№47, 19.11.2015 8 декабрь - ўзбекистон республикаси конституцияси қабул қилинган кун
СУВЕРЕН ВА ДЕМОКРАТИК АВЛАТМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ
Мустақиллик халқимизга улуғ ва беҳисоб неъматларни ҳадя этди. Хусусан, истиқлол шарофати билан ўз Конституциямизга эга бўлдик. Бош Қомусимизда инсонни улуғлаш, унинг эрки, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, бош ҳужжатда ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш учун иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳамда маънавий ҳуқуқ ва эркинликлар ўз ифодасини топган.
Конституциямизда белгилаб берилган моддаларга асосан, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳар бир инсон билим олиш, тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган.
Конституция - жамиятимиз, давлатимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир. У барча демократик тамойиллар, умуминсоний ғояларни ўзида мужассамлаштирганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда: "Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Шу маънода асосий қонунимиз халқимизнинг иродасини, маданиятини акс эттиради. Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир".
Бош қомусимизда сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ, бурч ва эркинликлари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, конституциямизнинг 60- моддасида: "Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини моливий таъминланиш манбаалари ҳақида Олий Мажлисга еки вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар" деб сиёсий партиялар фаолияти юзасидан ҳам ҳуқуқий меъёрлар қатъий белгилаб қўйилган.
Бугун мамлакатимиздаги сиёсий партиялар фаолияти ана шу ҳуқуқий асос доирасида, қолаверса, конституциямиздан келиб чиқиб қабул қилинган қонунлар асосида тартибга солинади. Айни кунда юртимиздаги мавжуд 4 та сиёсий партия Ватанимизни янада тараққий этиши, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизда ҳуқуқий ва демократик тамойилларга асосланган жамиятни шакллантиришдек улуғ мақсадлар йўлида фаолият олиб бормоқда.
Ҳар бир фуқарога, жамоат бирлашмаси ва сиёсий партияларга эмин-эркин фаолият юритиш имконини берган Бош қомусимиз мазмун-моҳиятини, унда инсонпарварлик ва демократик тамойиллар ўз ифодасини топганлигини ҳар биримиз яхши билишимиз, давлатимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлган ана шу ҳужжатни кенг ўрганишимиз лозим.
Барно МАМАДАЛИЕВА,
ЎзМТДП Улуғнор туман кенгаши етакчи
мутахассиси.
|