Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№38, 17.09.2015

ЎЗБЕКИСТОН - УМУМИЙ УЙИМИЗ

МЕНИ БАҒРИГА ОЛГАН - ВАТАН...

Бугунги осойишта ва фаровон ҳаётга етгунларича ўтмишда не заҳматларни кўрган, тарихнинг оғир, синовли кунларини бошидан кечирганлар тинчликнинг, истиқлолнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини бошқаларга нисбатан яхши биладилар, чуқур ҳис этадилар.

Биз бугун кечаги тарихни, синовли кунлар машаққатлари ҳақида ўқиймиз, эшитамиз, холос. Улар эса айни ўша суронларнинг гувоҳидирлар. Танда қолган ўқлар жароҳати жонни қийнаса, айрилиқ, йўқотишлар юракларини ҳали-ҳануз жароҳатлаб келмоқда.

Жалақудуқ туманидаги "Бештол" шаҳарча фуқаролар йиғинида кексалик гаштини сурётган Рашидахон она Раҳмонованинг болалиги, ёшлиги ана шундай қийин даврларда ўтган. Кекса онахон ўша кунлар заҳматини ҳали унутмаган. Шунинг учун ҳам Рашида она каби тарихнинг оғир йилларининг "тирик гувоҳи" бўлган ёши улуғ отахон ва онахонларнинг қайта-қайта "Тинчликнинг қадрига етинглар, урушни биз кўрдик, сизлар кўрманглар", деган сўзлари ортида бутун бир халқнинг ўтмиши, қалбларда чуқур из қолдирган хотиралар аксини кўргандек бўламиз.

- Мен асли 1926 йилда Татаристоннинг Қозон вилоятида туғилганман. Бахтли ва тинч ҳаёт кечираётган кунларимизда уруш бошимизга оғир савдоларни солди. Ота-онам, ака-опаларим фронтга кетди. Мен эса фронт ортида меҳнат қилдим. Биз тинчлик учун жанг қилаётган ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опаларимиз учун кийим тикардик, пайпоқ тўқирдик. Яқинларимиз қон кечиб, урушда юрибди, дея кечалари ухлай олмасдик. Уруш сабабли яқинларимни йўқотдим. Уларнинг дарагини тополмадим: на тиригини, на ўлганини билдим. Ўша оғир пайтларда бизни Ўзбекистонга эвакуация қилишди. Қуёшли Ўзбекистон, меҳри дарё ўзбек халқи бизни ўз бағрига олди, бошпана берди, мурувват кўрсатди, - дея хотираларини сўзлар экан, онахон кўзларига ёш олди.

Ўшанда Ўзбекистонга келтирилганлар орасидаги ёшгина Рашида Жалақудуқ туманидаги Бештол шаҳарчасида яшай бошлади. Ўзи каби уруш заҳматларини чеккан, йўқотишлардан азият кўрган Тожимамат Раҳмонов билан оила қурди. Онахон тумандаги 7- умумтаълим мактабида техник ходим вазифасида узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилди. Мактаб жамоаси, маҳалладошлари уни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келди. Бироқ тақдирнинг онахонга атаган яна бир туҳфаси бор эди. Йиллар ўтиб, Рашида она икки фарзандли бўлган кезда уни олис юртдан ота-онаси излаб келишди. Урушдан омон қайтган ота-она қизларини дараклаб-дараклаб охири топишди. Бу вақтга келиб эса Рашида опа учун Ўзбекистон Ватанига, азиз масканига айланиб улгурган эди. Унинг ота-онаси қизларини тушунишди ва уларга бахт тилаб, ортларига қайтишди. Рашида она оиласи билан қолди. Ўшанда у ота-онасининг суронли уруш заҳматларидан омон қолганидан беҳад шодликка тўлган бўлса, 10 фарзанддан ёлғиз ўзи тирик қолганини билиб, машъум урушни лаънатлади.

Рашида она турмуш ўртоғи билан қирқ йил бахтли ҳаёт кечирди. Беш нафар фарзандини ҳавас қиларли қилиб тарбиялаб, элга қўшдилар. Бугун раҳматли турмуш ўртоғидан кейин унинг суянчиғи ана шу фарзандлари, набиралари бўлиб қолди. Уларга доимо "Истиқлол бизга ёрқин ҳаётни, тўкин-сочинликни, тинчлик-хотиржамликни берди, уни авайлаб-асранг, бу кунларга шукр қилинг" дея дуо қилишдан чарчамайди.

Дилдора ХУШБАҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди