Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№40, 01.10.2015

ЁШЛАРНИНГ ФИДОЙИ МУРАББИЙИ

Инсон ҳаётда меҳнати, ижоди, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини баҳшида этади.

Пахтаобод туманидаги 4- умумий ўрта таълим мактаби информатика фани ўқитувчиси Одинахон Тешабоева ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади. Дарҳақиқат, айни пайтда ёш авлодга таълим-тарбия бериш йўлида фидоийлик билан меҳнат қилаётган Одинахон Тешабоеванинг олиб бораётган ибратли педагогик фаолияти таҳсинга муносибдир.

Одинахон мамлакатимиз истиқлолга эришган 1991 йилда олийгоҳни тамомлаб, тумандаги 1- умумтаълим мактабида математика ва информатика ўқитувчиси бўлиб меҳнат фаолиятини бошлаган. Ёш мутахассис сифатида иш бошлаган дастлабки йилданоқ ўзининг изланувчанлиги, ташаббускорлиги, ўқувчиларни фанга қизиқтира олиши билан билимдон мутахассис эканлигини кўрсата олди. У меҳнат фаолияти давомида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди.

Одинахон дарсларни эркин, турли интерфаол усуллар, ўйинлар, шунингдек, кўргазмали воситалар асосида қизиқарли ўтиш орқали ўқувчиларни фанга қизиқтира олди. Натижада информатика фанини пухта ўзлаштирган ўқувчилари сафи кенгайди. Кўплаб ўқувчилари билимлар беллашуви ҳамда фан олимпиадасининг туман, вилоят босқичларида фаол иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди.

- Кейинги йилларда ҳаётимизга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари чуқур кириб келди, - дейди 4- умумтаълим мактаби директории Мавлудахон Қодирова. - Улардан фойдаланишни ҳар бир фуқаро, айниқса, педагоглар яхши билишлари керак. Бу албатта ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, бугунги кун талаби даражасида тарбиялашда муҳим роль ўйнайди.

Ана шундан келиб чиқиб, Одинахон Тешабоеванинг ташаббуси билан 2011 йилда ўзи ишлаётган мактабда туман мактаблари ўқитувчиларини АКТлардан фойдаланишга ўргатиш мақсадида "Компьютер саводхонлиги" курси ташкил этилди.

О. Тешабоева фаолияти давомида доимий равишда изланади, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. Ана шу изланишлари самараси ўлароқ, математика фанидан 5-6 синф ўқувчилари учун "Касрлар устида амаллар бажариш", информатика фанидан "Excel дастурини ўрганувчилар учун ўқув қўлланма" номли қўлланмалар яратди.

Тажрибали ўқитувчи, ўз касбининг етук билимдони бўлган Одинахон Тешабоеванинг оиласи ҳам тумандаги ибратли оилалардан бири. Турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандини эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияламоқда. Фарзандлари ҳам оналари сингари информатика соҳаси қизиқишади. Ўғли Донёрбек ҳозирда Андижон давлат университетида таҳсил олмоқда. Қизи Зарнигор эса туман "Баркамол авлод" марказида "Компьютер саводхонлиги" тўгараги раҳбари. Кенжа ўғли Муслимбек эса мактаб ўқувчиси.

Ҳар бир касб, айниқса, таълим соҳаси фидойиликни талаб этади. Одинахон Тешабоева ҳам фаолияти давомида фидойилик билан меҳнат қилди. Шу боис ҳам эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топди, қолаверса, унинг меҳнатлари муносиб тақдирланди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида Одинахон Тешабоева ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз қатори Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи" унвони билан тақдирланди.

- Ўқитувчилик шарафли, шу билан бирга, масъулиятли касб, - дейди О. Тешабоева. - Ёш авлодга таълим-тарбия беришда ўқитувчи фидойи бўлиши керак. Агар у фидойи бўлмаса, ҳеч қачон ёшларга мукаммал тарбия бера олмайди. Юртимизда эса фидойи ўқитувчилар жуда кўп. Уларнинг меҳнатлари юртимизда ҳамиша қадр топиб келади. Жумладан, менинг камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи" унвони билан тақдирланганлигимдан бошим кўкка етди. Ушбу эътироф нафақат менинг, балки барча педагогларнинг меҳнатларига берилган баҳодир. Бундан буён ҳам ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида астойдил меҳнат қиламан.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди