№49, 03.12.2015 ВИЖДОН ВА ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТЛАНАДИ
Аллоҳ таоло ўз иродаси ила инсон зотини яратиб, уни барча жонзотлар ичида азизу мукаррам айлади. Унга ҳамма нарсалар илмини ўргатди. Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло инсонни мақтаб: "Ҳақиқатан, биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик" деб марҳамат қилган (Тин сураси, 4-оят).
Аллоҳ инсон зотини ер юзини обод қилиб, ўз жинсидан бўлган бошқа қавм ва элатлар билан тинчлик-омонликда, ўзаро ҳамкорликда яшашга чақиради.
Халқимиз мустабид тузум даврида мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди. Эмин-эркинлик борасида таъқибу таъқиқлар исканжасида яшади. Аллоҳнинг лутфу карами билан азиз ва муқаддас Ватанимиз истиқлолга эришди. 1992 йил 8 декабрда она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида муҳим воқеа бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Маълумки, Бош Қомусимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамиша ҳимоя қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.
Айтиш жоизки, бугун диёримизда истиқомат қилаётган барча инсонлар Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан тўла-тўкис баҳраманд бўлмоқдалар, улардан эркин фойдаланмоқдалар. Айни кунда ўз олдимизга қандай ишни мақсад қилиб қўймайлик, у тадбиркорлик бўладими, таълим олиш бўладими, қўйингки, қандай масала бўлишидан қатъи назар, фуқароларга кенг имкониятлар яратиб берилган.
Чиндан ҳам Бош қонунимиз ана шу улуғвор мақсад ва интилишларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир. Жаннатмакон диёримиз мустақилликка эришганидан сўнг халқимизнинг асрий орзу-умидлари ушалди, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз тикланди, Ватанимиз кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Айниқса, аждодларимиз қолдирган бебаҳо, маънавий меросни ўрганиш, уларни оммалаштириш, улуғ аждодларимизнинг муборак номларини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар ҳар бир мўмин банданинг қалбидаги иш бўлмоқда, ўзликни англаш, фахр-ифтихор туйғулари бизга куч-қувват бермоқда.
Хусусан, юртимизда фуқароларнинг виждон, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Турли миллат вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз миллий қадрият ва анъаналарини давом эттиришлари учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар яратилган. Бирор бир миллатнинг шаъни, унинг миллий қадрияти камситилишига йўл қўйилмайди. Хусусан, Конституциямизнинг 31- моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди", деб белгилаб қўйилган. Бу нарса муққаддас ислом дини ақидаларига ҳам тўла мос тушади . Аллоҳ таоло Куръони каримда: "Динда зўрлаш йўқ, зеро, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли халқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир", деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 256 оят).
Минг шукрлар бўлсинки, мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари Бош қомусимизда белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик, виждон, эътиқод эркинлиги бўйича белгиланган ҳуқуқлардан эмин-эркин фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Барча миллатлар вакиллари сидқидилдан меҳнат қилиб, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугун дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва ирқий можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир вақтда мустақил юртимизда тинчлик ва осудалик ҳукм сурмоқда. Миллат ва элатларимиз ҳамжиҳатликда, бағрикенгликда умр кечиришмоқда. Озод ва мустақил юртимизда миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани Бош қомусимиз, қонунларимизнинг ҳаётийлиги, юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир.
Бош қомусимиз нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Зеро, қайси миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий.
Шукрлар бўлсинки, бугун сизу биз гўзал ва ҳур диёрда тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечириб келмоқдамиз. Аллоҳ таоло мана шу тинчлик-осо-йишталигимизни ҳамиша барқарор қилсин. Бизга тинчлик-хотиржамлик, эмин-эркинлик берган Қомусимизни ҳурмат қиладиган, унда белгиланган бурчларни адо этадиган, динимизга, юртимизга манфаат келтирадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳар "Абу Ҳурайра"жомеъ масжиди имоми.
|