Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№39, 24.09.2015

2015 ЙИЛ - КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ

КАСБИНИНГ ФИДОЙИСИ

Инсон яшар экан, ўзидан яхши ном, эзгу ишлар қолдиришга интилади. Ана шу эзгу ва ҳайрли ишлар эса кишига ҳурмат, обрў-эътибор келтиради. Бундай ҳурматга, табиийки, киши ҳалол меҳнати, олижаноб фазилатлари билангина эришади.

Суд тизимининг фидойиси, касбининг машаққатларини бир умр адолат мезонлари билан енгиб ишлаган фахрий Турсуной Довулова бугун халқ эъзозидаги инсонлардан биридир. 1922 йилда Чимкент шаҳрида туғилган Турсуной Довулова болалигиданоқ ақл-идрокли, ўткир зеҳнли, ҳар ишда тиришқоқ бўлиб улғайди. Унинг айни ёшлик даврлари машъум иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Ҳисоб-китоб ишларига пухта, тиришқоқ қиз не-не қийинчиликларни бошидан ўтказмади, халқнинг машаққатли ҳаётига гувоҳ бўлди.

Оиласига ёрдам бўлсин, дея ўша йиллари дастлаб Чимкент вилоятидаги жамоа хўжаликларининг бирида ёрдамчи ҳисобчи, кейинроқ эса ана шу хўжаликдаги 7 йиллик ўрта мактабда ўқитувчилик қилди. Бу йилларнинг оғирликларини ўз бошидан ўтказган Турсуной Довулова одамларга ёрдам беришга, уларнинг дардига малҳам бўлишга ҳаракат қиларди. Мақсади сари дадил интилиш, қатъиятлилик уни айни уруш авж олган паллада Чимкент тумани прокуратурасига етаклади. Мураккаб бир вақтда қиздаги шижоатни кўрган раҳбарлар уни ҳеч иккиланмай ишга қабул қилди. Шундай қилиб, 1943 йилда у суд тизимида фаолият кўрсата бошлади. Иш жараёнида ёш Турсуной касб сирларини пухта ўрганишга, насиб этса, келажакда шу соҳанинг етук мутахассиси бўлишга аҳд қилди. Кейинроқ у туман ёшлар қўмитасида турли лавозимларда сидқидилдан меҳнат қилди. Ана шу фаолияти унга мақсади сари яна-да олға интилишга куч берди.

Уруш тугагач, Турсуной Довулова Олмаота шаҳридаги юридик мактабига ўқишга кирди. Таълим мобайнида талаба қиз ўз олдига қўйган юксак ниятларга эришиш учун тинимсиз ўқиди, ўрганди, изланди. Ўқув юртини тамомлагач, йўлланма билан Жалақудуқ туман судига судья лавозимига ишга келди.

Турсуной Довулова суд тизимидаги фаолиятиининг дастлабки кунидан бошлаб адолат билан иш тутди, ҳамкасбларига, қўл остидаги ходимларга ғамхўр, ишда эса талабчан бўлди. Судда кўрилган ҳар бир ишда қонун олдида барча баробар, деган принципига амал қилган Турсуной опа кўрилаётган ҳар бир ишга алоҳида масъулият билан ёндошарди. Касби тақозоси билан вазифаси Андижон туман, кейин эса шаҳар судига кўчди. Маълум муддат Андижон Адвокатлар ҳайъатининг раиси сифатида фаолият олиб борди. Соҳанинг фидойиси бўлган Турсуной опа кўплаб ёшларга устозлик қилди, уларга билганларини ўргатишдан толмади.

Умр ва фаолиятининг кўп қисмини судья сифатида суд тизими ишига бағишлаган бу аёл эзгулик, тўғрилик, одиллик ва бошқа инсоний фазилатлари билан нафақат суд-ҳуқуқ соҳаси мутахассислари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳам катта ҳурмат-эътибор топа олди.

Дарҳақиқат, қаҳрамонимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўлларига боқар эканмиз, унинг халқ дарди, ташвиши билан яшаганлигига, эзгу ва ҳайрли ишлари билан одамлар ҳурматини қозонганлигига амин бўламиз.

Турсуной Довулова бугун эл-юрт, шогирдлари, фарзанд ва набиралари ардоғида, айниқса, давлатимиз томонидан кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад шод, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтириб яшамоқда. Айтиш жоизки, узоқ йиллар давомида одамлар қалбида адолатга бўлган ишончнинг сўнишига йўл қўймай меҳнат қилган Турсуной опа сингари фидойи инсонларнинг ҳаёт йўли ҳамиша биз ёшларга ибратдир.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди