Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№48, 26.11.2015

ИРИМЛАРГА ИШОНИШ ХУРОФОТДИР

Пайғамбаримиз (с.а.в.) инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, инсонларни нотўғри ақидалардан қайтарганлари барчамизга маълум. Аммо шу кунгача мусулмон халқи ўртасида динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақидалар учраб туришлиги ҳам бор гап.

Илоҳий таълимотда қазо-ю қадарга имон келтириш Ислом дини асосларидан биридир. Шундай экан, инсон ўз бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан, деб билиши энг тўғри йўлдир. Бу тўғрисида Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда: "(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки имон келтирса, У унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир", деб марҳамат қилган (Тағобун сураси, 11-оят).

Бугун ҳам халқимиз орасида турли бемаъни фикр ва ирим-сиримларга ишонувчилар учраб туради. Масалан: йўлда кетаётган одам олдидан тўсатдан қора мушук ўтиб қолгудай бўлса, бирор нохушлик юз беришига йўйилиши бор гап. Ҳатто айрим инсонлар аср вақтида қичқирган хўрозни бехосият деб ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак, деб ўйлайдилар. Сарвари коинот (с.а.в.) бу каби иллат ва нотўғри фикрларнинг ҳар қандай кўринишини рад этганлар. Ҳадиси шарифда Расуллулоҳ (с.а.в.): "Уч нарсадан умматим ҳануз қутила олмайдилар. Бу - ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулумга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоблаб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ Таолога таваккал қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг!" деганлар. (Абу Яъло ривояти).

Ҳадисда рад этилган ақидалардан яна бири сафар ойидан шумланишдир. Исломдан аввалги жоҳилият замонида одамлар бу ой ҳақида турли хил ёмон фикрда бўлганлар. Улар сафар ойида никоҳ боғламас, бирор эзгу, яхши ишга қўл урмас, тижорат ёки бошқа мақсадда ҳам сафарга чиқмас эдилар. Афсуски, баъзи бир илмсиз кишилар ҳозиргача юқоридаги каби иш тутадилар. Ҳеч бир инсон ҳозирги сафар ойидан соғ-саломат чиқиб, кейинги ойда тўй-маросим қилишини, сафарга чиқишини ёки шу каби яхши амалларни адо қиламан, деб аниқ айта олмайди. Шунинг учун ҳам Сарвари коинот (с.а.в.) яхши амалларни кечиктирмасдан ўз вақтида ва эртароқ бажаришга буюрганлар, ҳатто қизлари Фотима (р.а.)ни сафар ойида турмушга узатганлар, деб улуғларимиз баён қиладилар.

Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилган ҳадисда: "Эътиқод юзасидан бир касалликнинг иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ Таоло хоҳласагина ўтади. Ислом шаъриатида ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Бойўғли сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда ҳудди ана шу ерларда бўлади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш - шумланиш нотўғри" дейилган. (Муттафақун алайҳ). Сарвари коинот (с.а.в.) ирим қилиш ва шумланиш одатидан жуда қаттиқ огоҳлантириб: "Шумланиш ширкдир!" (Абу Довуд, Ибн Можа Термизий ривояти) деб уч маротаба такрор айтдилар. Мўмин мусулмон киши ўз Парвордигорига эътиқод қилган ҳолда имонини мустаҳкам сақлаши лозим. Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳга таваккал этиши зарур. Зеро, меҳрибон Роббимиз: "... Кимки Аллоҳга таваккал қилса бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир", (Талоқ сураси, 3-оят) деб марҳамат қилинган.

Сўзимиз охирида шуни таъкидлардикки, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофат ва ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли, яхши ишларни ва амалларни бошқа ойларга кўчирадиган, ўзгаларнинг ҳам фикрини чалғитиб, соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган оят ва ҳадислардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.

Аллоҳ Таоло барчаларимизни ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва ҳурофатлардан эҳтиёт бўлишимизни, ҳозирги Сафар ойини ғанимат билиб, ўзи рози бўладиган солиҳ ва яхши амалларда бардавом бўлишимизни насиб этсин!

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳар "Абу Ҳурайра"жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди