№44, 29.10.2015 Мутахассис минбари
ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ - САЛОМАТЛИК ГАРОВИ
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, болаларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, болалар шифо масканларининг моддий-техника баъзасини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмонан соғлом ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори аҳоли саломатлигини сақлаш, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзи ҳамда тўғри овқатланиш маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Андижон шаҳар болалар шифохонасида юқорида қайд этилган ҳукумат қарори ижросини таъминлаш, оналар ва болаларни тўғри овқатланишини ташкил этиш, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Шифохонамиз 204 ўринга мўлжалланган бўлиб, 16 ёшгача бўлган болаларга тиббий хизмат кўрсатилади. Муассасамизда касалликларни аниқлаш ва даволаш ишларини самарали олиб бориш учун зарур шароитлар яратилган. Бемор болаларни даволаш жараёнида, шунингдек, шифокорларимиз томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида болаларнинг тўғри овқатланиши масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, тўғри овқатланиш - саломатликнинг муҳим омили ҳисобланади. Шахсий тажриба ва амалиётдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, кўплаб касалликлар айнан овқатланишни тўғри ташкил этмаслик оқибатида келиб чиқади.
Бемор болалар ва уларни парваришлаётган оналарга ҳар куни уч маҳал пархез, эрталаб эса фақат сут маҳсулотларидан тайёрланган таомлар бериб борилади. Овқатларни сифатли тайёрлаш учун ошхонамизда зарур шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли сақлаш учун совутгич ҳамда иккита махсус омборхона мавжуд. Шифохонамизга гўшт, сут, тухум сингари озиқ-овқат, шунингдек, мева-сабзавот, полиз, карам, картошка каби сервитамин ва табиий маҳсулотлари асосан, фермер хўжаликларидан келтирилмоқда. Бемор болаларнинг овқатланиш рационида серқуёш юртимизда етиштирилаган ана шу каби сифатли маҳсулотларнинг мўллиги уларнинг иммун тизимининг мустаҳкамланишига, саломатликларини тезроқ тиклаб олишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, режали, тўғри ва фойдали овқатланиш организмнинг соғлом яшаш қобилиятини таъминлайди. Бола организмининг нормал ўсиши ва соғлом бўлишлиги у истеъмол қилаётган озиқ-овқатлар моддаларнинг табиий хусусиятлари, қувватига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу боис ҳам шифохона таомномасида гуруч, гречиҳа, переловка, нўхат ва сут маҳсулотларидан тайёрланган оқсил ва углеводларга бой овқатлар ўрин олган. Бу маҳсулотлар таркиби В1, В2, В6, РР, А, С, Д ва Е витаминларига, турли фойдали оқсиллар ҳамда микро ва макроэлементларга бойдир.
Шифокорларимиз бемор болалар, ҳали парвариш ёшидаги ёш болаларнинг оналари билан бўлаётган суҳбат ва мулоқотларда тўғри овқатланиш, унинг саломатлигимизга ҳамда турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олишдаги аҳамияти хусусида кенг маълумотлар бермоқдалар. Бундан ташқари, маҳаллаларда, шунингдек, болалар боғчалари ва умумтаълим мактаблари маъмуриятлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган "Соғлом бола - соғлом келажак", "Соғ танда - соғлом ақл", "Тишларимиз соғлом ва мустаҳкам бўлсин", "Покизалик - саломатликдир", "Тўғри овқатланишни биласизми?", "Мевалар билан дўстлашамимз" сингари тадбирларимиз орқали аҳолига, айниқса, болаларга соғлом турмуш тарзи, хусусан, тўғри овқатланиш, мева ва сабзавотларнинг фойдали жиҳатлари, гамбургер, чизбургер сингари таомлар, газланган ўткир ичимликларнинг саломатликка салбий таъсири ҳақида батафсил тушунчалар берилиб, уларнинг тиббий билимлари, маданияти, тўғри овқатланиш борасидаги тушунчаларини янада юксалтиришга эришмоқдамиз.
Ана шу саъйи ҳаракатлар, олиб борилаётган тарғибот ишлари самараси ўлароқ, кейинги йилларда ҳудудимизда болалар ўртасида овқатланиш билан боғлиқ касалликлар билан мурожаат қилувчилар сони бирмунча камайди.
Мақсадимиз, ҳар бир хонадонда, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш тамойилларини шакллантиришга эришишдир. Ана шу мақсадга эриша олсак, шубҳасиз, фарзандларимиз соғлом ва баркамол вояга етади.
Наргиза ҚОСИМОВА,
Андижон шаҳар
болалар шифохонаси бош шифокори.
|