№43, 22.10.2015 Кичик ҳикоя
НАФС ҚУЛИ
... Маҳалладошимиз Жасур ака бугун қамоқдан чиқди. У хаётнинг қанчалар гўзаллигини илк бор ҳис қилиб, бутун вужуди яйраб, нафас олди. Уйи томон йўл олар экан, ўтган қоронғуликка тўла кунларни афсус билан ёдга олди. Унинг йўлига интизор бўлиб кутувчи ота-онаси энди бу дунёни тарк этганди...
Жасур бой хонадонда ўсиб улғайди. Ота-онаси унга меҳр берди- ю, аммо таълим-тарбиясига у қадар қизиқишмади. У аста кўча болалари билан дўстлаша бошлади, эрта уйдан чиқиб, кеч қайтадиган бўлди. Бир куни Жасур маст ҳолда уйга кириб келди. Онаси уни кўриб:
- Сенга нима бўлди ўғлим, бунчалар ўзингни абгор қилмасанг? - деди насиҳат қилиб.
- Ишингиз бўлмасин, истаганимни қиламан, - дея онаси Роҳила опанинг дилига озор берди.
- Секинроқ гапир, ўғлим, отанг уйғониб кетади. Биласан- ку, юраги хаста, зўрға ухлади ўзи, - деди Роҳила опа.
Жасур қўл силтаб, хонасига кириб кетди.
... Бу ҳол кўп бор такрорланди. Отаси Равшан ака гиёҳвандликка ўрганган ўғлини бу йўлдан қайтаришга жуда кўп уринди, аммо фойдаси бўлмади. Равшан ака фарзанди ҳақидаги гап-сўзларга чидай олмай, юрак хасталиги билан вафот этди. Жасур тез орада онасидан ҳам ажраб қолди. Ота-онасининг ўлимидан сўнг Жасур гиёҳвандликка муккасидан кетди. Бор-будини сотди. Натижада кўп нарсасини бой берди. Бир кун уни яна дард қўзғади. Дори олай деса, пули йўқ, нима қиларини билмай роса ўйланди. Дорига ўрганган вужудини титироқ босиб, кўзига ҳеч нарса кўринмасди. У ўйлаб- ўйлаб, қўшнисининг уйига ўғирликка тушди. Лекин қўшниси буни сезиб, ички ишлар ходимларига қўнғироқ қилди. Шу тариқа у қамалди. Бир неча йил қамоқда ётиб, гиёҳвандликдан ҳам қутилди. Озодликка чиқиб, уйига эмас тўғри қабристонга борди. Ота-онасини қон қақшатгани, уларга озор бергани учун афсус-надомат билан уларнинг ҳокини тавоф қилди, кечирим сўради. Лекин унинг ўтинишлари бефойда эканлигини, ота-онаси энди ҳеч қачон қайтиб келмасликларини жуда кеч англади.
...Жасур энди фақат яхши одам бўлиб яшашни армон тўла дилига тугиб қўйди.
Соҳиба ЎСАРАЛИЕВА,
Булоқбоши туманидаги 2- умумтаълим
мактаби ўқувчиси.
|