№43, 22.10.2015 АШУРО КУНИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
Азиз ҳамюртлар! Мана бир неча кун аввал, аниқроғи 14 октябрь куни ҳижрий сана - 1437 йилнинг биринчи ойи бўлмиш Муҳаррам ойи кириб келди. Янги ҳижрий сана барчамизга муборак бўлсин. Аллоҳ таоло янги йилда барчамизга саодатли ва баракали умр берсин, ҳамиша савобли амалларни қилишлигимизни насиб айласин.
Ушбу ойнинг, яъни "ашуро" деб аталган ўнинчи кунида барча динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабабли, бу ойнинг ўнинчи кунига нисбатан "Ашуро" ойи дейиш урфга айланган. Ривоят қилинишича, бу муборак ойнинг ўнинчисида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг жаннат дарахти мевасидан танаввул қилганлиги гуноҳидан кечиб, унинг тавбасини қабул қилган кун экан.
Имоми Аҳмад ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинишича, шу куни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари "Жудий" тоғи устида тўхтаган. Шу сабабли Нуҳ алайҳиссалом шукрона тариқасида ана шу куни рўза тутганлар. Ашуро кунининг фазилатли кун эканлиги, ҳикматлари борасида бошқа ривоятлар ҳам келтирилади. Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутганларини кўрдилар ва: "Бу қандай кун?" - деб сўрадилар. Улар "Бу - Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Бани Исроилни душманларидан қутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутганлар", - дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в): "Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман"- дедилар ва шу куни рўза тутганлар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ашуро кунида рўза тутишнинг фазилати борасида: "Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади" - деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа ҳадиси шарифларида: "Рамазон ойи рўзасидан кейинги Аллоҳ таолонинг ойи бўлган Муҳаррам ойида тутилган рўзанинг савоби улуғдир. Фарз намозидан кейин эса кечаси туриб, адо этилган нафл намози афзалдир", - деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: "Ашуро кунидан бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар ", - деб марҳамат қилинади. Юқоридаги ҳадиси шарифларга биноан уламолар томонидан: "Муҳаррам ойининг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш мустаҳабдир" - дейилади.
Ушбу кунда қилинган ҳайру эҳсонларнинг фазилати борасида ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Кимки Ашуро кунида ўз оиласи аҳлига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорини бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига барака, кенгчилик беради".
Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида Имом Суфён ас - Савврий ҳазратлари: "Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик" - деганлар. Ҳар бир инсон эртаси бугунги кунидан барокатлироқ, дастурхони тўкин ва файзли бўлишлиги умидида яшайди. Шундай экан, мана шундай мўътабар кунларда ихлос билан рўза тутиб, аҳлларимиз нафақасини ҳар кундагидан-да кўпроқ адо этайлик, ҳайру эҳсонлар қилиб, кўпроқ ибодат ва дуолар қилайлик. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини бардавом қилсин, барчаларимизнинг хонадонларимизни янада файзли, дастурхонларимизнинг тўкин, қут-баракали бўлишлигини насиб этсин.
Абдуҳалим
ҲАМРАҚУЛОВ,
Андижон шаҳридаги
"Ат-Термизий" жомеъ масжиди имоми.
Асадуллохон
ЖАҲОНГИРОВ,
масжид ноиби.
|