№36, 03.09.2015 МУКОФОТ СОҲИБАСИ
БАХТ НЕГИЗИ МЕҲНАТДА
Жумагул опа Исмоиловани булоқбошиликлар яхши биладилар. У тумандаги Майариқ қишлоқ фуқаролар йиғинидаги "Учкўча" маҳалла фуқаролар йиғинида узоқ вақтлардан буён маслаҳатчи вазифасида фаолият юритиб келади.
Асли касби ўқитувчи бўлган бу фидойи аёл устозлик касбида ўттиз йилдан зиёд ҳалол меҳнат қилиб, ёш авлодга таълим-тарбия берди. Моҳир педагог сифатида барча ҳамкасбларига ибрат бўлди, унинг дарслари юзасидан бир неча бор вилоят, республика семинарлари ташкил этилган. Нафақага чиққач, кўпчиликнинг тавсияси билан маслаҳатчи вазифасига тайинланди.
- Жумагул опа туманимизнинг жамоатчилик асосидаги бош маслаҳатчиси сифатида ҳам барча маслаҳатчилардан кўмагини аямайди, уларга устозлик қилади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Иродахон Сотволдиева. - Айниқса, ёш мутахассисларимизнинг билим ва тажрибасини оширишда опанинг алоҳида хизматлари бор.
Дарҳақиқат, Жумагул опа ўзининг самарали фаолияти, олиб бораётган ибратли ишлари билан ҳам кенг жамоатчилик, айниқса, маҳалладошлари ҳурмат-эътиборини қозониб келмоқда.
- Маҳалламизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, айниқса, аёллар саломатлигини сақлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда опанинг ўрни ва роли ниҳоятда катта, - дейди "Учкўча" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдусаттор Арапов. - Маслаҳатчи маҳалла онасидай гап. У ҳар бир оила муҳитини яхши билади. Жумагул опанинг ташаббуси билан ўтказилаётган турли давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар маҳалла ҳаётида, айниқса, ёшлар тарбиясида муҳим роль ўйнамоқда.
Жумагул опа кенг дунёқарашга эга аёл. Чунки у кўп ўқийди, изланади. У ўз режалари, маҳалла истиқболи йўлида амалга ошираётган тажрибалари, маслаҳатчилар масъулиятига доир фикр-мулоҳазаларини мақолалар тарзида туман, вилоят ва республика нашрларидан эълон қилиб туради.
- Бугун биз давр билан ҳам-қадам, шу кун нафаси билан яшамоғимиз лозим, - дейди Жумагул опа. - Бугунги маслаҳатчилар зиммасида улкан масъулият турибди. Юрт ободлиги маҳаллалардан, оилалардан бошланади. Оила тинч, маҳалла, юрт - тинч. Маслаҳатчи ўз атрофига кўпни кўрган кексаларни, фаолларни йиғиши лозим, уларнинг кенгашиши билан муаммолар осон бартараф этилади.
Бугун опанинг саъйи ҳаракати билан маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ишлари намунали тарзда амалга оширилмоқда. Сўнгги уч йил давомида ҳудуддаги учта кўчадаги икки километр газ қувурлари янгиланди, икки километр ҳудудга тоза ичимлик суви тармоғи тортилди, 1,5 километр ички йўллар асфальтланди. Маҳалла ўрами кўкаламзорлаштирилиб, 7000 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ҳалол меҳнат рағбатсиз қолмайди. Фидойилик кўрсатиб меҳнат қилган ҳар бир инсон, албатта, шунга муносиб тақдирланади. Ҳар бир ишда куюнчак Жумагул опа самарали фаолияти учун давлатимиз томонидан 2011 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирлангани уни яна-да фидойилик билан ишлашга ундади. Ушбу йилда эса Жумагул Исмоилованинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ҳамюртларимиз қатори "Эл-юрт ҳурмати" орденига муносиб топилгани ана шу изланишларнинг, ҳалол меҳнатнинг, юрт учун, халқ учун ёниб ишлашнинг мукофоти бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Халқ, юрт хизматидаги инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, фақат эъзоз, ҳурмат топаверади. Биз ҳам фидойи маслаҳатчи Жумагул опани юксак мукофот билан табриклаймиз.
Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,
Булоқбоши тумани.
|