№51, 17.12.2015 Шеърият гулшани
ИСТИҚЛОЛ НАШИДАСИ
Осмонўпар бинолар кўркига кўрклар қўшар,
Бугун сенга неча юрт ҳавас ила қарашар,
Боғларингда булбуллар ҳуррамликда сайрашар,
Шундай тинч замонларга тўю байрам ярашар.
Авлодларинг баркамол, куч-қудратга тўлгайдир,
Карвонбошинг ҳам доно бирдамликка чорлайдир,
Табиатинг бетакрор дилга титроқ солгайдир,
Шундай тинч замонларга тўю байрам ярашар.
Ҳар соҳада янгилик, марду майдон бизники,
Порлоқ келажагимиз соғлом ўғил-қизники,
Шу юрт, шу обод гўша бизларники, сизники,
Шундай тинч замонларга тўю байрам ярашар.
Махфиратхон ОДИЛОВА,
Андижон транспорт хизмат кўрсатиш
касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.
ОНАЖОНИМ
Қўлингиз дуода бахтим сўрайсиз,
Юрган йўлларимни гулга ўрайсиз,
Дардимга елкадош, бошим силайсиз,
Онажон, бахтимга доим соғ бўлинг.
Фақат ўзингизсиз менинг сирдошим,
Доим кулиб юринг, сўнмас қуёшим,
Йиғлаган пайтимда артиб кўз ёшим,
Онажон, бахтимга доим соғ бўлинг.
Дилга малҳам бўлар ширин сўзингиз,
Мен кулсам, бахтиёр боқар кўзингиз,
Қувончингиз кўрсам дейди қизингиз,
Онажон, бахтимга доим соғ бўлинг.
Нозима ЎЛМАСОВА,
Хўжаобод тумани.
МУҲАББАТ
Кеча... Армонлар ўрнини орзулар олди,
Юракка ажиб ҳис, бир ўтни солди,
Болалик жудаям олисда қолди,
Муҳаббат қалбимга кириб келган кун.
Тун ороми кетди нигоҳдан буткул,
Изҳорлар кўнгилга беркинар беун,
Олам ҳам ранго-ранг кўринар бугун,
Муҳаббат қалбимга кириб келган кун.
Ҳар ёнда ўзгача ҳусн, тароват,
Дилдан аразлади бетин халоват,
Энг ширин тйғуни қилди саҳоват,
Муҳаббат қалбимга кириб келган кун.
Эргашой ЖЎРАЕВА,
Марҳамат тумани.
БЕКАТДА
Бекатда турибман хаёл тўзони,
Кўнгил кўчасидан мўралар гўё.
Юракни забт этар барглар хазони,
Шамоллар буйруғин айлайди бажо.
Булутлар осмонда юришар сузиб,
Ёмғирлар ялласи томон элтади.
Шеърият қўлимдан тутиб айни дам,
"Бекат" илҳомини ижро этади.
Шеърнинг оламидан иштиёқ келиб,
Қўлларимга қалам тутмоқчи бўлар.
Орзулар эшигин очиб оҳиста,
Шодлик ва қувончлар қалбимга тўлар.
Сарвиноз СУЛТОНОВА,
Хўжаобод педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқувчиси.
КЕЛАРСАН...
Бир куни келарсан сен мени йўқлаб,
Сенга соғинчимни элтади тушлар.
Тунги тиловатлар ўзини оқлаб,
Айрилиқ қолади деворни ушлаб.
Бахтдан ўзига сиғмасдан хушҳол,
Ўзини пойингга отади йўлак.
Мудраган эшик ҳам уйғониб дарҳол,
Сенинг қўлларингдан тутади халак.
Мен эса севгимдан тузаб дастурхон,
Яшамай тураман, кутиб тураман.
Умрдек катта ва кичик хонада,
Жонимни томчилаб ичиб қўяман.
Умрим хонасига тушаяпти тун,
Бир куни келарсан, сен мени йўқлаб.
Уйғотиб қўйгин яшамоқ учун,
Мангуга бош қўйиб қолсам гар ухлаб.
Раҳима ЭРМАТОВА.
ЎЙЛАМА
Сен, мени ўйлама, бағритош дея,
Тил таъриф этолмас туйғуларим бор.
Ўйлама, келмаган кўзга ёш дея,
Дунё кўтаролмас қайғуларим бор.
Ўйлама, мени ҳеч севмаган дея,
Оламга сиғмаган муҳаббатим бор.
Куйинма, бир бора эсламайди деб,
Сенинг кўзларингда саодатим бор.
Бевафога кўнгил қўйдим демагин,
Сен учун вафонинг кўп совғаси бор.
Ишқнинг йўлларида адашганман деб,
Кўзларингга дунё кўринмасин тор.
Куйинма, мени кўп соғинганингга,
Сен учун севгимнинг мукофоти бор.
Муҳаббат атаган иккимиз учун,
Тангримнинг энг катта инояти бор.
Наргиза МУҲАММАДСОДИҚОВА,
Марҳамат тумани.
ҲАЁТ БУ...
Ҳаёт - тошқин дарё, сокин оқмайди,
Йўлида довулу тўфонлари бор.
Омад ҳаммага ҳам кулиб боқмайди,
Мушкули дилларга беради озор.
Лек ажиб қўшиқки, сеҳрли оҳанг,
Тортиб бораверар ўз гирдобига.
Боғлаб олар экан ҳолинг қилиб танг,
Маҳлиё эттириб ўз офтобига.
Асли ҳаёт бизга берилган неъмат,
Унга тиғли сўзлар сочиб бўлмайди.
Ўз бахтини ўзи яратар одам,
Ёзилган тақдирдан қочиб бўлмайди.
Мадинабону АСЛИДДИНОВА,Балиқчи тумани.
СЕВГИ
Беитоат ўйлар сархадсиз,
Ёш кўнглимда орзуларим мўл.
Салом сенга қандайсан кўчам,
Қадрлигим, туғишганим йўл.
Яна келдим исингни излаб,
Яна дилда беҳисоб соғинч.
Булоқларинг жавдираб сўзлар,
Жужуққинам мана қониб ич.
Онам ёпган нонлар ассалом,
Омонмисиз, азиз падарим.
Бардаммисиз, қайин оғалар,
Фаслларнинг заҳмати сари.
Сен-чи дўстим, қора кўзлигим,
Оловмикин ҳамон юрагинг.
Кул босганда кўзларинг чўғин,
Бўлмадими менинг керагим.
Ҳа, ҳалиям ёниқ, навқирон,
Ишқи билан сой бошида жим.
Мен ёқтирган настаринларни,
Кўтарганча кутар аллаким...
Эъзоза ОБИДЖОНОВА.
***
Эшитилар дийдор садоси,
Титрамоқда нозик қўлларим.
Сен мажнунтол тагида туриб,
Кузатасан олис йўлларни.
Киприкларим уялиб кетар,
Ахир ожиз қаршингда забон.
Мўралайман бироз наридан,
Нигоҳингга бўлолмай мезбон.
Кўзларингда ўйноқлар савол,
Қўлларингда йиғлар атиргул.
Дийдор, дийдор, бечора дийдор,
Бечора ёр, сабр-ла кутгил.
Мен бораман атлас кўйлакда,
Узун сочим олар хаёлинг.
Мен бораман юзинг кўрмакка
Кўзларимда асраб ҳаёни.
Моҳидил АБДУЛЛАЕВА,
Булоқбоши тумани.
КУЗНИНГ ВИДОСИ
Гулсиз қолган боғлар сингари,
Ҳар юракда умид сарғаяр.
Видолашиб тўкилган япроқ,
Дарахтлардан гўё ўч олар.
О, қандайин қаттиқ азият,
Шамол қулоғимга шивирлар.
Қахратон қиш келар сездирмай,
Юпун қолар қир ва адирлар.
Соғинмоқлик ортиқча эмас,
Тентирайман япроқдай сарсон.
Минг хил турга бўлиб дардимни,
Кўзларимдан тўкилди хазон.
Гулбаҳор ЙЎЛДОШЕВА,Андижон тумани.
ЎЛАНЛАРДА ҚОЛИБ КЕТДИ ЎЙЛАРИМ
Ўланларда қолиб кетди ўйларим,
Дард қўшилган менинг мунгли куйларим,
Қайда қолди ўшал бахтли кунларим,
Бедор ўтар энди қаро тунларим.
Ишқ дегани мисоли гулхан экан,
Ёндираркан, куйдириб кул қиларкан,
Буни фақат ошиқ кўнгил биларкан,
Юракларга армон, ҳижрон тўларкан.
Хаста кўнгил талпинади ҳар замон,
Кутдим ёрни йўлларида нигорон.
Соғинчларда тунлар ўтар беором,
Қайда бўлсанг, мен учун бўлгин омон.
Зилола НОСИРОВА,Шаҳрихон тумани.
УЙҚУ
Уйқу келмас негадир тунда,
Дайди шамол кетади дайдиб.
Бугун унинг қовоғи тундда.
Она, беринг аллангиз айтиб.
Тўзим билмас тўзғиган шамол,
Билмам қайга кетди учириб.
Тунда шамни ўчирган мисол,
Ёки уни кетди ўчириб.
Юлдузларга боқаман тийрон,
Билмам улар нени истайди.
Само кезиб ой бўлар сарсон,
У ҳам мендек уйқу излайди.
Ҳидоятхон ЗУҲРИДДИНОВА,
Олтинкўл туманидаги 35- умумтаълим мактаби ўқувчиси.
ОТА-ОНАМ
ДУОСИ
Мени ҳар ишда қўллар,
Юзларим нурли қилар.
Мени бахтга етаклар,
Ота-онам дуоси.
Кўнглимни равшан қилар,
Йўлларимни ёритар.
Мени қувончга элтар,
Ота-онам дуоси.
Муслима БУРХОНОВА,
Андижон туманидаги 43- умумтаълим мактаби ўқувчиси.
|