№44, 29.10.2015 Танлов
ОРАСТА ҚИЗЛАР БЕЛЛАШУВИ
Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" болалар ижодиёти марказида "Ораста қизлар" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда халқ таълими бош-қармаси ҳамкорлигида вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Ораста қизлар" танловида унинг туман ва шаҳар босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 17 нафар қиз иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Мамлакатимизда умутаълим мактабларида таҳсил олаётган қизларнинг пухта билим олишлари, ўқиш ва жамоат ишларидаги фаоллигини ошириш, уларни халқимизнинг одоб-ахлоқ меъёрлари, миллий қадриятлари ҳамда истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни, қолаверса, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларда муомала, кийиниш маданияти, репродуктив саломатлик ҳақидаги тушунчаларни бойитишда умумтаълим мактабларида ташкил этилган "Ораста қизлар" тўгараклари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
- Айни кунда вилоятимиздаги 741 та умумтаълим мактабининг барчасида "Ораста қизлар" тўгараклари самарали фаолият олиб бормоқда, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулҳаё Омонова. - Ана шу тўгаракларга 75 минг нафардан зиёд қизлар жалб этилган. Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган "Ораста қизлар" танлови эса фаол ва истеъдодли қизлар сафини янада кенгайтиришга, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига ёрдам бермоқда.
Ниҳоятда қизиқарли ўтган танлов иштирокчилари белгиланган шартлар асосида ўзларининг билимдон, ораста ва фаол эканликларини намойиш этдилар. Якуний натижаларга кўра, Булоқбоши туманидаги 30- умумтаълим мактаби "Ораста қизлар" тўгараги аъзоси Камола Адҳамова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин Шаҳрихон туманидаги 60- умумтаълим мактаби ўқувчиси Мавлуда Холматовага, учинчи ўрин эса Марҳамат туманидаги 41- умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳинур Эркинжоновага насиб этди.
Якунда ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчиларининг фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Умидахон ЮСУПОВА,
жамоатчи мухбир.
|