№1, 01.01.2016 Байрам қутлови
ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
Мухтарама опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар, азиз ҳамюртлар! Сизларни кириб келаётган янги - 2016 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Янги йил барчангизга қувонч, бахт-саодат, улкан ютуқлар олиб келсин. Юртимиз ва халқимиз учун янада баракали, барқарор тинчлик ва юксалиш йили бўлсин.
Ҳаммамизга яхши маълумки, юртимизда халқ хўжалигининг барча жабҳаларида, айниқса, хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ишонч билан айта оламанки, ана шундай хайрли ишлар кўлами, ютуқларимиз салмоғи муҳтарам Юртбошимиз томонидан "Соғлом она ва бола йили" деб номланган янги йилда янада ортади.
Янги - 2016 йил ҳар бир хонадонга шодлик, файзу барака келтирадиган, одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайдиган, бир сўз билан айтганда, халқимиз, хотин-қизларимиз учун хайрли йиллардан бири бўлсин.
Азиз опа-сингиллар! Бугунги шодиёна кунда барчангизга, энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, оилангизга тинчлик-тотувлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб бораётган ишларингизда омадлар тилайман.
Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!
Манзурахон ЮНУСОВА,
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.
|