№35, 27.08.2015 ОГОҲЛИК
ҲУШЁРЛИКНИ УНУТМАЙЛИК!
Мамлакатимизда қонун устиворлиги таъминланган. Юртимиз ва хориж фуқаролари томонидан чегара постлари орқали олиб кириладиган ва олиб чиқиб кетиладиган буюмлар, маҳсулотлар қатъий белгилаб қўйилган.
Шунга қарамай, айрим шахслар қонун билан тақиқланган буюмлар, яъни диний мазмундаги аудио ва видеороликларни юртимизга олиб киришга уринаётганликлари мавжуд қонунларимиз ҳамда давлатимизга нисбатан ҳурматсизликнинг бир кўринишидир.
Ана шундай ноқонуний ҳаракатларни амалга ошираётганлар орасида аёлларнинг борлиги эса ачинарлидир. Афсуски, улар ўз қилмишлари билан юртимиз тинчлигига, мустақиллигига раҳна солишга уринмоқдалар. Вилоят божхона бошқармаси чегара постларида аниқланган қуйидаги ҳолатлар фикримизга мисолдир.
Жорий йилнинг 10 июль куни Андижон вилояти божхона бошқармаси "Андижон аэропорти" чегара божхона пости томонидан "Санкт Петербург-Андижон" йўналишидаги самолётда Андижонга учиб келган юртимиз фуқароси Хилола Бобораҳимованинг қўл телефони текширилганда, унинг хотирасида 32 та диний мазмундаги аудиоёзувлар борлиги аниқланган.
Шундай ҳолат "Дўстлик" чегара постида ҳам кузатилган. Яъни, Қирғизистон Республикасидан мамлакатимизга кириб келаётган Россия Федерацияси фуқароси Мастура Турсунованинг қўл телефони назоратдан ўтказилганда, хотирасида 3 дона диний мазмундаги аудиоёзувларнинг борлиги аниқланган.
Шунингдек, "Дўстлик" чегара пости орқали Қирғизистон Республикасидан юртимизга кириб келаётган давлатимиз фуқароси Ёрқиной Тожибаевага тегишли "micro - sd" номли уяли алоқа воситаси учун мўлжалланган флешка текширилганда, унинг хотирасида 8 дона диний мазмундаги материаллар борлиги аниқланган.
Юқорида келтирилган ноқонуний ҳаракатлар бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонун барча учун баробар. Бироқ, айрим аёлларнинг бу мезонни унутиб, қонун доирасидан четга чиқишлари, салбий ҳолатларни содир этишлари аянчлидир.
Ҳурматли, опа-сингиллар! Билиб-билмай ноқонуний қилмишлар эгасига айланиб қолманг.
Андижон вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати.
|