Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№36, 03.09.2015

КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАЙЛИК

Ислом дини инсонларни доимо бир-бирларига яхшилик қилишга, меҳр-оқибатли бўлишга буюради. Хусусан, гўдаклар, аёллар ва ёши улуғ кексаларга нисбатан эътиборли бўлишга чақиради. Инсонни барча мавжудот ва маҳлуқотлари ичида азизу мукаррам қилиб яратган меҳрибон Аллоҳ ўз ҳикмати билан ҳар кимга турли муддатли умр беради.

Шариатимизда фарзанд ота-онага доимо яхши муомалада бўлиши кераклиги айтиб ўтилган. Айниқса, улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, фарзандининг хизматига муҳтож бўлганларида, фар-зандлар учун масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач, унинг кўнгли ҳам нозик бўлиб қолади ва ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай вақтларда фарзанд ота-онанинг хизматини қилиши лозим. Чунки ота-она ўз жигаргўшаларини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида ҳар қанча машаққат бўлса ҳам сабр қилишган, фарзандига меҳр билан муомалада бўлганлар.

Қуръони Каримнинг қуйидаги ояти сўзимизга мисолдир: "Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни, ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон,) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга "уф!" дема ва уларни жеркима. Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): "Эй Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин", - деб айт!" ("Ал-Исро" сураси, 23-24 оятлар).

Аслида, кекса ёшли кишиларнинг ҳаётда борлиги бизлар учун катта бахт. Чунки уларнинг дуолари туфайли юртимиз тинч ва осмонимиз мусаффо, турли бало ва офатлардан йироқмиз. Бу борада Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) шундай деганлар: "Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди".

Ушбу Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, дунёда ота-онаси ёки улардан бирлари ҳаёт бўлган фарзанд жуда бахтли, бой-бадавлат эканлигини ҳис қилиб яшамоғи лозим. Албатта, ёши улуғ отахон ва онахонларни ҳурмат қилиш, қадрига етиб, дуоларини олиш ҳамда ёшларга, кичикларга раҳм-шафқатда бўлиш савобли амаллардан ҳисобланади. Зеро, Ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Кичикларимизга раҳм-шафқатда, катталаримизга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир".

Кексалик ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бири ҳисобланади. Ушбу даврини ибодат ва яхши амаллар билан ўтказган киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ даража ва мақомга эга бўлади. Бу ҳақда Сарвари коинот шундай деганлар: "Сизларнинг яхшиларингиз - узоқ умр кўриб, кўпроқ яхши амаллар қиладиганларингиздир".

Мусулмон кишининг ёши улғайган сари Аллоҳ таолонинг унга берадиган даражалари ҳам ортиб боради, қачонки ибодат ва хайрли амалларда у бардавом бўлса, албатта. Бу хусусда Ҳазрати Усмон (р.а.) шундай ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: "Бир мусулмон банда қирқ ёшга етса, Аллоҳ унинг ҳисобини енгил қилади. Олтмиш ёшга етгунча, Аллоҳ у бандани тавба қилишга муваффақ қилади. Етмиш ёшга етса, унга осмон аҳллари - фаришталар меҳр қўядилар. Саксон ёшга етганда, Аллоҳ унинг яхши амалларини қолдириб, ёмон амалларини ўчириб юборади. Тўқсон ёшга етганда эса, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини мағфират қилади. Хонадон аҳлларига уни шафоатчи қилади ҳамда осмонда бу одам ҳақида "Аллоҳнинг ердаги асири", деб ёзиб қўйилади".

Афсуслар бўлсинки, орамизда оз бўлса-да мана шундай улуғ ёшларга етган ота-оналарининг ёки бўлмаса, қариндошларининг ҳолидан хабар олмайдиган инсонлар ҳам учраб туради. Бундан ҳам ачинарлиси, кексайиб қолганимда менга суянчиғ бўлади, ширин таомлар пишириб, чиройли кийимлар олиб беради, деб ўзлари емасдан фарзандига едириб, ўзлари киймаса ҳам болаларига кийдирган ота-оналар баъзи ношукур фарзандлар томонидан эътиборсиз қолдирилиб, ўзлари роҳату фароғатда яшаётганлигидир. Аслида эса ана шу фарзандлар Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: "Ота-оналарингизга яхшилик қилингизлар, фарзандларингиздан сизларга қайтади" деган маънодаги муборак Ҳадиси шарифларини унутиб қўймоқдалар.

Ота-онасининг қадрига етмаган кишиларнинг аҳволи бу дунёда ҳам, охиратда ҳам аянчлидир. Шу боис, ҳар бир инсон қўлидан келганича, меҳрга муҳтож инсонларга ёрдам беришлиги, хусусан, ёши улуғ ота-оналарини ардоқлашлари, хизматларини беминнат адо этиб, дуоларини олишлари лозим.

Алалхусус, "Кексаларни эъзозлаш йили"да нафақат ўз хонадонларимиз, балки, барча маҳалладош ва юртдошларимизнинг оилалари обод, турмушлари фаровон бўлиши учун имкон қадар ёрдам кўрсатайлик.

Аллоҳ юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин. Ораларимиздаги ёши улуғ отахон ва онахонларни соғ-саломат юриб, доимо бизлар ва юртимиз учун дуода бўлишларини насиб этсин.

Одилжон ҚЎЛДОШЕВ, Избоскан тумани бош имоми.

Салимжон ЮНУСОВ,

Избоскан туманидаги

"Умар ибн Хаттоб" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди