№50, 10.12.2015 Ҳикоя
ТАҚДИР ЙЎЛЛАРИДА
- Гулнора, дам олиш куни уйингизга совчи жўнатмоқчиман, нима дейсиз?
- Самад ака, ота-онангиз рози бўлишармикин? Ахир мен болалар уйида катта бўлган бўлсам?!
- Яна ўша гапми, қўйсангизчи, Гулнора. Ахир нима қилибди. Бу билан осмон узилиб ерга тушибдими? Ота-онам менинг раъйимга қарши чиқмайдилар. Сиз рози бўлсангиз бўлди. Бу ёғини менга қўйиб беринг...
- Майли, Самад ака, розиман...
Самад ўзига тўқ оиланинг фарзанди бўлишига қарамай, қурилишда ишлар, Гулнора эса болалар боғчасида тарбиячилик қиларди. Улар шундай танишиб қолдилар: Самад жиянини боғчадан олиб кетиш учун у ерга борганди. Гулнорани учратди. Шу-шу у ерга кўп бор қатнади. Дилидаги гапларини қизга тўкиб солди. Гулноранинг ҳам йигитда кўнгли бор эди. Унинг муҳаббатини рад этмади. Шундан кейин икки дил ришталари янада мустаҳкамланиб борди.
Самаднинг ота-онаси уни уйлантириш тараддудида эдилар. Самад аҳдида қаттиқ туриб олди: фақат Гулнорага уйланишини айтди. Бироқ отаси:
- Етимхонада катта бўлган қизни келин қилмайман, мен айтган қизга уйланасан, - деб туриб олди.
Онаси катта келинини ишга солди. Фарида кечга яқин боласини боғчадан олиб қайтаётганда Гулнора билан учрашди.
- Қайнотам ва қайнонам Самаджонни бошқа қизга уйлантиришмоқчи. Шунинг учун у билан бошқа учрашманг. Буни ойим сизга айтиб қўйишимни тайинлаганди.
Гулнора унга лом-мим демади.
Шундан сўнг боғча мудираси Назира опа Гулнорани хонасига чақирди.
- Гулнора, синглим, хафа бўлмасанг бир гап айтаман.
- Қанақа гап?
- Кеча олдимга Самаднинг онаси келганди. Сиз иккингизнинг муносабатингизга қарши экан. "Гулнора ўғлимни тинч қўйсин. Уни бошқа қизга уйлантирмоқчимиз", деб айтди.
- Назира опа, нима қилишга ҳам ҳайронман.
- Самад билан бошқа учрашма, сендан илтимос, бўлмасам, онаси келиб жанжал қилишдан ҳам тоймайди.
Гулнора жим бўлиб қолди. Сўнг хонадан чиқиб кетди...
...Мирзачўлга ёшлар билан бирга кетган Самад уч йил деганда уйига энди қайтаётган эди. Қишлоқ марказида анча вақт машина кутиб қолди. Йўлда пиёда якка ўзи кетаётганди ёнига бир машина келиб тўхтади.
- Шаҳарга кетаяпсизми, ўтиринг, ташлаб ўтаман - шофёр унга юзланди.
Самад кабинага ўтирди. Салом-аликдан сўнг ҳайдовчи хурсандлигини яширолмай, қулфи-дили очилиб, сўзлай кетди.
- Бугун мен учун қувончли кун - ўғил кўрдим.
- Э-э, табриклайман, оғайни.
Улар шу тариқа яқин қадрдонлардай дилдан суҳбатлашиб қолишди.
Ҳайдовчи соатига қаради:
- Ўҳҳў бирдан ошибди-ку. Ярим тунда уйингиздагиларни ҳам безовта қилиб ўтирмай, бизникига юра қолинг. Уйда бир ўзимман. Эрталаб ўзим уйингизга ташлаб ўтаман.
- Майли, ака, бўлаверади, - Самад йўқ деёлмади.
Баҳодир машинасини кўк темир дарвоза олдида тўхтатди. Улар машинадан тушиб уйга кирдилар. Мезбон чой дамлаб, дастурхон ёзди, борини тўкиб-солди.
- Тортинмай олаверинг, ука. Ўз уйингиздагидек ўтиринг, - деди чой қуйиб узатаркан.
Самад пиёлани оларкан, деворга суяниб турган жавон тортмасида қисилиб қолган альбомга кўзи тушди. Буни пайқаган Баҳодир альбомни олиб Самадга узатди.
- Зерикмай, мана буни кўриб ўтиринг, мен ҳозир - дея ташқарига чиқиб кетди.
Баҳодирнинг ошна-оғайнилари билан бирга тушган суратларини бир-бир томоша қилар экан, ногоҳ келин-куёвнинг расмига кўзи тушиб, юраги тўхтаб қолгандек бўлди. Оппоқ либосда биринчи муҳаббатини кўриб, ҳайрон қолди. Боши ғувиллаб, қаерда ўтирганини ҳам унутди. Шу пайт Баҳодирнинг овозидан чўчиб тушди. Шошилиб ўрнидан туриб, альбомни шарт ёпиб, жавон устига қўйиб қўйди.
- Қалай, зерикмай ўтирибсизми?
- Йўқ, яхши ўтирибман - Самаднинг овози титраб чиқди, буни ёлғиз ўзи сезди холос.
- Ўғил бўлса аёлим, қиз бўлса, мен исмини қўядиган бўлгандик. Энди ўғлимнинг исмини Самаджон қўямиз, Гулнора шуни истаганди, - Баҳодир қувончдан ухлашни ҳатто хаёлига ҳам келтирмасди.
- Ҳа, айтгандай, ўзингизнинг исмингиз нима оғайни? Ўзим билан ўзим бўлиб исмингизни сўраш ҳам хаёлимга келмабди.
Самаднинг устидан совуқ сув қуйиб юборгандек тарашадек қотиб турарди. У нима дейишни ҳам билмай қолганди. Ёлғон гапиришга мажбур бўлди.
- Исмим Рустам.
Баҳодир унинг ҳолатига деярли эътибор ҳам бермади. Диванга иккисига жой ҳозирлади. Чироқни ўчириб, ётдилар.
Самад тонгача ухламай чиқди. "Ўшанда нега бўшашиб бахтимни бой бердим? Ҳар қандай тўсиққа бардош бериб енгиб ўтишим керак эди. Ҳозир бунчалик азоб чекмасмидим?!" Узоқ хаёлларга берилган Самадни Баҳодир чойга таклиф қилди. Нонушта ҳам қилмай тезроқ бу ердан кетишни истарди. Баҳодирнинг хай-хайлашига қарамай у ерни тарк этди. Ўз уйига бориш фикридан ҳам қайтди. Қаерга борса ҳам Гулноранинг маъюс нигоҳлари кўз олдидан кетмади. У одамлар автобус кутиб турган бекат сари одимлади.
Салима РУСТАМОВА.
|