда юртимиз тарихида ўзининг ижоди, маърифатпарварлик фаолияти, оқила ва қатъиятлилиги билан миллатимиз аёлларининг тимсолларидан бирига айланган шоира Самарбону ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ кўплаб маълумотлар ўрин олган. Айниқса, унда ҳозирга қадар кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган янги маълумотлар борлиги, ўқувчида катта қизиқиш уйғотиши табиий.
Қуйида ана шу китобга киритилган мақолалардан бирини ўқувчилар эътиборига ҳавола этамиз.
Тўхтасин Жалоловдек забардаст олимнинг изланишлари, асарларини таҳлил қилиш, уларни баҳолаш фикридан йироқмиз. Фақат унинг шоира ҳақидаги маълумотларини тўлдириш, уларга аниқлик киритишни олдимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз. Таъкидлаш жоизки, Т. Жалолов мумтоз адабиётимизнинг ўттизга яқин вакилалари дурдона асарларини излаб, топиб, китоб ҳолида халқимизга тақдим этганлиги ҳар қанча таҳсинга муносибдир.
Олим ўз асарларида воқеаларни, маълумотларни ўзгартирмай, жило бермай, борича баён этганлиги кўпчиликка яхши аён. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, унинг китобларидаги шоира Самарбону ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар ҳам хабар берувчиларнинг шахсий фикри, бир манбаа сифатида ёритилган. Олим уларга ўзгартиш киритиш, тартибга солиш ёки изоҳ беришга уринмаган. Бироқ Тўхтасин Жалолов шоиранинг шажарасини тузган. Шоира шахсига, ижодига юқори баҳо берган. У Самарбону тўғрисида деярли беш йил самарали изланишлар олиб борган ва буни "Ўзбек шоиралари", "Бону" ва "Гўзаллик оламида" номли асарларига жамлаганлигини ҳурмат билан тилга оламиз.
Юқоридаги асарларда ёзилишига кўра, яъни шоира Самарбонунинг ўшлик қариндошлари унинг ҳаётлиги даврида ғарибликда ва оғир ҳаёт кечирганлиги тўғрисида бирорта ҳам сўз айтмаган. Бону асарларидаги ноласини тинглаб ва Марҳамат туманидаги Ўқчи қишлоғида яшаётган авлодлари берган маълумотларга асосланиб, шоира то умрининг охиригача мана шу қишлоқда яшаганлигига амин бўламиз. У асарларидан бирида "Шарифим сарри пойидин ўзум жўкурмадим ҳаргиз…" дейди. Яъни Шарифи (Бонунинг умр йўлдоши) ўлдирилганда ҳам унинг пойидан (дафн қилинган қишлоғидан) ҳеч қаерга кетмаганлигини айтади.
1837 йилда Ўшда туғилган Бону 18 ёшида, демак, 1855 йилда мингтепалик боғбоннинг ўғлига, яъни отаси Сирожийнинг шогирди Шарифжонга турмушга чиққан. Шеъру ғазалларида у умрининг охирига қадар севгисига содиқ қолганлиги, ҳаёти оғир синовлар билан кечганлиги тўғрисида ёзади:
Бону айтур бу оламдаки,
ғамсиз юрмадим ҳаргиз,
Бу дунё даврини шодмону
хандон сурмадим ҳаргиз.
Жаҳонда юрдиму турдим,
неча чектим жафоларни,
Жафосин кўрдум, эй
дўстлар, вафосин кўрмадим ҳаргиз.
Самар Бону ҳам бобоси Ҳувайдо каби ишққа руҳий ва илохий кўз билан қараганлар. Ишқни муқаддас билганлар. Унга содиқ қолганлар ва бу йўлда собит турган. Демак, шоиранинг шеъру ғазаллари мазмун-моҳиятига эътибор қаратсак, у бой-бадавлат яшаган отасининг ҳимоясида эмас, ҳақиқатан ҳам меросидан маҳрум бўлиб, то умрининг охиригача ғарибликда яшаганлигини кўришимиз мумкин. Шоиранинг кўплаб авлодлари Ўқчи қишлоғида яшаётганлиги ва уларнинг берган маълумотлари ҳам бизга ишончли далил бўлиб хизмат қилади.
Аввалги яратилган манбааларда Самабону ҳаёти билан боғлиқ чалкашликлар кўп учрайди. Шоиранинг Ўшдаги қариндошлари у ҳақдаги маълумотларни тўлиқ ва аниқ билмасликлари табиий. Сабаби, отаси Самар Бону ҳаётлигидаёқ қизидан воз кечган эди. Қолган қариндошлари билан ҳам шоиранинг алоқалари яхши бўлмаган. Бу ҳақда муаллифларнинг ёзма манбааларида батафсил баён этилган.
САМАРБОНУНИНГ МИНГТЕПАГА КЕЛИШИ
Самар Бонунинг Мингтепага келиши тўғрисида ҳеч ким эътибор бермаган бир ҳолат бор. Агар Тўхтасин Жалолов "Бону Мингтепага, ўз мажнуни Шарифжон ҳузурига қочиб борди" деб изланишлари хулосасини берса, ёзувчи Соҳибахон Ҳошимова эса "Шарифжон Бонуни олиб қочиб кетди" дея бадиий тарзда талқин этади. Лекин Самар Бонунинг набираси Энахон момо онасидан эшитган шоиранинг Ўқчига келиши билан боғлиқ ғаройиб ҳодисани гапириб берган. Балки бу бир ривоят бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам халқ ичида мулла Мамашарифнинг соҳиби каромат инсонлардан эканлиги, унинг авлодлари ҳам ноёб қобилиятли кишилар бўлганлиги ҳақида ҳозиргача гап-сўзлар юради. Момонинг айтишича, Сирожий (Бонунинг отаси) шогирди мулла Мамашарифни (Шарифжонни) қизига бўлган самимий муносабати учун уйидан ҳайдаганидан сўнг у Ўқчига қайтиб келган. У яшаган уйнинг ҳовлисида ҳовуз бўлган. Кучли диний билимга эга бўлган Шарифжон Бонунинг келишини дуо ўқиб, ҳовуздаги сувда кўриб турган экан. Яъни, Самар Бону Ўшдан қочиб йўлга чиққанидан бошлаб то Ўқчига, Шарифжон яшайдиган қишлоққа кириб келгунча ҳовуз сувида Шарифжонга кўриниб турган. Бону қишлоққа кириб келаётганида, у етиб келди, дея оила аъзолари билан унга пешвоз чиқишиб, кутиб олишган экан.
БОНУНИНГ МИНГТЕПАДАГИ ҲАЁТИ
Самар Бону 1855 йилда ўқчилик Шарифжонга турмушга чиқади. Орадан ўн ой ўтар-ўтмас Шарифжонни ўлдиришди . Бону 19 ёшида қўлидаги чақалоғи Заҳириддин билан тул қолди. У энди ёлғиз, кимсасиз, ғариб бўлиб қолди. У ўз ғазалларида ҳаётининг ана шу оғир дамларини қуйидагича баён этади:
Мен ғариб, Бону ғариб,
отим ғариб, зотим ғариб,
Бу ғарибликда юрубман
каҳрабодек сарғариб.
Қичқириб кўнглум
ёзолмай термулурман
ҳар сари,
Йўқки бир амма-хола,
ё бир опа келса кириб.
Кирибон келса эшикдин
гоҳ ногоҳ бир жигар :
Кўксум очиб кўрсатардим
ҳам тақи бағрим ёриб.
Бону ҳаётда қанчалар тушкунликка тушмасин, қийинчиликларга учрамасин, севган инсонига садоқат билан яшаш учун, қолаверса аждодлари сингари қатъиятли бўлишга, уларнинг йўлидан боришга ўзида куч топа олди.
Ортиқали ҲУСАНОВ,
Марҳамат туманидаги "Турон" ўқув маркази раҳбари.
|