№43, 22.10.2015 Қатра
УЛАРДАН ЎРГАНАЙЛИК
Бекатда уч ўртоқ автобус кутиб турарди. Улардан бири ҳаммага конфет улашди. Болалар конфетнинг қоғозини очиб, оғизларига соларкан, ўз вазифасини бажариб бўлган қоғозни ерга улоқтиришди. Фақат улардан бири қоғозни чўнтагига солиб қўйди.
- Уни нима қиласан - қизиқиш ва киноя аралаш сўради дўстлари ҳалиги боладан.
- Ҳеч нарса қилмайман, дуч келиб қолса, чиқинди қутисига ташлайман.
- Кўтариб юрасанми, шу ерга ташлаб юборсанг бўлмайдими?
- Бундай қилолмайман.
- Нега? - бараварига ажабланиб сўрашди улар.
- Чунки мен қаер бўлишидан қатъи назар, покиза туришини, ён-атрофимиз турли чиқинди уюмларига тўлиб-тошмаслигини хоҳлайман. Бувижоним: "Озодалик, покизалик бор жойда саломатлик, кўнгил хотиржамлиги бўлади, шу боис ҳамма жойда озодаликни сақлагин", деб кўп айтадилар. Агар қоғозни ерга ташласам, бувимнинг ўгитларига амал қилмаган бўламан-ку! - деб жавоб берди одобли бола.
Унинг жавобини эшитиб, қизариб кетган ўртоқлари ташлаган қанд қоғозларини ердан олишиб, чўнтакларига солиб қўйишди.
Садоқат СОЛИЖОНОВА,
Жалақудуқ тумани.
|