№50, 10.12.2015 Турмуш чорраҳаларида
НОШУКРЛИКНИНГ ЖАЗОСИ
Осмонни қоплаган қоп-қора булут Самад отанинг зимистон қалбидай ўксинаётгандай эди... "Ўғли қачон бундай ўзгара қолди? Қачон фарзандлари, оиласи тақдирига бефарқ бўлиб қолди? Қачон ичкиликка бу қадар ружу қўйди? Ўзи ота бўлиб нега ўғлини тўғри йўлга сололмаяпти?"
Самад ота шуларни ўйларкан, дарвозанинг қаттиқ очилишидан бир сапчиб тушди. Аброр яна ичиб келган кўринади. Самад ота шаҳд билан ўрнидан турди. Остонада ширакайф ўғли кўринди.
- Ўғлим, бу юришингни йиғиштирмасанг бўлмайди. Ахир қизларинг ҳам катта бўлиб қолишди. Бунақа бемаъни юришларинг касри фарзандларингга тегмаса, деб қўрқаман...
- Фарзанд, қанақа фарзанд? Ота, ақалли биттаси ўғил бўлса ҳам майли эди...
Унинг гапи оғзида қолди:
- Шайтонга ҳай бер, бола! Ҳар хил гапни гапирма, хуш келмайди. Ундан кўра қизларингга умр, қолаверса, яна ўғил сўра!
- Эҳ ота, учта қиз-а, учта! Бу келинингизнинг ичи тўла қиз экан. Мен ўғил туғиб берадиганига уйландим! - Қаддини ғоз тутди Аброр.
Самад ота лол қолди. У шундай бўлишидан қўрқарди.
- Ахир, келин оғироёқ-ку! Эшитиб қолса, нима бўлади? Эсингни едингми, сен бола?!
- Эшитсин, у туғиб беролмаган ўғилни бошқаси туғиб беради!..
* * *
Аброр Наргиза билан севишиб турмуш қурганди. Олийгоҳда бирга таҳсил олдилар. Уларнинг муҳаббатлари кўпчиликнинг ҳавасига сабаб бўларди. Тўйдан сўнг иккиси ҳам мутахассисликлари бўйича ишлай бошладилар. Биринчи фарзандлари дунёга келганида улардан бахтиёр инсонлар йўқ эди. Туғруқ таътилидан сўнг Аброр Наргизанинг ишга қайтишини истамади. Иккинчи қизлари дунёга келганида ҳам Аброр ҳафа бўлганини билдирмади. Улар бахтли эдилар. Бахт кафтида ардоқланган муҳаббат тобора аланга оларди. Аброр хизмат пиллапояларидан кўтарилиб борар, бундан сархуш эди. Наргиза учинчи қизига ҳомиладор бўлганида, Аброр фақат ўғил кутди. УЗИ аппарати қиз эканини билдирганида ҳам ишонишни истамади. Бироқ учинчи қизи туғилган куни у тўйиб ичди. Ҳатто хотинини кўриш тугул туғруқхонадан олиб чиқишга ҳам бормади. Шу-шу ичкиликка берилди. Аброр энди қизларини суйиб эркаламас, улар "дадажон"лаб эркаланиб келишса, силтаб ташларди. Ҳаммадан ҳам Наргизага қийин бўлди. У эрига қараб сира аввалги Аброрни тополмасди. Гўё уни биров аллақачон алмаштириб қўйгандек эди. Бахтига қайнотаси жуда яхши одам. Ҳамиша келинига далда бўлади. Ҳали ҳаммаси изга тушиб кетишини айтиб, кўнглини кўтариб туради. Ҳозир ҳам эрининг келганини билиб ичкарига кирмоқчи эди ҳамки, уйдан келаётган овозларни эшитиб, остонада туриб қолди. Аброрнинг сўнгги гапларидан ҳушини йўқотаёзди. У эридан ҳар қанча жаҳлни кутса ҳам, бундай номаъқулчиликни кутмаганди. Беҳолланиб, эшик ёнига йиқилди. Дадасидан қўрқибгина ўз хоналаридан мўралаб турган қизлари шовқин солганча онасининг ёнига югуришди. Ташқаридаги йиғи-сиғи ота-болани сергаклантирди…
* * *
Наргизанинг аҳволи оғирлашди. Шифокорларнинг олдида онани сақлаб қолиш учун болани муддатидан илгари туғилиши муаммоси турарди. Аммо шунда ҳам қаттиқ сиқилиш ва асаб таранглиги натижасида туғилажак болани сақлаб қолиш муаммо эди…
Ҳомиланинг ўғил эканини эшитган Аброр севинчдан қичқириб юборди. Бироқ шифокорнинг уни тинчлантириб, ҳали қувонишга эрта эканини айтганида, кўз олди қоронғулашди. Бор гапдан хабар топган Самад ота эса ўғлини койий деса, дарди етиб турибди…
Шифокорлар қўлларидан келган барча ёрдамини аямадилар. Ўғил туғилди. Бироқ жуда нимжон, бунинг устига юрак пороги билан туғилган гўдак махсус хонада шифокорларнинг доимий назоратида эди. Наргиза она бўлиб ҳали боласини қўлига олиб, кўкрак тутолмаётганидан бир ўкиниб, чақалоғининг умри аросатда қолаётганидан юм-юм ёш тўкарди. Аброр эса буларнинг бари ўзининг билмай қилган гуноҳлари меваси эканидан қалби йиғларди. Ўшандан буён Наргиза ҳам у билан кўришишни истамаётгани, уйига борса ҳатто қизлари ҳам уни кўришлари билан боболарининг пинжига суқилишлари юрагининг туб-тубларигача оғриқ берарди. Аброр ўз хатоларию, ношукрлигининг жазосини олаётганини ич-ичидан ҳис қиларди…
Ферузабону МАТКАРИМОВА.
|