Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№35, 27.08.2015

КУЮНЧАК МУШТАРИЙ МАКТУБИ

"ОВСИНУ-У, ИШАНИ БОШЛАНДИ-И-И..."

Таҳририятга келган ушбу мактубни ўқиб, хат муаллифининг куйгулигу кулдиргулик мулоҳазаларини ўқиб, унинг фикрларига тўла қўшилдик. Мактубда тилга олинган аччиқ ҳақиқатлар лабга табассум келтирса-да, кўнгилга оғриқ индириши бор гап. Шу сабабли мактубни Сиз азиз муштарийлар ҳукмига ҳавола этдик.

* * *

...Эрта тонгда уйқудан кўз очар-очмас болаларимни туртиб-йиғлатиб уйғотаман. Сабаби ишга боришим, йўл-йўлакай болаларни боғчага ташлаб ўтишим керак. Куни билан ишда, кечқурун ҳам ишхонада улгурмаган ишларимни йиғиштириб келиб, кечки овқатдан уйқу маҳалигача ишлаганим учун телевизор кўришга ҳолим ҳам, хоҳишим ҳам бўлмайди. Бир куни уйга қишлоқдан овсиним меҳмон бўлиб келдию, "Ёшлар" телеканалидан "Ишани" деган сериал берилишини билиб қолдим. Овсиним "Ишани" бошланса ҳеч кимдан, ҳатто қайиноғаси - эримдан ҳам хижолат чекмай телевизор тагига кириб олади. Баъзан сериал қаҳрамонларини қарғаб, баъзида йиғлаб сериал томоша қилади. Овсинимни "уйда ўтиради, зерикканидан сериал кўрса керак-да", деб ўйлагандим. Бироқ эътибор қаратсам, бутун маҳалламиз, шаҳримиз, ҳатто вилоятимиз аҳолиси "ишанамания" касаллигига чалинганини билдим.

Таътилга чиқиб, онамни кўргани қишлоққа бордим. Қишлоқда "Ишани" бошланган пайтда кўча-куйда ҳатто пашша ҳам учмайди. Одамлар-ку майли, ит, мушук товуғу қўйларгача "Ишани" томоша қилади. Ҳайратдан ёқамни ушлаб, оғзимни ёполмай қолдим. Тили чиқмаган болакайлар ҳам "Ишани" томоша қилган, энди оёқ чиқарган қизалоқлар онасининг рўмолини сари қилиб ўраб, ўчоқдаги қора куядан пешонасига хол ясаб қўндирган.

Бекорчи эркакларга паноҳ бўлаётган чойхона, дўконларда ҳам "Ишани" муҳокамаси, кампирлар Ишанининг бувисига ўхшаб ҳамма нарсага бурун суққан, оналар Ишанининг онасидек арзимаган нарсаларни катта фожеага айлантирган. Ҳаммасидан ҳам ошиб тушадигани - қизларнинг Ишанига чин ихлос билан тақлид қилишлари бўляпти! Қизлар ёппасига сочини бир ёнга ташлаган, лабига шафтоли рангли лаб бўёғи сурган, энг ачинарлиси, айрим қизлар Ишанининг кўйлагига ўхшатиб орқаси белигача очиқ ўртасидан ип билан бойлаб қўйилган алламбало кўйлак кийишга иштиёқманд бўлиб қолишган. Чевархоналар қиз-аёллар билан тирбанд, тикувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Ҳаммасидан ҳам тижоратчиларнинг бозори юришган. Мато сотадиганлар "Ишани" деган матони пуллаяпти, пойафзал савдоси билан шуғулланадиганлар енгил шиппакка Ишани номини бериб савдосини қойиллатяпти. Ҳайитда "Ишани" деган хина ҳам роса тижоратчиларни қувонтирди. Булар ҳам майлику-я, "Ишани" ошиқ-маъшуқларнинг ҳам жонига оро киряпти. Йигит севган қизининг уйидагилари "Ишани"га ёпишиб қолганини билиб, унга смс юборади. Пайтдан фойдаланиб сериал пайтида қиз йигити билан учрашади.

Айтарсиз, "телевидение томонидан сериал қўйилгач томошабин томоша қилади-да, нима бўлибди шунга?!" дея. Лекин ўқитувчи сифатида мен сериал ортидаги маънавий зарарларни мулоҳаза қилдим. Аввало, шунча одам томоша қиляпти, бу сериалда нимадир бордир, деган хаёлда бир сериясини томоша қилдим. Йўқ, аввал намойиш этилган сериал ва кинолардан ҳеч қандай фарқи йўқ. Демакки, бизнинг менталитетимиз, маънавиятимизга дахлдорлик ва фойдали жиҳати ҳам йўқ. Қайтанга ёшларнинг катталарга эътироз билдириши, қизлар онаси ва ҳаттоки отасига ҳам севган йигити ҳақида бемалол гапиришини қабул қилолмадим. Бу ҳолатларни оммавий маданият белгиси ва ёшларимиз маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган омиллар деб ҳисоблайман. Ҳурматли режиссёрларимиз, телевидение мутассаддилари бирор намойиш олдидан халқимизнинг содда, ишонувчан, бунинг устига ҳиссиётга берилувчан, тақлидга ўчлигини инобатга олишса, яхши бўларди. Аввал бир-бирининг кетини узмай Лотин Америкаси сериалларини қўйишди. Тан олиш керак, ёшлар орасида ошиқ-маъшуқликнинг ошкора тус олишида Лотин Америкаси сериалларининг "хизмат"и беқиёс. Ҳатто, оилали кишилар ҳам Мексика ва Бразилия сериалларидан сўнг "муҳаббат"ларини излаб қолишди. Корейс сериаллари эса халқимизга "муҳаббат учбурчаги" деган жумлани ўргатишди. Корейс сериаллари туфайли неча-неча ўзбек қизлари Кореяга турмушга чиқишга иштиёқманд бўлиб қолдилар. Турк сериаллари таъсирида романтик турмушга ҳавасманд қиз-аёлларимиз ҳанузгача турк эркаклари билан турмуш қуришда давом этишяпти. Худо кўрсатмасин, "Ишани"дан кейин қизларимиз "Ранвир"ларни излаб қолмасайди!..

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди