№42, 15.10.2015 Турмуш чорраҳаларида
ЁНИМИЗДА БАХТ ҚОЛИБ УЗОҚ ЮРТДА ОВВОРАМИЗ...
У аэропортда анча ушланиб қолди. Ҳужжатларида муаммолар бор эди. Қайтаётганида шундай бўлишини билганди аслида. Аммо ўзга юртда кўрган-кечирганлари, саргардонликлари олдида булар ҳолва эди. Текширувлар икки-уч соатга чўзилиб кетди.
-- Нега сизни ҳеч ким кутиб олмаяпти? Ҳужжатларингизда муаммо бор экан, олдинроқ шунга қараб ҳаракатингизни қилмабсиз-да?
Ички ишлар ходимларининг сўроқ-саволига кулимсираган куйи шундай жавоб берди:
-- Яқинларим мени аллақачон ўлганга чиқаргандир. Тўғриси, уйдан чиқиб кетганимга ҳам ўн йилдан ошиб қолди. Ҳозир уйимдагилар тугул, туманимиздан ҳам бирор кимнинг телефон рақамини билмайман. Ҳа, майли, булар асосийси эмас, муҳими мен тирикман, юртга қайтдим ва ўз оёғим билан уйимга кириб бораман.
-- Оилалимисиз?
-- Ҳа, уч фарзандим бор. Учинчисини кўрмаганман. У ёқларга кетаётганимда аёлим юкли эди. Кейинчалик телефонда ўғилли бўлганимни эшитдим. Ундан кейин бошимга ўзим кутмаган, хоҳламаган савдолар тушди. Менимча, ўғлим ўн бир ёшлар атрофида бўлса керак. Қизларимнинг бири йигирма уч, иккинчиси йигирма ёшда...
Суриштирув-текширув ишлари якунланиб, уни қўйиб юборишди. Чиқиб кетаётиб орқасига ўгирилди-да, бироз қараб турди. Афтидан нимадир демоқчи эди. Тараддудланаётганини кўриб масъул ходим саволчан тикилди:
-- Бирор нима демоқчимисиз?
-- ... Кечирасиз, сиз ҳозир туманимиз ички ичлар бўлимига мен ҳақимда хабар жўнатдингиз-а?
-- Ҳа, бу бизнинг вазифамиз, нима эди?
-- Менга ҳуқуқ-тартибот ходими сифатида эмас, инсон, юртдош, ота, ўғил сифатида ёрдам бера оласизми?
Масъул ходим унга ҳайрат билан тикилиб турарди:
-- Хўш?
-- Мен уйга кириб боргунимгача улар уйимдагиларга хабар беришмасин. Уйга ўзим кириб борсам дегандим. Тириклигимни ўзим айтсам дегандим...
Ходим кўзларини олиб қочди:
-- Сизга оқ йўл! Эртагаёқ туманингиз ички ишлар бўлимига учраб, ҳужжатларингиз билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга киришинг!
-- Албатта! Сизга катта раҳмат!..
Тошкентдан келаётган машинага у билан уч нафар йўловчи чиққан эди. Икки йўловчи хориждан қайтаётган экан, чамаси, болалари ҳар соатда бир қўнғироқ қилишяпти. Уччаласи суҳбатга зўр беришяпти. Овозлари унинг қулоғига олис-олислардан эшитилар, айқаш-уйқаш хаёлларидан чалғиб, йўловчиларнинг суҳбатига аралашолмасди. Ўн йил ичида Ўзбекистон буткул ўзгариб кетибди. Йўллар, шаҳар-у қишлоқлар кўркидан дил яйрайди. Кела келгунича йўл бўйида бир хил қурилган уйларга кўп бор кўзи тушди. Бир неча бор "Бу уйлар давлат томонидан қурилаяптими?" деб сўрамоқчи бўлди. Сўролмади. Албатта, бу саволидан кейин унга ҳам саволлар ёғилади ва яна ўзи истамаган, эслагиси келмаган воқеаларни гапиришига тўғри келади. "Энди ўзим шу ердаман-ку, ҳаммасини билиб оламан". Дераза оша атрофни томоша қиларкан, шу ўй билан ўзига таскин бериб қўйди.
Туғилиб ўсган юртига етиб келганда, томоғини аччиқ хўрсиниқ бўғиб олди. Бутунлай ўзгариб кетибди. Одамларнинг нигоҳлари дилга яқин. Аслида уларни танимайди, лекин кўнглига яқин инсонлар. Бу йўлларни, бу жойларни, бу инсонларни у яна кўряпти. Яна ўша ширин лаҳжада янграйдиган сўзларни эшитади. Яна ўша ёқимли лутфни туяди. Яна ўша қош-кўзи қоп-қора, буғдойранг чеҳралардаги самимият ва меҳрни кўради. Ваҳоланки, умид узганди у бу дийдордан, бу қовушмоқликдан. Соғина соғина соғинмай қўйганди. Узлатга кўникканди. "Қуш каби емиш илинжида маконини, уясини ташлаб кетган кишининг жазоси шу, энди умрим ватангадоликда ўтади. Жасадим рутубатли музликларда қолиб кетади, жаноза кўрмай, кафан киймай итдай кўмиламан" деган ўйдан эзиларди. У тутқунликда яшаган жойда шундай қоида бор эди. Бировнинг биров билан иши йўқ эди. Уларга меҳр туйғуси мутлақо бегона, инсоний фазилатлар ёт эди. У ердан қутулишга ишончи бўлмаса-да, кўнглининг туб-тубида милтиллаб хира нур таратаётган умиди бор эди. Балки қутулиб қочишига ҳам шу умид ёрдам бергандир? Нима бўлганда ҳам қўрқинч туш каби даҳшатли тутқунлик ортда қолди. Аммо ўша кезлардаёқ ортга қайтиш учун нимадир тўсқинлик қилди. Ғурур ниқоби остидаги хижолатликмиди, уятми, андишами? Ахир ўшанда тайёр ишини ташлаб Россия-га кетиш тараддудига тушганида ота-онасини норози қилганди. Ҳомиладор хотини зор йиғлаб қолганди:
-- Шу ерда ҳам топяпсиз-ку, бировдан кам, бировдан кўп яшамаяпмиз-ку? Ўқитувчи бўлсангиз, маошингизни олаётган бўлсангиз... Мен ҳам ишлаяпман, эрта-индин болаларимиз улғаяди, қаторимизга киради, ҳаётимиз яхшиланади, дадаси...
Ҳеч кимнинг гапига кирмади у. Машина олишни, уйларини бузиб бошқатдан қуришни истади. "Одамдай яшаш керак!" Ҳаммага айтган жавоби шу бўлди. Аммо у хоҳлаганидек "одамдай яшаш" унга қимматга тушди. Шунинг учун ҳам яна бир неча йил қолишига тўғри келди. Ишлади, пул топди, аммо кўнглидаги ғашлик, изтироб ва пушаймонликдан бир сонияга бўлса-да халос бўлолмади...
Ҳар кеча тушларига кириб чиқадиган қишлоғининг йўлларини, уйини, дарвозасини унутмаган эди. Аммо ўзгарибди. Уйи ҳам аввалгидан анча ҳашамдор, дарвозаси ҳам аввалгидек кўк бўёқ билан бўялган темир дарвоза эмас, қўш табақали, ҳашамдор дарвозага алмашибди. Уйи олдида бир тўп одамлар кириб-чиқишяпти. Қандайдир тадбирга тайёргарлик кўраётгандай ҳаммаси нимагадир, қаергадир шошилган. "Хабар беришибди-да..." У тайёргарлик, одамларнинг йиғилишини ўзининг қайтаётгани сабабидан деб ўйлади. Машина юкхонасидан сафар халталарини олиб, ҳайдовчига ҳақини тутқазди. Ҳаяжон, хавотир ва яна аллақандай ҳиссиётлар исканжасида секин-аста уйи томон қадам босди...
-- Ассалому алайкум, келинг, келинг, меҳмон... Ие, Ойбек ака, си-и-из?!..
Укаси бир муддат тош қотиб қолди, сўнг борлиқни "Акажо-о-оон!" деган ҳайқириқ тутди. Сумкаларини ташлаб юбориб, укасини бағрига босди. Ўн йилдан ортиқ муддат мобайнида тош қотган дийдаларидан томаётган соғинчни тўхтатишга кучи қолмаганди уни. Бир зумда талотўп бошлади. Кимдир "Дадажон!" дея бўйнига осилган, биров "Жиян", биров, "Укажон" дея... Аммо у кутган, ўн йил мобайнида қулоқларида хаёлан жаранглаган "Ўғлим", "Болам" деган сўзлар янграмади. Саволларга жавоб бермасди, беролмасди. Англагани шу бўлди-ки бугун кичик қизи узатилаётган экан. Тўй устидан чиқибди. Катта қизи турмушга чиққан, фарзандли бўлган экан. Аёли... йиллар унинг олдидан шундай ўтиб кетмаган эди. Сочларидаги оқ, чеҳраларидаги ажин айрилиқ йилларида чеккан изтиробларидан ҳикоя сўйларди. Бироқ... ота-онаси кўринмасди. Чор-атрофга илҳақ кўз югуртирар, яқинларига музтар тикиларди. Ҳеч ким улар ҳақида бир нарса демасди!?
-- Отам... аям қаердалар, нега келмаяптилар?
Яқинларига айтган биринчи сўзи шу бўлди. Бошлар қуйи солинди. Ғала-ғовур тинди. Сукунатни пиқ-пиқ эшитилаётган йиғи товуши бўлди.
-- Нима бўлди? - Гарчанд бу совуқ сукунат нима бўлганини англатган бўлса-да, нимагадир илинж боғлаб шу саволни берди.
-- Беш йил олдин онамдан айрилиб қолдик, - опаси кўз ёшларини аранг тўхтатиб жавоб берди. - Онамнинг вафотларидан тўрт ой ўтиб дадам узилдилар. Улар сени тирик деб ишонардилар...
Йиғлади. Тўнғич ўғил эди у. Ота-онасини қабрга қўйиш насиб этмаган экан унга. Армонлари, изтироблари сув бўлиб кўзларидан оқди. Мозор бошига бориб узр сўраб, пушаймонлар қилиб йиғлади. Боши эгик, кўнгли чўкиб уйига қайтди.
-- Қайғурманг, тақдиримиз шу экан, - аёли бошини кўтариб унга қараёлмасди. - Нима ҳам қилардик. Қайтганингиз, соғ-саломат, тирик эканингиздан қанчалик хурсандлигимизни билсангиз эди. Тўнғич қизингизнинг тўйи азага ўхшаб ўтганди. "Отам менга оқ фотиҳа бермаяптилар", "Отамнинг дуосини олмай келин бўляпман", деб ҳаммани йиғлатганди. Кичик қизингизнинг Худога айтгани бор экан, тўйига ўзингиз кириб келдингиз. У ҳам бир ой олдин ҳаммаёқни мотамсаро қилиб улгурувди, "отамсиз тўйим бўлади" деб...
-- Ўғлимиз катта бўлиб қолибди, кўз тегмасин...
-- Ҳа, ёзда ўн бир ёшга тўлди. Суратларингизга тикилаверганиданми худди ўзингизга ўхшаб қолган...
-- Қийналмадингми, Гулоро?..
Аёли чуқур "уҳ" тортди. Қийналмай бўладими? Не савдолар бошидан ўтмади, не маломатларга чидамади? Болаларининг кўз ёшлари "дадам"лаб йиғлашлари бир томон, йўқчилик, етишмовчилик бир томон бўлди. Гул ёшлиги изтиробда сарғайди.
-- Йўқ... Ўтиб кетди ҳаммаси. Ўқув маракази очганман. Абитуриентларни олий ўқув юртига тайёрлаймиз. Бошида учта ўқитувчи билан иш бошлагандик. Ҳозир ўн беш ўқитувчи турли фанлардан абитуриентлар тайёрлашади. Фаолиятимизни кенгайтириш ҳаракатида юрибман. Тикувчилик, қандолатчилик, сартарошлик курслари, агар имконини топсам боғча болаларини мактабга тайёрлайдиган махсус курс ҳам очиш режамда бор. Хуллас, яшаяпмиз, дадаси...
Боши эгилди. Хижолат чекди. Аёли билан талабалик даврида севишиб турмуш қуришганди. Гулоро инглиз тили муаллимаси, у математика фани ўқитувчиси эди. Хотини аёл боши билан бир ўзи шунча иш қилибди, у эса... ҳам ўзига, ҳам яқинларига изтироб ва йўқотишдан бошқасини беролмади...
Атрофдагилар, яқинлари тўй устига тўй бошлаб унинг қайтганини катта шодиёна қилишяпти. У эса рўй бераётган воқеаларга хижолатлик билан кўз югуртириб, худди ўзга сайёрага тушиб қолгандек беҳаловат ўтирибди.
-- Дадажон, тушларимга кирганингизда "тўйимга келасиз-а?" деб сиздан кўп марта сўрардим. Ҳатто, бир марта ваъда ҳам бергандингиз. Ваъдангизни бажардингиз, сизни жудаям яхши кўраман, дадажон!..
Келин бўлаётган қизининг беғуборлигидан кўнгли ёришиб кетди. Қизини маҳкам бағрига босди:
-- Мен ҳам сизларни жуда яхши кўраман!..
Умида АДИЗОВА.
|