Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№36, 03.09.2015

ҚАЙТАР ДУНЁ

САҒИРНИНГ ҲАҚИ

Жавлон дарвозани очган хотинига боши чидаб бўлмайдиган даражада оғриётганини айтиб, ётоқхонага ўтди. Бироздан кейин Гулоро эрига аччиққина чой дамлаб кирди, дори ичирди. Оғриқ эса тўхташ ўрнига кучайиб борарди.

- Тезроқ дўхтир чақир, Гули! - бақирди у хотинига ва кутилмаганда ҳушини йўқотди.

Жавлонни касалхонага олиб кетишди. Тезда керакли муолажалар бошланди.

Орадан икки соатлар чамаси вақт ўтгач, Жавлон кўзини очди. Тепасида йиғлаб ўтирган хотинига кўзи тушиб "Нега йиғлаяпсан? Мен қаердаман?" дея атрофга аланглади.

- Тузукмисиз, дадаси? Ўтакамни ёрай дедингиз-ку. Алаҳсирайсизми-ей...

- Нима деб алаҳладим? - ўсмоқчилади Жавлон.

- Нуқул Шомирза, Шомирза деб ҳалиги ўлиб кетган ошнангизни чақирдингиз.

- Йўғ-е! - ўйга толди Жавлон, кейин қўшиб қўйди. - Хотин, сен уйга кетавер, болалар ёлғиз қолишди.

- Бирор иссиқ овқат қилиб келайми, дадаси? - сўради Гулоро.

- Йўқ, иштаҳам йўқ.

- Бунақада қийналиб қоласиз, мен тезда келаман.

Гулоро палатадан чиқиб, ҳамшира қизга эридан хабар олиб туришни тайинлади-да, касалхонани тарк этди.

Хотини кетгач, Жавлонни яна хаёл олиб қочди. Унинг ўйига ҳозиргина кўрган туши келди. Тушига бундан бир ой аввал қазо қилган ошнаси кирибди. Ўртоғи унга қараб кулармиш-да, нуқул "Қалайсан энди?" дея бир гапни такрорлайверармиш. Жавлон қаёққа қочмасин, рўпарасидан Шомирза чиқаверармиш.

***

Шомирза Жавлон билан бир синфда ўқиган. У олийгоҳни битириб келгач, тезгина йўлини топиб кетди. Ҳалоллиги сабабли яхши лавозимга кўтарилди. Омади чопиб, дурадгорлик устахонаси ҳам очди. Анча бойиб ҳам қолди. Ўша пайтлар Жавлоннинг иши юришмаётган кезлар эди.

Бир куни Жавлон Шомирзанинг уйига келди. "Бир отамлашай деб келдим"дея узоқ ўтирди. Ўзи олиб келган коньякдан қуйиб, дўстига узатди... Тезда кайфи ошиб қолган Шомирзани илондек авраб, каттагина миқдорда пул қарз сўради. Бир ойда қайтаришга ваъда бериб, ишончига кириш учун қасам ҳам ичди. Ўртага эркакчилик солингач, пулни олиб чиқиб берди. Хотинининг "Ҳозирги замонда бировга пул бериб бўладими, дадаси?!" дея зорланишларига жавобан "Еб кетмайди, дўстим-ку ахир! - деди заҳархандалик билан.

Эр-хотиннинг гапларини эшитиб қолган Жавлон "Келин ишонмаётган бўлса, майли, тилхат ёзиб бера қолай" деб қўйди. У Шомирзанинг бу таклифга кўнмаслигини жуда яхши биларди.

Орадан роппа-роса бир ой ўтиб, Жавлон яна Шомирзаникига келди. Бироқ ваъдасининг устидан чиқмади. Иши юришмаётганини баҳона қилиб, қайта-қайта узр сўради. Ўртоғининг "Берарсан, мен сендан ҳозир бер, деб қистаётганим йўқ-ку" деган гапидан терисига сиғмай кетди. Унга айнан мана шу керак эди.

Жавлон Россияга қатнайдиган укаси билан бирга "Камаз"да Россияга аввал помидор, кейин узум олиб бориб сотишди. Даромад чакки бўлмади. Ҳаш-паш дегунча ака-ука мўмайгина пул топишди. Лекин пули кўпайган сари Жавлоннинг нияти бузилиб, қарзини қайтаргиси келмасди. "Уйида турибди-да, яна бир-икки "айлантириб" олсам зўр иш бўларди-да. Зарур бўлса, ўзи қистарди. Индамаяпти-ю, нима қиламан, эски гапни қўзғаб". Шу каби ўй-хаёллар Жавлоннинг кўнглига таскин берарди.

Орадан бир йилча вақт ўтгач, Шомирза оғир дардга чалиниб, ётиб қолди. Ошқозонидан операция қилинди. Дори-дармон учун пул сувдек оқди. Шундай кунларнинг бирида Шомирзанинг хотини Жавлоннинг ишхонасига бориб, пулни қайтармаса бўлмаслигини, қийналишаётганини айтди. Жавлон эса тоғдек ваъдалар бериб, аёлни қуруқ қайтарди. Аёл яна уч бор келди, бироқ Жавлондан бир мири ҳам ундиролмади. Боз устига Жавлон бемор дўстини кўргани ҳам бормади.

Шомирза бир оз соғайгандек бўлди. Аммо бедаво дард унинг жонига келган экан, кейинги ҳамласида олиб кетди...

Жаназа ўқиладиган пайтда имом йиғилганларга қараб аввал марҳумнинг кимдан қарзи борлигини, сўнг эса кимда ҳақи борлигини сўради. Бу пайтда Жавлон энг олдинги қаторда ер чизиб турар, ичидаги сирни биров сезиб қолаётгандек ўзини одамлар орасига яширишга уринарди. Тобут олиб кетилди. Ёш жувон уч боласи билан чирқираб қолаверди.

Орадан бир ой ўтиб, Шомирзанинг хотини Жавлоннинг ёнига келиб, пулнинг бир қисмини бўлса ҳам беришини сўради. Бироқ оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди.

- Қанақа одамсиз ўзи, синглим! Мен пулни эрингизга берганман, айтмаганмиди?

- Ишонмайман, - йиғлади аёл.

- Берганман, вассалом, менга туҳмат қилманг! -имонини ютди Жавлон.

Аёл бу худбин кимса билан гап талашиб ўтиришнинг фойдаси йўқлигини англадию, "Худога солдим сени..." дея ортига қайтди...

***

Ҳозир Жавлоннинг қулоғига негадир шу аёлнинг овози эшитилгандек бўлаверди: "Худога солдим сени..."

Жавлон шифокордан "Уйга борсам соғайиб кетаман, болаларимни жуда соғиндим" дея жавоб олди. У уйига келганидан уч кун ўтгач, укаси Расул ҳам Россиядан қайтди. Жавлон ундан бўлган воқеани бир бошдан гапириб беришни сўради.

Ўша куни Жавлон юкни ўзи тайёрлаб, онасидан фотиҳа олиб, укасини кузатганди. Унинг юклари ортилган "Камаз" Россия ўрмонлари ичидан ўтадиган йўлда борарди. Атрофда ҳеч зоғ кўринмас, ҳаммаёқ жим-жит эди. Бир пайт мудраб бораётган Расул машинанинг қаттиқ тормоз бериб силкинишидан чўчиб тушди. Иккинчи даражали йўлдан чиққан фургонли "Жигули" "Камаз"нинг йўлига кўндаланг туриб олди. Ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб нима гаплигини сўрамоқчи бўлган эди, "Жигули"нинг эшиклари очилиб, ундан тўртта барзанги сакраб тушди. Улардан бири чўнтагидан тўппонча чиқариб, "Камаз"дагиларга "пастга туш" ишорасини қилди. Қўрқувдан дағ-дағ титраётган Расул ҳайдовчига қараб улгурмади ҳам. Иккинчи йигит унинг қўлларидан тортиб туширди. Ҳайдовчини ҳам пастга туширишди. Безорилар уларнинг ёнини тинтишди. Ўзларига етадиган пулни топиша олмади шекилли, икковини ҳам дарахтга боғлашди. Сўнгра "Камаз" юкхонасига ўтишиб, юкларни тушира бошлашди. Тўппончали барзанги хуштак чалган эди, арчалар орасидан кичикроқ юк машинаси чиқиб келди. Юклар машинага ортилгач, безорилар жўнаб кетишди...

Икки йигит шу алфозда қанча туришганини билишмас, очлик ва калтаклар зарбидан ҳушларини йўқотаёзган эдилар. Бир пайт кўзларини очишса, уларни кимдир арқондан бўшатаётган эди. Қутқарувчилар ҳам ўзбек йигитлари бўлиб, улар савдогарлар эди. Юртдошлари кўмагида тирик қолган йигитлар манзилларига зўрға етиб олишди. Расул ноилож акасига қўнғироқ қилди...

***

Ака-ука кўрилган зарарларни ҳисоблаб чиқишганда, Жавлоннинг кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди. Бошида яна ўша оғриқ пайдо бўлди. Унинг хаёлида яна Шомирза жонланиб, "Қалайсан энди?" дея масхаралаб кулаётгандек туюлди. Жавлон Аллоҳ берган жазо олдида бандаси ҳамиша ожиз эканлигини англаб етди. Унинг ёдига бувисининг "Сағирнинг ҳақи-Тангрининг ўқи" деган ҳикматли гапи келди. "Шу бугуноқ, ҳозироқ бераман!" деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

- Ака, сизга нима бўлди? - ҳайрон бўлиб сўради Расул.

- А? Нима дединг?

- Ўзингизча нималар деяпсиз, ака?

Шунда Жавлон укасига бор гапни айтиб берди. Ўзининг виждонсизлигидан ўкиниб, кўзларига ёш олди. Расул эса ўртадаги бор пулни акасига бераркан, "уларнинг ҳақини ҳозироқ бериб қўйинг, сағирнинг ҳақи ҳеч кимга буюрмайди" деб қўйди.

- Мен қайси юз билан бораман, ука?

- Майли, мен олиб бориб бераман, сиз сиқилманг.

Расул пулни олиб, Шомирзаникига йўл олди...

Шу куни кечаси Жавлон мазза қилиб ухлади. У бир неча йилдан буён бунақа маза қилиб ухламаган эди. Шу куни унинг виждони роҳат топганди...

Барно ҲАЙДАРОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди