№34, 20.08.2015 ҲИКОЯ
ЭСДАН ЧИҚМАЙДИГАН САБОҚ
Ишларини ҳар кунгидан анча барвақт тугатган Алишер йўл-йўлакай бозорга кирди. Рўзғорга майда-чуйда ҳарид қилди. Азиза ўтган куни, "Яхши товуқ бўлсайди, ўзим қўлбола қилиб табака пиширардим", деган эди.
Танлаб-танлаб иккита ёшроқ жўжа гўштини сотиб олди. "Онам тўшини яхши кўради. Боришим билан Азиза ишга киришса, бироз дам олгунимча пишириб, тайёр қилади. Бугун бир маза қилиб қовурилган товуқ гўшти ейлик", деб ўйлади. Йигит киши учун онаси билан хотинининг аҳил-иноқлиги катта давлат экан. Мана, уйланганига олти-етти йил бўляпти, онаси бирор марта "Хотининг ёмон", демади. Азизанинг ўзиям чаққонгина, сариштагина жувон-да. Ишхонасидаги дўсти Нозим нуқул хотини билан онасининг жанжалидан сиқилиб юради. "Хотинимга яхши гапирсам онам, онамга яхши гапирсам хотиним тумтайиб олади. Иккаласининг кўнглини бирдай олишга ҳар қанча уринсам ҳам қўлимдан келмайди", дейди бечора.
Алишер эса бу масалада сира бош қотирмайди. Онаси ҳам, хотини ҳам уни кулиб кутиб олиб, кулиб кузатишади.
Алишер шулар ҳақида ўйлаб бораркан, бу сафар Чимён томонларга онасини ҳам олиб боришни дилига тугиб қўйди. Машинани дарвоза олдида тўхтатиб, сигнал чалиб, келгани ҳақида хабар бермоқчи бўлди-ю, аммо индамай кириб борса, бирдан онасининг юзи ёришиб кетишини, болалари қийқириб унга талпинишини ўйлади.
Дарвоза қия очиқ экан. Қўли банд бўлгани учун елкаси билан дарвозани туртиб очмоққа шайланган пайти ичкаридан хотини билан онасининг қаттиқ-қаттиқ гаплашаётгани қулоғига чалинди.
- Азизахон, Халима холангиз ярим соатдан ошиқроқ ўтирди, олдимизга дастурхон ёзиб, бир пиёла чой олиб келмадингиз-а. Ўзиям роса уятли иш бўлди-да. Сиз турганда мен ўзим чойга ҳаракат қилай десам, уяламан, - дерди онаси.
- Ўзи шу Халима хола жуда жонимга тегиб кетди. Уйимиз карвонсаройга ўхшайди. Ҳали у қўшни киради, ҳали буниси. Қайси бирига қарай? Атайлаб чой бермадим. Кошки, шу билан уч-тўрт кун қорасини ўчирса, - дея жавоб берди Азиза.
- Айланай қизим, одам бор жойга одам келади. Мен борман, қўшнилар киришяпти. Бўлмасам, уларни чорлаб чақирсангиз ҳам келишмайди.
- Келмаса келмасин. Жа-а, кўзим учиб тургани йўқ. Буларнинг дастидан уйда бирпас тинчлик йўқ.
- Сизни уринтирадиган иш бўлмаса. Уйларингизни бир ҳафтада бир марта Салтанат тозалаб кетади. Шугина қўни-қўшнининг кўнглига қарамасангиз, бошқа нимаям иш қилардингиз?..
- Ҳали шу гапни дилингизга тугиб юрганмидингиз? Салтанат уйимни тозаласа, пулини Алишер акам тўлаяпти. Сизнинг нафақа пулингизга осилаётганим йўқ, - Азиза гапира туриб ниманидир тарақлатиб отиб юборди.
- Ҳай-ҳай Азизахон, унақа аччиқ қилманг, болам. Агар гапим оғир ботган бўлса, қайтиб олдим. Бир пиёла чой ҳам қурибгина кетсин.
- Ҳар сафар шунақа қиласиз, жанжални бошлаб, асабимни бузиб қўйиб, Алишер акам келганда ҳеч нарса билмагандек ўтираверасиз. Келсинлар, билсинлар... Маҳалланинг кампирлари билан сизга хизматкор бўлиб қолдим.
- Тавба, мен бор-йўғи бир пиёла чой сўрадим-а, қизим.
- Бугун ҳам шу гап билан қутилмоқчимисиз? Ҳар икки кунда мана шундай жанжал чиқармасангиз, кўнглингиз жойига тушмайди.
Бу гапларни эшитган Алишер турган жойида тошдек қотиб қолди. Наҳотки, унинг севимли рафиқаси онасига шундай муносабатда бўлса. Нега буни шу пайтгача билмади. Онаси уни бирор марта ҳатто қовоғини солиб кутиб олмаган. Йигит шаҳд билан ичкарига кириб борди. Унинг шарпасини сезган онанинг юзига табассум югурди:
- Вой, айланай, келдингми болам? Бугун вақтлироқ қайтибсанми? Ҳай, Азизахон, қаранг, қизим, Алишер келди. Дарров қўлидагиларни олинг. Чарчамадингми? Қани кел, бу ёққа ўтир.
Алишер зимдан онаси билан хотинига кўз ташлади. Азизанинг юз-кўзлари ҳам бирдан мулойим ва хотиржам тортиб қолганди. У Алишер келтирган бозорликларни қайнонасининг олдига қўйди. Насиба опа сумкаларга бир қур назар ташлаб олгач, келинига:
- Буларни обкириб жойлай қолинг, - деди.
Азиза ҳам одатдагидек жилмайиб:
- Хўп бўлади, ойижон, - дея нарсаларни олиб ошхонага йўналди. Эшик олдига етганида ортига ўгирилиб: - Нима овқатга уринайин? - деб сўради.
Алишер уйдаги об-ҳавонинг бирданига бунчалик тез ўзгарганидан ҳайратда қолди. Онаси билан хотини гўё ҳеч нарса бўлмагандек тутишарди ўзларини. Ичкарига кириб кийимларини алмаштирди. Бўйнига осилган беш яшарлик қизчасини эркалаб ўпиб қўйди ва хаёлига келган ўйдан кўнгли равшан тортиб, қизалоғини меҳмонхонага бошлади. Қизига ёқтирган мультфильмини қўйиб бериб, Алишер бир муддат ўйга толди. Азизани қандай қилиб тартибга чақирса экан. Агар жанжал кирганидан кейин ҳам давом этганида эди, "Онамни нега хафа қиляпсан", деб таъзирини берса ярашарди. Аммо бирдан тинчиб қолишди. Онаси "Болаларнинг олдида хотининг билан уришиб-талашиб юрмагин, нима гапинг бўлса ўзи билан ёлғиз гаплаш. Йигит кишининг ҳар бир иши зийнатлик бўлиши керак. Отанинг ҳар бир ҳаракатидан бола ибрат олиб ўсади", деб қулоғига қуярди.
- Асал, менга қара, - деди у қизининг бошини силаб. - Аянг билан бувижонинг ҳали нимага уришишди?
- Нимайди?..
- Билгим келди-да...
- Халима бувижон чиқувди... Бувижоним билан гаплашиб ўтиришди.
- Аяжонинг нима қилятувди?
- Биз телевизор кўриб ўтирдик. Кейин бувижоним аямга чой олиб келинг, деди. Аямнинг аччиғи чиқиб, чой ичмай заҳар ичсин шу Ҳалима хола, деди. Дада, заҳар ичса одам ўлиб қолади-ку, а? Кейин Халима буви кетди. Бувим чой берсангиз бўларди-ку, деганди, аямнинг яна аччиғи чиқиб кетди.
- Асал қизим, аянгнинг аччиғи шунақа тез-тез чиқиб турадими?
- Ҳа, сиз бўмаган пайтингиз, кўпинча шунақа бақириб, чақириб кетадила. Бувижоним иккалови роса айтишиб кетишади. Мен қўрқиб кетаман, кейин, яхшиям, сиз келиб қоласиз. Улар ярашиб олишади.
* * *
- Бугун ойимнинг сал кайфияти йўқмиди? - дея хотинидан сўради. Алишер овқатланиб бўлишгач.
- Йўқ, ойим яхшилар.
Шу билан суҳбат тугади. Алишер эртаси, индинига ҳам ич-этини еб юрди. Онаси - унинг ёлғиз сунячиғи. Отаси оламдан ўтганида, Алишер бешинчи синфда ўқирди.
Насиба опа ўзининг ишини тугатиб келгач, кечқурун икки-учта жойда фаррош бўлиб ишларди. Алишер онасини қўриқлаб юрар, иккаласи алламаҳалда уйга қайтишарди. Шу тариқа Насиба опа Алишерни на тоғаларига ва на амакиларига мўлтиратди. Бир ўзи едириб ичириб, кийинтириб, катта қилди. Институтда ўқитди. Энди оғзим ошга етди, деганида эса Азизадан шу гапларни эшитиб ўтирса. Тағин бу гапларни Алишерга билдиргиси келмайди.
* * *
- Ие, ойи, сизга нима бўлди? - деди ишдан эртароқ қайтган Алишер бошини боғлаб ошхонада ўтирган онасига.
- Сал қон босимим ошган кўринади. Ҳозир бир пиёла кўк чой ичсам, ўтиб кетар...
- Азиза қани?
- Дам оляпти, шекилли. Уям болалар билан чарчайди-да.
Алишер ўзининг хонаси сари юрди. Азиза бамайлихотир телевизор кўриб ўтирар, қизи Асал эса:
- Аяжон, бувижонимга чой дамлаб берайлик, юринг, бошлари оғрияпти, - дея унинг енгидан тортқиларди.
- Э-э, бор-э, ўша бувинг билан... - Азиза қизини силтаб нари сурди.
Алишер аста томоқ қирди. Азиза унинг шарпасини сезиб шоша-пиша телевизорни ўчириб, пешвоз чиқди.
- Вой, Алишер ака бунақа эрта келадиган одатингиз йўқ эди-ку?
- Тез болаларни кийинтир, ўзинг ҳам иссиқ кийимларингдан ол, Тошкентга бориб келамиз, - деди у хотинига.
Азизанинг юз-кўзларига қувонч ўрлади:
- Вой, бу ўй тағин миянгизга қаёқдан кела қолди?
- Анчадан бери ўйлаб юрувдим. Сира мавриди бўлмаётганди. Болаларга кўпроқ кийим-кечак ол. Анча қолиб кетишимиз мумкин.
- Ойимни ҳам олиб бораман, дегандингизу?..
- Ойим бошқа сафар боради.
Азиза болаларини кийинтириб, ўзи ҳам кийиниб шай бўлиб чиққанда, Насиба опа уларга қараб ҳайрон бўлиб қолди:
- Қаёққа кетяпсизлар?
- Тоққа, Чимёнга бориб келарканмиз? - деди Азиза лаб-лунжини йиғиштиролмай.
- Шунақами? - деди она ўғлига маъюс мўлтираб.
- Ҳа, анчадан бери борамиз, деб юрувдик, ҳеч ишдан қўлим бўшамади.
- Ойижон, энди уч-тўрт кун бир амаллаб ўтирасиз. Бизсиз қийналиб қолсангиз керак, - деди Азиза қайнонасининг юзидан ўпиб хайрлашаркан.
- Майли сизлар ўйнаб-кулиб келсангиз бўлди. Яхши боринглар. Алишер, болам, сал олдинроқ айтганингда бўларкан шу гапингни - деди она мўлтираб.
- Майли ойи, хафа бўлманг. Яхши ўтиринг.
Ўғил шундай дея машинасини юргизиб, болаларини олиб жўнаб кетди. Ортидан онасининг маъюс лаб тишлаб қолганини машина ойнасидан кўриб турарди...
* * *
- Ие нимага бизнинг қишлоққа кетяпмиз? - деди Азиза эрига қараб.
- Уйдагилар билан хайрлашиб кетайлик.
- Зўрсиз-да, дадажониси, қаранг, бизникига кириб, хайрлашиб кетиш, менинг хаёлимгаям келмапти-я.
Улар хуш-хандон чақчақлашиб кириб боришганда Алишернинг қайнонаси ош дамлаб ўтирган экан.
- Буни қаранглар, шу бугун кўнглим бир нимани сезувди-я, - деди у жилмайиб. - Қани, ўтиринглар...
Алишер ошни еб бўлгунча Азиза Тошкентга кетишаётгани, йўл-йўлакай хайрлашгани киришгани ҳақида мақтаниб ўтирди. Ошдан кейин бир пиёладан чой ичишгач, Алишер аста ўрнидан турди.
- Ойижон, сизда икки оғиз гапим бор эди.
- Майли, болам, майли, - дея қайнонаси уни бошқа хонага етаклади.
Алишер унга охирги кунларда бўлиб ўтган воқеаларни, Азизанинг кундан-кунга ўзгариб бораётганини ётиғи билан тушунтиргач:
- Уйда уришиб сўкай десам, ойим қўймасдилар. Ортиқча гап-сўз кўпаймасин, дедим. Шунинг учун ўзингиз ўстирган қиз, феъл-атворини ўзингиз яхши биласиз, беш-олти кун олиб ўтирсангиз, насиҳат қилсангиз, қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилашни ўрганса, ҳадеб ойимнинг юзига сапчийвермаса, деб шу ёққа олиб келавердим - деди.
Қайнонаси устидан муздек сув қуйилгандек туриб қолди. Сўнг унинг елкасига қоқди:
- Раҳмат, болам. Қизимнинг сал ақлини киргизиб, кейин ўзим олиб бориб қўяман, - деди.
- Бўлмаса, мен кетдим. Уларга кетганимни айтиб қўярсиз, - дея Алишер ташқарига чиқди-да, уйига жўнади.
Кириб борганида йиғлайверганидан онасининг кўзлари шишиб кетганди. У Алишерни кўриб, анқайиб қолди. Сўнг юз-кўзларига ваҳима ифодаси сачради:
- Вой, тинчликми? Нимага қайтиб келдинг?! Болалар қани? Нима бўлди?!
- Ҳеч нима бўлмади, уларни онасиникига ташлаб келдим.
- Йўқ, мени алдаяпсан? Бир балога йўлиққанга ўхшайсан. Қани тур-чи, ҳалокатга учрадингми? Ўзим ҳам ўйловдим-а, ичим оғримаслиги керак деб, аммо бу кўнгил ўлгурга гоҳида буюриб бўлмас экан. Тошкентга кетяпман, деб мендан маслаҳатсиз, жўнаб қолганингни эшитгач, жудаям хафа бўлиб кетдим. Наҳотки, шу бола менинг ўғлим бўлса?.. деб озгина мунғайдим-да, болам...
Алишер кулимсираб онасининг ёнига ўтирди. Елкаларидан қучоқлаб олди.
- Ойижон, сизга айтмай, ўртоғимникига бормайман-у! Тунов куни Халима хола кириб кетгандан кейин келинингиз билан ораларингда бўлиб ўтган гапни эшитдим. Билсам, Азиза ўзгариб қолибди. Шунақа ўзгариб кетдингми, деб шу ерда уришиб - сўкай десам, яна баттар сиқилиб қоласизми, деб ўйладим. Ўйлаб-ўйлаб онасиникига олиб бориб қўйишга қарор қилдим. Онаси озгина насиҳат қилсин. Ана ундан кейин олиб келиб беради.
- Вой, болам-ей, қудаларимниям безовта қилибсан-да...
- Агар жанжаллашиб ташлаб келганимда, безовта бўлишарди. Ҳозир улар безовта эмас. Қўяверинг. Қани, яна иккаламиз қолдик. Бир қайнатма шўрва солиб беринг. Сизнинг овқатларингизни соғиндим.
* * *
Эртасига ишга қайтган Алишер уйга яқинлашганда кўнгли ажабтовур ҳаприқиб кетди. Эшиги олдида қайнисининг машинаси турарди. Ичкарига кирди. Азиза яна аввалгидек гул-гул яшнаб ҳовлида елиб-югуриб хизмат қилаётган, ичкарида меҳмонхонада икки қуда ҳангомалашиб ўтиришарди.
Алишерга кўзи тушиши билан Азиза ёлғондан аразлагандек хўмрайиб қўйди.
- Тошкентга саёҳат қандай ўтди? - деди Алишер унга яқинлашиб.
- Ҳеч қачон эсимдан чиқмайдиган қилиб тарбия бердингиз менга, - дея жилмайди Азиза.
Ёдгора ЖУМАНАЗАР.
|