Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№52, 24.12.2015

УСТОЗ ИЖОДКОРНИНГ ЯНГИ КИТОБИ

Асакалик фахрий муаллим, ўз асарлари билан кўплаб китобхонларнинг ҳурмат-эътиборини қозона олган ижодкор Олимжон Раҳимовнинг "Қайроғочариқ қишлоғи", "Пок туйғулар", "Дилимдаги мисралар", "Ҳаёт - ибрат мактаби" сингари қатор насрий ва назмий тўпламлари чоп этилиб, китобхонларга етиб борган. Устоз ижодкорнинг гўзал шеър ва ғазаллари, катта тарбиявий аҳамиятга эга ҳикояларидан ўқувчилар ҳамиша маънавий озуқа оладилар. Яқинда унинг "Ҳаётимдан хотиралар" номли янги китоби нашрдан чиқди. Ушбу китобдан муаллифнинг ҳаёт йўллар, одамийлик, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ҳақидаги битиклари, ибратли ҳикоялари ўрин олган.

Азиз китобхон! Ушбу китобни албатта, ўқиб чиқинг. Чунки, уни ўқисангиз, ҳаёт ҳақида қарашларингиз янада бойийди, китоб одамийликдан сизга сабоқ беради. Содда тил, равон ўқиладиган тарзда яратилган ана шу битиклар, шубҳасиз, сизга манзур бўлади, қалбингизга эзгулик улашади.

Қуйида тўпламга киритилган айрим ижод намуналарини эътиборингизга ҳавола этамиз.

ҲИКОЯ

ЭГАСИ НОМАЪЛУМ МАКТУБ

Июль ойининг ўрталари эди. Қўқон шаҳрига қилган саёҳатимиздан қайтяпмиз. Ёзёвон шаҳарчасига озгина қолганда, машинамиз ҳам, ўзимиз ҳам қизиб кетдик. Қуёшнинг қиздиришини ҳисоб-китоб қилмай йўлга чиққан эканмиз. Йўлнинг бўйида катта тол бор экан, шафёримиз шу тол соясига машинани тўхтатди. У кулиб:

- Шу ерда озгина дам оламиз. Мотор қизиб кетди, ўзларинг ҳам нафасларингни бироз ростлайсизлар! - деди. "Нексия" нинг тўрттала эшигини очиб қўйди. Шериклардан бири ариқдаги тиниқ сувда юз-қўлини ювди, бири атрофни томоша қилди. Мен ёнимга қарасам, эски бўлмаган кичкина тўшак турибди. Шунга ўтириб, икки оёғимни узатдим, тиззамни уқаладим. Томирларимнинг тортишиб турадиган одати бор эди. Тўшакнинг чеккасида муқоваси ўчган бир дафтар турибди. Уни аста очдим. Шундай чиройли ёзувда эканки, ҳарфлар гўё дафтар катакларида ипга терилган маржон доналарига ўхшайди. Нима қилай? Бировнинг хати бўлса керак деб, эҳтиёт қилдим-да, шерикларимнинг олдида ўқимай, уйга олиб келдим. Бемалол вақт топиб ўқидим. Мана у:

".... Ассалому алайкум, тинчмисиз? Оила аъзоларингиз яхшими? Уларга мендан салом... Ушбу хатни ўтган куни телевидение орқали сизни олтмиш ёшга тўлган кунингизда кўриб ўзимни мажбур қилиб ёздим. Кўрсатув қанча давом этган бўлса, қувониб ичимга сиғмай ўтирдим. Бахтни қарангки, ўғлим ўртоғининг тўйига кетган, келиним боласини ухлатаётган эди. Сухандон қиз кўрсатувга якун ясагандан кейин менга тинимсиз йиғи келди. Гўё юрагимдан отилиб чиқар эди. Нега йиғладинг, нега севиндинг дерсиз? Севинганимнинг сабаби: сўзларингиз, қадди-қоматингиз, бутунлай ижобий томонга ўзгарибди. Қирқ йил олдин мен таниган, мен билан яшаган йигит эмас, салобатли, салоҳиятли инсон бўлибсиз... ҳасад билан эмас, ҳавас билан қарадим.

Илоё, Яратган Эгам ўз паноҳида асрасин, кўз тегмасин. Йиғлаганимнинг боиси эса… Мен хом сут эмган бандаман. Сиз билан уч йил рўзғор қилиб битта фарзанд кўрдим. Бошингизга қанчадан-қанча ташвишлар солдим, нодонлик қилдим. Ҳаётда айрим эркаклар битта- иккита боласи билан хотинини ташлаб кетади, ўзга бир аёлга уйланади. Хотинини рашк ўтида ёндиради, руҳан азоблайди. Мен, эса айтишга ҳам уяламан, аёл бўлиб туриб сизни ташлаб кетдим. Сизни рашк ўтида куйдирдим, руҳан азобладим, шаънингизга доғ туширдим. Хом сут эмган бўмасам, баъзи одамларнинг гапига кириб, "Мен ўз ихтиёрим билан кетяпман", "Даъвоим йўқ", "Уйланса, розиман" деб тилхатлар ёзиб берармидим? Яраштириш учун ҳаракат қилган маҳалла оқсоқолларининг насиҳатларини олмадим. Сиз бир неча бор ялиндингиз, кўнмадим. Шунда ҳам бирор марта "Сен" демадингиз. Мен катта хато қилибман ўшанда. Ахир сиз мени севар эдингиз. Муҳаббатингизни увол қилдим. Кўзларимга қараб тўймас эдингиз. Қандай овқат қилсам, "лаззатли" дер эдингиз. "Шундай экан нега ташлаб кетдинг?" дерсиз. Янги келин бўлиб келганимда, Сизнинг шароитингизни кўриб, Сизга хотин бўлганимга ачиндим. Ахир бу иккимизнинг ўқишни битирган йилимиз эди-ку?! "Сабр бахт келтиради" деган ҳикматни билмаслигим бўлган. Иккимиз бир бўлсак, оиламиз мустаҳкамланиши хаёлимга келмабди. Мен шаҳарда отамнинг чиройли уйларида ўсганлигим сабабли чордевор уйингиздан ҳазар қилибман. Уйни қайта қурса, бўлар экан-ку...

Кеча телевизорда янги қурилган уйларингизни, дарвозахонадаги оқ "Нексия"ни, фарзандларингизнинг гуллар орасида юрганини, ишкомдаги узумларни кўриб, очиғи, юрагим эзилди. Бугунги қишлоқ шаҳарга тенглашиб қолибди. Турмуш ўртоғингиз табиий газда овқат тайёрлаяпти, ёнида водопровод суви. Буларни кўриб ҳавасим келди. Қани, энди иложи бўлса, уйингизда бир кун меҳмон бўлсам. Иложи йўқ-да... Мен хом сут эмган нодон банда эканман... Рашк қиляпти деманг, асло. Сизга ҳавас қиляпман.....

Ажралишимга яна бир сабаб: дадам раҳматлининг тажанглиги, қайсарлиги бўлди. Мен тилаб олган ёлғиз қизи бўлганлигим учун сиздан келган совчиларнинг:

- Ота-онаси меҳрибон, меҳнаткаш, мўмин одамлар. Шу битта фарзанди бор холос, - деган гапларни эшитиб розилик берган. Мен ҳам "шу йигитдан, бошқа йигитга турмушга чиқмайман" деб туриб олганман. Дадам Сизни кўриб хурсанд бўлган, аммо уйингизни кўрмаган.

"Ота кўрди" маросимида дадам бутунлай ўзгарди - тўнини тескари кийиб олди. Отангиз билан онангизни, уй шароитингизни кўриб: "Бу одамлар менинг тенгим эмас экан, аҳволларини қара. Бирга борган қариндошлар олдида ерга кирдим", деди онамга. Онам раҳматли:

- Дадаси, қаноат қилинг. Қизимизнинг ҳомиласи бор. Ҳали булар ёш, қўллари тошнинг орасида эмас, яхши бўлиб кетади, - деб ялинди. Отам кўнмади, баттар жаҳл отига минди:

- Биттамас, ўнта бўлсаям бўлмайди. Тул хотиннинг уйи ҳам буларникидан яхши. Отасини, онасини қара. Эртага бирор маросим қилсам, шуларни уйимнинг тўрига ўтқазаманми?

- Куёвимиз яхши йигит экан, дадаси, қўйинг. Аҳдингиздан қайтинг, - деб ялинди онам бечора.

- Куёв ким бўлибди? Битта касалхонага дўхтир бўлади-да. Дўхтир ойлиги билан юз йилда ҳам меникидақа уй қуролмайди, машина эмас, мотоцикл ҳам ололмайди. Тамом, қизим ёш, эр қуриб кетгани йўқ. Кўриб, билиб, тенгини топиб бераман, - деб туриб олди. Нима қилай?

Мен нодон фаросатли онамнинг гапига кирмай, отамнинг гапига кирибман. "Болам бор" деб қаттиқ туриб олсам бўлар эди-ку, ўшанда.

Сизнинг бир хислатингизни ёқтираман: оғир, босиқ, камгапсиз. Сизни қанча вақт овора қилдим - "лом" демадингиз, фарзандингизни кўрсатмадим - индамадингиз, ялиндингиз, ёлвордингиз - хафа бўлмадингиз. Сиздан бошқа эркак бўлса, мен билан уришган бўлар эди. Дадам ўтганда, онам ўтганда, фотиҳага келибсиз. Менга кейин айтишди. Кек сақламабсиз, раҳмат. Ҳа, бир гапингиз эсдан чиқибди. Дадам нарсаларимни олиб келиш учун борганида, уйнинг эшигини катта очиб:

- Хоҳлаган нарсангизни олинг. Қизингиз менинг уйимда қул, асира эмас. Яшаса, бирга яшайман, яшамаса, ўзи билади. Рози бўлсангиз, мен ҳам меҳнат қилиб, ўз бахтимни топаман, қизингизни ҳам бахтли қиламан. Ақли-ҳушим жойида, соғломман, - дебсиз. Бу Сизнинг сахийлигингиз, ақллилигингиз эмасми?

Ҳақиқатда, дадам ҳам, мен ҳам ўшанда адашган эканмиз. Телевизорни кўриб ўтириб йиғлаганимнинг сабаби шу.

Беш йил ўтирдим. Ўғлим олти ёшга тўлди. Шаҳар чеккасидаги касалхонада дўхтир бўлиб ишладим. Олтинчи йили дадам бой - бадавлат одамга узатди. Икки фарзандли, хотини ўлган эркак экан. Етти йил кўзимга ҳеч нарса кўринмай, ўлганимнинг кунидан яшадим. Бир ўғил, бир қиз кўрган эдик. Ўғлим турмади. Эрим авария бўлиб ҳалок бўлди. Бир йилдан сўнг ўғиллари уйдан ҳайдаб юборишди. Бу орада ота-онамдан ҳам жудо бўлдим. Ўғлингизни уйладим. Ҳозир заводда ишлайди. Бир нафар фарзанди бор. Келиним боғчада тарбиячи. Мен нафақада, қизим институтда ўқийди. Шунақа ҳаёт кечириб ўтирибман, отамнинг уйида. Мени кечиринг.

Мактубга Сизнинг ҳам, ўзимнинг ҳам исмимни ёзмадим. Сизга юбормайман. Бирор газета ёки журналга бераман. Токи баъзи ёшлар менга ўхшаб адашмасин, баъзи оталар менинг дадамга ўхшаб бой-бадавлат куёв изламасин. Ўз қизининг бахтини "бойлик" деб бўғмасин. Бахт - қаноатда экан" дея мактуб якунланган эди.

Мактуб эгаси газетага топширишни ният қилгани учун бу хатни таҳририятга олиб келиб бердим.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди