№39, 24.09.2015 ЭРТАКЛАР ЯХШИЛИККА ЕТАКЛАР
Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом, етук инсонлар қилиб вояга етказиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда.
Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган "Кутубхона - иккинчи оилам" клуби ана шундай ибратли ишларга бир мисолдир. Марказнинг ёш оналар, кексалар ҳамда болажонлар учун ўтказаётган ўзига хос машғулотлари орқали маънавиятимизни, бой маданий-адабий меросимизни тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, ёш авлод қалбида китобга бўлган муҳаббатни уйғотишдек эзгу ишлар ўз аксини топмоқда.
АКМнинг "Оилавий ўқишга ёрдам" кафедраси негизида очилган "Кутубхона - иккинчи оилам" клубининг "Соғлом ва маънавий етук авлод - юрт келажаги" шиори остидаги "Болалар китоби" фестивали доирасида ўтказилган навбатдаги машғулотида Андижон шаҳаридаги "Болалар шаҳарчаси" тарбияланувчиларига болалар шоири Пўлат Мўминнинг "Қовоқбой ва Чаноқой" пьесаси асосида АКМ ходимлари томонидан тайёрланган эртак намойиш этилди. Болалар эртакни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Намойишдан сўнг болалар билан эртак қаҳрамонлари ўртасида жонли мулоқот бўлиб ўтди. Унда болажонлар қаҳрамонлар томонидан берилган саволлар, шеърий топишмоқларга тезкорлик билан жавоб бердилар.
Тадбир якунида сўз олган АКМ бўлими мудири Н. Юлдашева инсон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёс эканлиги, китоб мутоаласи киши ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади ҳамда тадбирда фаол иштирок этган ўқувчиларга эсдалик совғалар топширди.
Одинахон ЮЛДАШЕВА,
Бобур номидаги вилоят ахборот кутубхона
маркази ходимаси.
|