Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№50, 10.12.2015

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ - ЭНГ КАТТА САВОБ

Инсониятни тўғри йўлга етакловчи ва уларнинг дунёда фаровон ҳаёт кечириб, охиратда эса нажот топишларини таъминловчи Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ояти карималарида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ризолигини топиш Аллоҳнинг амри эканлиги баён қилинади.

Ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг ихтиёрига берилган хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган амал эмас, балки, бу шарафли бурч ва вазифа, Яратганнинг хоҳишидир.

"Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди..." ("Исро" сураси, 23-оят). Аллоҳ таоло бандаларини ўзига ибодат қилишга буюриб, кейин эса ота-онага яхшилик қилишга буюришлиги Исломда ота-онанинг қадри ва мақоми қанчалик улуғ эканлигини англатади.

"...Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик..." (Анкабут сураси, 8-оят). Муфассирлар ушбу ояти кариманинг тафсирида қуйидаги сўзларни келтирадилар: Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишилардир. Шунинг учун ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиб, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандларнинг вазифаси ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят келтирилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Роббинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир", - дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Аллоҳ таоло розилигини умид қилган ҳар бир инсон ота-онаси ким, қандай инсон бўлишидан қатъи назар уларнинг розилигини топишлиги лозимдир.

Баҳз ибн Ҳаким (р.а.)дан, шундай ривоят келтирилади: "Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?" дедим.

"Онангга, сўнгра онангга, ва яна онангга, сўнгра отангга. Сўнгра яқинингга ва яқинларингга. Бир киши ўз яқинидан ундаги ортиқча нарсасини сўраса-ю, у ҳалиги нарса олдида бўла туриб бермаса, албатта, қиёмат куни ўша ўзи маън қилган ортиқча нарсаси заҳарли илон ҳолида унга чақирилади", дедилар".

Бир ота-онадан дунёга келиб, ота-онасининг ҳурматини ерга урган, бир-бирларига оқибатсиз бўлиб, бир-бирларидан арзимаган дунё матосини қизғанган ака-уканинг, қариндошларнинг ҳоли охиратда ана шундай бўлишлиги баён этилган.

Табароний (р.а.) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан шундай ривоят келтиради: "Жаннат ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини ота-онасига оқ бўлган, гуноҳкор ва қариндошларидан алоқани узган киши билмайди", дедилар.

Яна "Расулуллоҳ соллоллоху алайхи васаллам: "Ота-онага оқ бўлган кимсани Аллоҳ лаънатлайди", дедилар (Ҳоким ривояти).

Муқаддас калом, Ҳадиси шариф ва бошқа диний китобларимизда ота-онага оқ бўлиш борасида келтирилган ҳужжат ва далилларни таҳлил қилган уламоларимиз бу амал жумладан, қуйидагилар ила юзага келишлигини баён этганлар:

1. Ота-онага қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик "оқ бўлиш" деб аталади. Ўша вазифалардан бирортасини қилмаслик ўша соҳада ота-онага "оқ" бўлишдир.

2. Ота-она боласи ҳақида қасам ичса-ю, бола унга амал қилмаса.

3. Ота-она боласидан бирор нарса сўраса, бола имкони бўла туриб, бермаса.

4. Ота-онанинг омонатига ҳиёнат қилиш.

5. Боланинг ота-онаси унинг ҳақида Аллоҳ таолога шикоят қиладиган иш қилиши.

6. Ота-онага "оқ бўлиш" амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота-онага гап-сўз билан озор етказганлар уларга каломий оқ бўладилар. Ота-онага бирор қилмиши ила озор берганлар уларга амалий оқ бўладилар. Буларга ота-онани малол олиш, уларга дўқ қилиш, ғазаб кўрсатиш, тик қараш каби нарсалар киради.

7. Ота-онага оқ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, агар бегонага нисбатан қилинса, кичик гуноҳ бўладиган нарса ота-онага қилинса, катта гуноҳга айланади.

Юқорида келтирилган ножоиз ҳолатлар ва ҳатти-ҳаракатлардан барчамизни Аллоҳ таолонинг ўзи асрасин.

Аллоҳ таоло каломида "Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади" деб марҳамат қилди ("Анъом" сураси, 160-оят).

Азиз юртдошлар! Агар биз ота-оналаримизни эъзозлаб, бошимизга кўтарсак, Аллоҳ таоло бизни бошига кўтарадиган зурриёдлар билан мукофотлайди. Қилган эзгу амалларимиз бизга юз чандон ортиғи билан қайтмоғи муқаррар. Аллоҳ барчаларимизни ота-оналаримизнинг розилигини олиб, икки дунё саодатига мушарраф бўлишлигимизни насиб этсин.

Абдуҳалим ХАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги "Ат-Термизий" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди