№40, 01.10.2015 ЖОНКУЯР МУАЛЛИМА
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва халқаро бизнес мактаби - UNSEAD томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, инсон интелектуалининг тараққиёт даражаси бўйича Ўзбекистон 141 та давлат орасида 53- ўринни эгаллаган. Шунингдек, таълим тизими ривожига ажратилган маблағлар юзасидан дунёда 5- ўринда экани юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Қолаверса, мамлакатимизда таълим-тарбия ишининг жонкуяри бўлган муаллимлар ўз вазифаларини доимо сидқидилдан адо этмоқдалар.
Нигора Астанова ҳали ёш бўлишига қарамай, ҳамкасблари, ўқувчилари орасида ҳурмат ва эътибор топа олган изланувчан, тиришқоқ, ўз зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажариб келаётган ўқитувчилардан биридир. У 2005 йилда Андижон давлат университетининг ҳуқуқ-маънавият йўналишини тамомлаб, ўзи таҳсил олган Жалақудуқ туманидаги 32- умумтаълим мактабида иш бошлади. Ёш мутахассис иш жараёнида ўқувчиларга, айниқса, ижодкор-иқтидорли болаларга алоҳида эътибор қаратиб, улардаги истеъдоднинг шаклланишига ёрдам беради, тўгарак машғулотларини ўзига хос тарзда олиб боради.
Унинг жонбозлик кўрсатиб иш олиб бориши ўз самарасини бермоқда. Ўқувчилари туманда, вилоятда ўтказилган "Билимлар беллашуви"да, фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Айниқса, энг тиришқоқ шогирди Шодия Турсунованинг "Билимлар беллашуви"нинг туман, вилоят босқичларида ғолиб бўлганида бир қувонган бўлса, унинг барчанинг қаршисида муваффақияти учун устозидан миннатдор эканлигини ва муаллимаси изидан кетиб, муаллима бўлишини эшитиб, юрагида бир олам завқ туйди.
- Юртимиз ёшлари дунёдаги бирорта давлат ёшларидан кам бўлмаслиги керак, - дейди Нигорахон Астанова. - Бунинг учун мамлакатимизда юртбошимиз раҳнамолигида ёшлар учун барча шароитлар яратиб берилган. Асосийси, ёшларимизда ўқишга, ўз салоҳиятларини намоён этишга иштиёқ бўлса бас. Уларга қанот бериш эса биз - устозларнинг бурчидир.
Нигора Астанова ота-онаси касбини қадрлагани боисми, бугун ўзи касбдошлари, яқинлари орасида қадрли. Онаси Улфатхон Юлдашевадан ширинсўзлик, камтарликни ўрганган бўлса, дадаси Маҳмуджон Астановдан қатъиятлиликни, ишга фидойиликни ўрганди. Турмуш ўртоғи Фарҳодбек ҳам ўқитувчи бўлгани учунми, таълимдаги барча янгиликларни бемалол ўртоқлашади, фикр алмашишади. Миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантиришни оиласидан бошлашни Нигорахонга қайнонаси Паризодахон опа ҳамиша кўмакдош, маслаҳатлари ва насиҳатлари билан келинига яқиндан ёрдам беради.
Нигора Астанова сингари изланувчан ўқитувчиларнинг борлиги эртанги кун эгалари бўлган ёшларнинг пухта билим олишлари, юртга фидойи инсонлар бўлиб камол топишлари учун қанот бўлади.
Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,
Жалақудуқ тумани.
|