№47, 19.11.2015 ТАНЛОВ
ИҚТИДОР СОҲИБАЛАРИ КЎРИГИ
Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" ёшлар ижодиёти марказида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлалакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мукофот таъсис этилгандан буён 16 нафар андижонлик иқтидорли қизлар ана шу мукофот соҳибасига айланди.
Жорий йилда вилоятда мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича таълим муассасалари ҳамда туман ва шаҳар босқичларида 4 минг нафарга яқин иқтидорли қизлар қатнашган бўлса, вилоят босқичида адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишлари бўйича 169 нафар иштирокчи ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этдилар.
Якуний натижаларига кўра, турли йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иштирокчилар танловнинг республика саралаш босқичида қатнашишга тавсия этилди.
- Танлов билим ва истеъдодимизни синовдан ўтказди, - дейди танловнинг адабиёт йўналиши иштирокчиси Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Эъзоза Обиджонова. - Унда муносиб иштирок этишга, улуғ шоирамиз номи билан юритиладиган мукофот соҳибаси бўлишга астойдил ҳаракат қилдим.
Бир сўз билан айтганда, танлов ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари, уларда шижоат, ўзларига бўлган ишонч ва интилишни, қолаверса, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт равнақи учун фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
Суратда: танловнинг иштирокчилари.
|