№47, 19.11.2015 СОЛИҲ ВА ЯХШИ АМАЛЛАРИМИЗ ҲАР БИРИМИЗНИ АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИГА ЕТКАЗАДИ
Инсон дунёда чиройли ва солиҳ амаллар билан яшамоғи керак. Бу амаллар, албатта, холис ният билан Аллоҳ таоло учунгина бўлишлиги лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб: "Албатта, амаллар ниятлари билан", - деганлар.
Аллоҳ таоло инсонларни ниятига қараб амалларига савоб беради. Банданинг ибодатлари ҳам ният билан дуруст бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) олдиларига бир киши келиб сўради: "Ё Расулуллоҳ! Мен садақа қилмоқчиман ва шу садақа билан Аллоҳнинг розилигини топмоқчиман, мени яхши дейишларини хоҳлайман", деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Бас, кимки Парвардигорга рўбарў бўлишидан умид қилса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорга бандалик қилишда бирон кимсани унга шерик қилмасин", - деб жавоб бердилар ("Каҳф"сураси, 110-оят).
Инсон бой ёки қашшоқ ҳаёт кечиришлигидан қатъи назар, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишлиги керак. Тангри ҳеч кимни қаҳр-ғазаб қилиб, азобламайди. Фақат нотўғри амали сабаб уни жазолайди. Шунинг учун солиҳ ва яхши амалларни бажариб, кўпроқ эзгу ва савоб ишларни қилишлик лозим.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ва марҳамати кенг. Бу ҳақида Қуръони каримда шунда марҳамат қилади: "...Раҳматим - меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир..." ("Аъроф" сураси, 156-оят). Бу оят Аллоҳ таолонинг раҳматидан ҳар бир инсон насибадор эканлигини кўрсатади.
Инсон азиз ва мукаррам қилиб яратилган. Шунга мувофиқ амаллар қилишлиги, ёмонликлардан четланиб, ўзидан яхши ном қолдириши керак. Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид қилган банда унинг раҳматига лойиқ ишларни амалга оширади. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: "Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир". ("Аъроф" сураси, 56-оят).
Шу ўринда айтиш жоизки, бугун юртимизда ҳам кўплаб хайрли ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз кундан кун чирой очиб бормоқда. Одамзот борки, ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилади. Аллоҳ она юртимизга ўзининг барокот ва ҳидоятларини сочаётганлиги сабаб ҳам ана шу каби эзгу ва хайрли ишлар кўлами кенгаймоқда.
Юртимиз, ҳаётимиз тинч бўлсин. Аллоҳ таоло эзгулик, унинг раҳматига сазовор бўлиш йўлида қилаётган ҳаракатларимизни барокотли қилсин. Хайрли амалларни адо этишлигимизни насиб айласин.
Салимжон ШОКИРОВ,
Андижон шаҳридаги "Хонақо" жомеъ масжиди имоми.
|