№38, 17.09.2015 ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАРИМИЗ
БИЛИМ - ЮТУҚЛАР КАЛИТИ
Гулсумой Абдулаҳатова Асака туманидаги 57- уммутаълим мактабининг 8- синф ўқувчиси. Ёш бўлишига қарамай, кўплаб ютуқларга эриша олди. Мана уч йилдан буён у рус тилида ўқийдиган ўқувчилар ўртасида ўзбек тили фани бўйича ўтказилаётган "Билимлар беллашуви" танловининг республика босқичида ғолиблар қаторидан ўрин олади.
Иқтидорли бу қизнинг эришган ютуқларига ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Асака туманида алоқачилар оиласида туғилган бу қиз болалигидан китобга, ўқиб-ўрганишга меҳр қўйди.
- Инсон ўқиб, ўрганиб борган сари, янада кўпроқ билим олишга, дунёқарашини кенгайтиришга бўлган иштиёқи ортиб бораверар экан, - дейди Гулсумой Абдулаҳатова. - Шу боис ҳам доимо ўқиб ўрганишга, билимларимни кенгайтиришга интиламан.
Устозлари Гулсумойдаги иқтидорни кўра билди. Айниқса, ўқитувчиси Замирахон Назарова у билан алоҳида машғулотлар ўтказди, олган билимларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратди. Ана шу саъйи-ҳаракатлари ўз самарасини бериб, Гулсумой мактабнинг энг аълочи ўқувчиларидан бирига айланди, қолаверса, бир неча йилдирки, "Билимлар беллашуви"нинг вилоят ва республика босқичларида ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ёш ва тиришқоқ қизнинг эришаётган ютуқларида устози Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси Замирахон Назарованинг хизматлари ниҳоятда катта. Рус синфларида ўзбек тилидан дарс берувчи Замирахон 25 йиллик иш тажрибасига эга, ўз ишининг етук мутахассиси, изланувчан ўқитувчи сифатида ҳар бир дарсни ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида ўтади. Бу ўқувчиларнинг дарсга бўлган қизиқишини, эътиборини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фидойи ўқитувчи Замирахон Назарованинг ўзи ҳам фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида қатор семинарлар ўтказмоқда. Хусусан, у 2012 йилда "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" танловининг республика босқичида ўзбек тили бўйича фахрли биринчи ўрин соҳибаси бўлди.
Шогирдининг ютуқлари ҳар қандай устоз учун фахрдир. Гулсумойнинг ютуқларидан Замирахон ўз қувончини яширолмайди:
- Гулсумой Абдулахатова энг иқтидорли ўқувчиларимдан бири. Унда билимга интилиш, нафақат, она тили, балки хорижий тилларни ўрганишга қизиқиши жуда баланд. Муаллим ўқувчининг қайси фанга иқтидори баланд эканини билиши ва уни тўғри йўналтира олиши лозим. Шунда ўша иқтидор бўй чўзади. Мактабимиз ўқитувчиларининг эътибори ва қўллаб-қувватлаши билан Гулсумой ана шундай ютуқларга эришди. Унинг ютуқлари эса нафақат, менинг, балки мактабимиз жамоаси, туманимизнинг барча педагоглари меҳнатининг самараси десам, асло муборлаға бўлмайди.
Гулсумой сингари иқтидорли ёшларимиз келгусида билим чўққиларини забт этиб, етук мутахассис сифатида юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишларига асло шубҳа йўқ.
Зилола РАҲМОНОВА.
Суратда: Г. Абдулаҳатова устози З. Назарова билан.
|