№39, 24.09.2015 ННТЛАР ФАОЛЛИГИ ЯНАДА ОРТАДИ
Андижон давлат тиббиёт институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлими ҳамкорлигида "ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни тайёрлашда ахборот-маслаҳат, услубий ёрдам кўрсатиш, лойиҳаларни ижтимоий шерикликда амалга оширишдаги билим ва кўникмаларини юксалтириш" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси аъзолари, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масалаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини ва фаоллигини ошириш, грант лойиҳаларини оммалаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ижтимиоий шерикчилик асосидаги ҳамкорлигини кучайтириш масалаларида атрофлича сўз юритилди.
Семинар-тренингда жорий йил учун эълон қилинган давлат грант танловларида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Якунда жорий йилда эълон қилинган давлат гранти танловларида ғолиб бўлган бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат гранти тақдим этиш ҳақидаги сертификатлар топширилди.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|